Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

ТАРЖИМАИ ҲОЛ

Яҳова йўлимни кўрсатди

Яҳова йўлимни кўрсатди

МЕН 16 ёшимда ўзим учун бир йўлни танладим, яъни бу дунёда мартаба орттиришни мақсад қилиб қўйдим. Аммо Яҳова сахийлик ила: «Сенга ақл-идрок ато этиб, юрадиган йўлингни кўрсатаман»,— деб менга бошқа йўлни танлашни таклиф қилди. (Заб. 32:8) Яҳова йўлимни кўрсатишига йўл қўйганим учун ҳаётимни Унга хизмат қилишга бағишлай олдим ва мўл-кўл баракаларга эга бўлдим. Бунинг устига Африкада 52 йил давомида хизмат қилдим.

ҚОРА ТУТУНДАН ЁРҚИН ҚУЁШ ТОМОН

Мен 1935 йили Дарластон шаҳрида туғилганман. Бу шаҳар Англиянинг Қора мамлакат деