Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

22- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Муқаддас Китобни тадқиқ қилаётганларга сувга чўмишга ёрдам беринг

Муқаддас Китобни тадқиқ қилаётганларга сувга чўмишга ёрдам беринг

Ҳар бирингиз... сувга чўминг. ҲАВОР. 2:38

72- ҚЎШИҚ Шоҳлик ҳақда ваъз қиламиз

БУ МАҚОЛАДА *

1. Биринчи асрда халойиққа нима қилиш кераклиги айтилди?

ЭРКАГУ аёллардан ташкил топган катта халойиқ Қуддусга келган эди. Улар ҳар хил юртлардан бўлиб, турли тилларда гапирарди. Ўша куни ўзгача бир воқеа юз берди. Кутилмаганда бир гуруҳ оддий яҳудийлар ўша одамларнинг она тилида гапира бошлади. Бу халойиқни ҳайратда қолдирди. Бироқ яҳудийлар уларга нима дегани ва, айниқса, ҳаворий Бутрус ҳаммага айтган сўзлар аҳамиятлироқ эди. Ўшанда халойиқ Исо Масиҳга ишониш орқали қутқариб қолиниши мумкинлигини билиб олди. Бу хабар уларга қаттиқ таъсир қилди ва шундай деб сўрашди: «Биз нима қилишимиз керак?» Уларга жавобан Бутрус: «Ҳар бирингиз... сувга чўминглар»,— деди. (Ҳавор. 2:37, 38)

Биродар ва унинг рафиқаси «Ҳаётдан тоабад завқланинг!» китоби ёрдамида бир йигит билан тадқиқ ўтказяпти (2- хатбошига қаранг.)

2. Мазкур мақолада нималарни кўриб чиқамиз? (Муқовадаги расмга қаранг.)

2 Ўша куни яна бир ажойиб воқеа юз берди. Тахминан 3 000 та одам сувга чўмиб, Масиҳнинг шогирди бўлди. Бу Исо издошларига топширган улкан ишнинг бошланиши бўлиб, бугунги кунгача давом этиб келмоқда. Ҳозирда киши билан атиги бир неча соат гаплашганимиздан кейин у сувга чўмишга тайёр бўлмайди. У бу мақсадга эришиши учун ойлар, бир йил ё ҳатто бундан ҳам кўпроқ вақт талаб қилиниши мумкин. Бирон киши билан Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказаётган бўлсангиз, шогирд тайёрлаш учун анча тер тўкиш кераклигини яхши биласиз. Мазкур мақолада тадқиқ ўтаётган кишига сувга чўмишга ёрдам бериш учун нималар қилишингиз мумкинлигини кўриб чиқамиз.

ТАДҚИҚ ЎТАЁТГАН КИШИ БИЛИБ ОЛАЁТГАНЛАРИНИ АМАЛДА ҚЎЛЛАШИГА КЎМАКЛАШИНГ

3. Матто 28:19, 20 га биноан, тадқиқ ўтувчи сувга чўмиш учун нима қилиши керак?

3 Сувга чўмишдан аввал тадқиқ ўтувчи Муқаддас Китобдаги ҳақиқатларни ҳаётида қўллаши керак. (Матто 28:19, 20 ни ўқинг.) Тадқиқ ўтувчи билиб олаётганларига амал қилганда, у Исонинг масалидаги ерни чуқурроқ ковлаб, уйини мустаҳкам қоятош устида қурган «ақлли кишига» ўхшаб йўл тута бошлайди. (Мат. 7:24, 25; Луқо 6:47, 48) Каломни ўрганаётган кишига билиб олаётганларига амал қилишга қай йўсин ёрдам беришимиз мумкин? Келинг, учта тавсияга назар солайлик.

4. Қай йўсин тадқиқ ўтувчига сувга чўмишга ёрдам бера оламиз? (« Тадқиқ ўтувчига мақсадлар қўйиб, уларга эришишга ёрдамлашинг» номли рамкага ҳам қаранг.)

4 Тадқиқ ўтувчига мақсадлар қўйишга ёрдам беринг. Нега бундай қилишингиз керак? Қуйидаги мисолга диққат қаратинг: узоқ сафарга отланаётган бўлсангиз, эҳтимол, йўл-йўлакай айрим чиройли жойларда тўхташга қарор қиларсиз. Шунда, масофа унчалик узоқ кўринмайди. Шу сингари, Муқаддас Китобни тадқиқ қилаётган киши қисқа вақтда эришиладиган мақсадлар қўйиб, уларга етишса, сувга чўмиш мақсадига ҳам эришиши мумкинлигини тушуна олади. Тадқиқ ўтаётган кишига маънан ўсишга ёрдам бериш учун «Ҳаётдан тоабад завқланинг!» китобидаги «Мақсад» қисмидан фойдаланинг. Ҳар бир дарснинг охирида қўйиладиган мақсад у ўша дарсда ўрганганлари билан қай йўсин боғлиқ эканини муҳокама қилинг. Борди-ю, у учун қўшимча мақсад кўзлаётган бўлсангиз, уни «Бундан ташқари» қисмига ёзиб қўйинг. Тадқиқ ўтувчи билан бирга қисқа ва узоқ вақтда эришиладиган мақсадларни тадқиқнинг бир қисми сифатида мунтазам равишда муҳокама қилинг.

5. Марк 10:17–22 га биноан, Исо бой кишига нима қилиши кераклигини айтган ва нега?

5 Тадқиқ ўтувчига ҳаётига ўзгаришлар киритишга кўмаклашинг. (Марк 10:17–22 ни ўқинг.) Исо бой киши учун бор-йўғини сотиб юбориш қийин бўлишини билган. (Марк 10:23) Лекин Исо ўша киши ҳаётига катта ўзгариш киритиши кераклигини айтган. Нима учун? Сабаби Исо уни яхши кўрган. Гоҳида тадқиқ ўтувчини билиб олаётганларига амал қилишга ундашни ортга суришимиз мумкин. Чунки у ҳали керакли ўзгаришлар киритишга тайёр эмас, деб ўйлармиз. Одамлар учун эски одатларни ташлаб, янги ўзликни кийиб олиш қийин бўлиши ҳеч гап эмас. (Колос. 3:9, 10) Аммо масалани қанча тез очиқчасига муҳокама қилсангиз, у шунча тез ҳаётига ўзгаришлар кирита бошлар. Бундай йўл тутиб, унга ғамхўрлик қилаётганингизни кўрсатасиз. (Заб. 141:5; Ҳик. 27:17)

6. Нима учун нуқтаи назарни билишга ёрдам берадиган саволлардан фойдаланишимиз керак?

6 Тадқиқ ўтаётган кишининг нуқтаи назарини очиб берадиган савол орқали мавзу борасида фикр-мулоҳазаларини сўранг. Тадқиқ ўтувчи нимани тушунаётгани ва нимага ишонаётганини аниқлаш учун бу каби саволдан фойдаланинг. Мунтазам равишда бундай қилиб турсангиз, келажакда нозик масалаларни ҳам муҳокама қилиш осонроқ бўлади. «Ҳаётдан тоабад завқланинг!» китобида кишининг нуқтаи назарини билишга кўмаклашадиган саволлар бисёр. Масалан, 4- дарсда «Худо Унинг исмини қўллаганимизда нималарни ҳис қилади?» деган савол бор. 9- дарсда эса «Нималар ҳақида ибодат қилишни хоҳлардингиз?» деган савол келтирилган. Бошида тадқиқ ўтувчи бундай саволларга жавоб беришга қийналар. Келтирилган оятлар ҳамда расмлар устида мулоҳаза юритишга ўргатиш орқали унга кўмаклаша оласиз.

7. Қай йўсин ҳаётий мисолларни самарали қўллай оламиз?

7 Тадқиқ ўтувчи нима қилиши кераклигини англаганида, уни бундай қилишга ундаш учун ҳаётий мисоллардан фойдаланинг. Масалан, тадқиқ ўтаётган киши йиғилишларга боришга қийналаётган бўлса, унга 14- дарсдаги «Қўшимча манбалар» қисмида келтирилган «Яҳова менга ғамхўрлик қилди» номли видеони кўрсатишингиз мумкин. «Ҳаётдан тоабад завқланинг!» китобидаги анчагина дарсларда «Кўпроқ билиб олинг» ёки «Қўшимча манбалар» қисмларида шу каби мисолларни топа оласиз *. «Унинг қўлидан келган бўлса, сиз ҳам бунинг уддасидан чиқа оласиз»,— деб тадқиқ ўтаётган кишини биров билан солиштиришдан эҳтиёт бўлинг. Тадқиқ ўтувчининг ўзи бундай хулосага келсин. Видеодаги инсонга Муқаддас Китоб таълимотларига амал қилишга нима ёрдам бергани борасидаги асосий фикрларни муҳокама қилинг. Эҳтимол, асосий оят ёки ўша киши қилган муайян ҳаракатни таъкидлаб ўтарсиз. Имкон бўлса, Яҳова унга қай йўсин ёрдам берганига диққат қаратинг.

8. Тадқиқ ўтувчига Яҳовани севишга қандай ёрдам бера оламиз?

8 Тадқиқ ўтувчига Яҳовани яхши кўришга кўмаклашинг. Буни қандай қилиш мумкин? Унинг диққатини Яҳованинг фазилатларига қаратиш имкониятларини изланг. У Яҳовани Уни севувчиларни қўллаб-қувватлайдиган бахтиёр Тангри, деб билишига кўмаклашинг. (1 Тим. 1:11; Иброн. 11:6) Тадқиқ ўтувчи билиб олаётганларини қўллаб, фойда олишини кўрсатинг ва бу Яҳованинг унга нисбатан севгисини акс эттираётганини тушунтиринг. (Ишаё 48:17, 18) Тадқиқ ўтаётган кишининг Яҳовага нисбатан севгиси қанча ошса, керакли ўзгаришлар қилиш истаги ҳам шунча кучаяди. (1 Юҳан. 5:3)

ТАДҚИҚ ЎТУВЧИНИ БИРОДАРУ ОПА-СИНГИЛЛАР БИЛАН ТАНИШТИРИНГ

9. Кишига сувга чўмиб, шогирд бўлиши учун фидойиликлар қилишга нима ёрдам бериши мумкин? (Марк 10:29, 30)

9 Тадқиқ ўтаётган киши сувга чўмиш учун фидойиликлар қилиши керак. Юқорида тилга олинган бой киши сингари айрим тадқиқ ўтувчилар моддий нарсаларини қурбон қилиши керак бўлар. Агар иши Муқаддас Китобдаги принципларга зид бўлса, уни ўзгартиришига тўғри келар. Эҳтимол, кўплар Яҳовани яхши кўрмайдиган дўстлари билан алоқани узиши керак бўлар. Айримлардан эса Яҳованинг Шоҳидларини ёқтирмайдиган қариндошлари воз кечиши мумкин. Исо Масиҳ баъзилар учун бу каби фидойиликлар қилиш осон бўлмаслиги мумкинлигини тушунган. Бироқ у унга эргашадиганларнинг ҳафсаласи пир бўлмаслигини ваъда қилган. Улар севувчи, маънавий оила каби ажойиб баракага эга бўлади. (Марк 10:29, 30 ни ўқинг.) Тадқиқ ўтувчига бу ажойиб ҳадядан фойда олишга қандай ёрдам беришингиз мумкин?

10. Манюэлнинг мисолидан қандай сабоқ олдингиз?

10 Тадқиқ ўтаётган киши билан дўстлашинг. Тадқиқ ўтаётган кишига ғамхўрлик қилаётганингизни кўрсатиш ўта муҳим. Нима учун? Мексикада яшовчи Манюэль нима деганига эътибор беринг. Тадқиқ ўтган пайтларини эслаб, у қуйидагича бўлишди: «Ҳар бир тадқиқдан олдин тадқиқ ўтказувчи ҳол-аҳволимни сўрарди. Ўзимни бемалол ҳис этишга ёрдам берарди ва ҳар қандай мавзуда фикрларимни айта олардим. У мен билан чин кўнгилдан қизиқаётганини ҳис қилардим».

11. Тадқиқ ўтувчилар билан бирга вақт ўтказсак, бу уларга қандай фойда келтириши мумкин?

11 Исо издошлари билан вақт ўтказгани каби, сиз ҳам тадқиқ ўтаётганлар билан вақт ўтказинг. (Юҳан. 3:22) Ўринли бўлса, ҳаётига ўзгаришлар киритаётган тадқиқ ўтувчини уйингизга ёки ойлик кўрсатувларимиздан бирини томоша қилишга таклиф қиларсиз. Тадқиқ ўтувчи, айниқса, бу дунёдаги байрамлар мавсумида ўзини ёлғиз ҳис қилар ва таклифингиздан қувониши ҳеч гап эмас. Угандада яшовчи Казибве шундай деди: «Менимча, тадқиқда бўлганидай, бирга вақт ўтказганимизда ҳам Яҳова ҳақида кўп нарсани билиб олдим. Яҳова Ўз хизматчиларига қанчалар ғамхўрлик қилишини ва улар нақадар бахтиёр эканини кўрганман. Мен ҳам шундай яшашни истаганман».

Тадқиққа турли ваъзгўйларни таклиф қилсангиз, Каломни ўрганаётган киши йиғилишларга боришга кўпроқ қизиқади (12- хатбошига қаранг.) *

12. Нима учун тадқиққа турли ваъзгўйларни таклиф қилишимиз лозим?

12 Муқаддас Китоб тадқиқига турли ваъзгўйларни таклиф қилинг. Гоҳида тадқиқни ёлғиз ўзимиз ўтказишни ёки ўша-ўша ваъзгўйларни таклиф қилишни осонроқ, деб ўйлармиз. Балки бу анча қулайдир, аммо вақт ўтгани сайин турли ваъзгўйлар таклиф қилинса, тадқиқ ўтувчи бундан кўпроқ фойда олиши мумкин. Молдавияда яшовчи Дмитрий қуйидагича бўлишди: «Мен билан тадқиқ ўтказишга келган ваъзгўй мавзуни ўзига хос тарзда тушунтирар эди. Бу менга билиб олаётганларимни ҳаётимда яна қай йўсин қўллашим мумкинлигини кўришимга кўмаклашган. Бундан ташқари, биринчи сафар йиғилишга борганимда унча уялмаганман. Сабаби, у ердаги кўпгина биродару опа-сингилларни танирдим».

13. Нега тадқиқ ўтувчиларга йиғилишларга боришга ёрдам беришимиз даркор?

13 Тадқиқ ўтаётганларга йиғилишга боришга кўмаклашинг. Нега деганда, Яҳова хизматчилари бирга йиғилишини амр этган. Бу топинишимизнинг бир қисми. (Иброн. 10:24, 25) Қолаверса, биродару опа-сингилларимиз маънавий оиламиздир. Улар билан йиғилишларда бўлганимизда, гўё уйда бирга мазали таомни баҳам кўргандай бўламиз. Тадқиқ ўтувчига йиғилишларга боришга кўмаклашсангиз, унга сувга чўмишига асқатадиган муҳим қадамни қўйишга ёрдам берган бўласиз. Аммо бу қадамни қўйиш у учун осон бўлмаслиги мумкин. Қай йўсин «Ҳаётдан тоабад завқланинг!» адабиёти ёрдамида тадқиқ ўтувчига у дуч келиши мумкин бўлган ҳар қандай қийинчиликни енгишга кўмаклаша оласиз?

14. Тадқиқ ўтувчини йиғилишларга боришга қандай ундашимиз мумкин?

14 Тадқиқ ўтаётган кишини учрашувларга боришга ундаш учун «Ҳаётдан тоабад завқланинг!» китобидаги 10- дарсдан фойдаланинг. Бу китоб чиқишидан аввал баъзи ваъзгўйлар улар ўтказадиган тадқиқларида мазкур дарсни қўллашди. Уларнинг айтишича, бу яхши иш берди. Албатта, тадқиқ ўтувчини йиғилишларга таклиф қилиш учун 10- дарсгача кутишга ҳожат йўқ. Уни имкон қадар тезроқ таклиф қилинг ва мунтазам равишда бундай қилиб туринг. Тадқиқ ўтувчиларнинг ҳар бири турли қийинчиликларга дуч келиб туради. Шу боис, тадқиқ ўтувчининг эҳтиёжларига диққат қаратинг ва унга қандай амалий ёрдам таклиф қила олишингиз ҳақида ўйлаб кўринг. У йиғилишга бориши учун бироз вақт талаб этилса, тушкунликка тушманг. Сабрли бўлинг, аммо уни таклиф этишда давом этинг.

ТАДҚИҚ ЎТУВЧИГА ҚЎРҚУВЛАРИНИ ЕНГИШГА КЎМАКЛАШИНГ

15. Тадқиқ ўтаётган кишида қандай қўрқувлар бўлиши мумкин?

15 Яҳованинг Шоҳиди бўлишдан бироз қўрққан пайтингиз эсингиздами? Бошқаларга ҳеч қачон ваъз қила олмайман, деб ўйлагандирсиз. Ёки, эҳтимол, оила аъзоларингиз ё дўстларингиз сизга қарши чиқиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб қўрққандирсиз. Ундай бўлса, тадқиқ ўтаётган кишининг туйғулари сизга ҳам танишдир. Исо баъзи одамлар бу каби қўрқувларга дуч келиши мумкинлигини айтган. Бироқ у издошларини бундай қўрқув уларни Яҳовага хизмат қилишдан тўхтатишига йўл қўймасликка ундаган. (Мат. 10:16, 17, 27, 28) Исо издошларига қўрқувларини енгишга қай йўсин кўмаклашган? Унинг мисолига қандай тақлид қила оласиз?

16. Тадқиқ ўтувчини билиб олаётганларини бўлишишга қандай ўргата оламиз?

16 Тадқиқ ўтувчини билиб олаётганлари билан бўлишишга аста-секин ўргатинг. Исо шогирдларини ваъз қилишга жўнатганида, эҳтимол, улар хавотирланишгандир. Аммо Исо уларга кимга ва нима тўғрисида ваъз қилишни айтиб ёрдам берган. (Мат. 10:5–7) Хўш, Исога қай йўсин тақлид қила оласиз? Тадқиқ ўтувчига кимга ваъз қилиши мумкинлигини тушунишга ёрдам беринг. Масалан, ундан Муқаддас Китобдаги биронта ҳақиқатни айнан кимга айтмоқчи эканини сўранг. Ҳақиқатни бўлишишнинг осон йўлини кўрсатиш орқали тайёрланишига кўмаклашинг. Ўринли бўлса, «Ҳаётдан тоабад завқланинг!» китобидаги «Баъзиларнинг фикри» ёки «Баъзиларнинг саволи» қисмидан машқ сифатида фойдалансангиз бўлади. Бундай йўл тутганингизда, тадқиқ ўтувчини Муқаддас Китоб ёрдамида содда ва мулойимлик ила жавоб беришга ўргатишга диққат қаратинг.

17. Тадқиқ ўтувчига Яҳовага таянишга ёрдам берар эканмиз, қай йўсин Матто 10:19, 20, 29–31 дан фойдалансак бўлади?

17 Тадқиқ ўтаётган кишига Яҳовага таянишга ёрдам беринг. Исо шогирдларини Яҳова уларни севгани учун уларга ёрдам беришига ишонтирган. (Матто 10:19, 20, 29–31 ни ўқинг.) Тадқиқ ўтувчига Яҳова унга ҳам ёрдам беришини эслатинг. Унинг мақсадлари борасида бирга ибодат қилиш орқали унга Яҳовага таянишга кўмаклаша оласиз. Польшада яшовчи Франчешек қуйидагича деди: «Мен билан тадқиқ ўтказган ваъзгўй ибодат қилганда, кўпинча мақсадларимни айтиб ўтарди. Яҳова ибодатларига қандай жавоб бераётганини кўрганимда, мен ҳам дарров ибодат қилишга тушардим. Йиғилишларга ва анжуманга бориш учун янги ишимдан рухсат олганимда, Яҳованинг ёрдамини ҳис қилганман».

18. Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказувчилар борасида Яҳова қандай фикрда?

18 Яҳова Муқаддас Китобни тадқиқ қилаётган инсонларга ғамхўрлик қилади. Яҳова тадқиқ ўтказувчилар одамлар Унга яқинлашишига ёрдам бериш учун заҳмат чекиб меҳнат қилаётганини қадрлайди ва бу учун уларни севади. (Ишаё 52:7) Айни пайтда тадқиқ ўтказмаётган бўлсангиз ҳам бошқа ваъзгўйлар билан тадқиқларда ҳамкорлик қилиб, Каломни ўрганаётганларга маънан ўсиб, сувга чўмишларига ёрдам бера оласиз.

60- ҚЎШИҚ Нажотбахш хабар

^ абз. 5 Мазкур мақолада Исо одамларга қай йўсин унинг шогирдлари бўлишга ёрдам берганини ҳамда унга қандай тақлид қилишимиз мумкинлигини билиб оламиз. Қолаверса, «Ҳаётдан тоабад завқланинг!» номли янги китобдан қай йўсин фойдаланиш мумкинлигига диққат қаратамиз. У тадқиқ ўтувчиларга маънан ўсиб, сувга чўмишга ёрдам бериш учун мўлжалланган.

^ абз. 7 Ҳаётий воқеаларни «Яҳованинг Шоҳидлари изланиш олиб бориши учун қўлланма» номли адабиётнинг «Муқаддас Китоб» сарлавҳаси остидаги «Амалий қадр-қиммати» ва «Қўриқчи минораси»нинг «Муқаддас Китоб ҳаётни ўзгартира олади» туркумидан ёки JW Library® иловасининг мультимедиа сарлавҳаси остидаги «Интервью ва ҳаётий воқеалар»дан топишингиз мумкин.

^ абз. 62 РАСМГА ШАРҲ. Биродар ва хотини бир йигит билан тадқиқ ўтказяпти. Бошқа пайтлари тадқиқда турли биродарлар қатнашяпти.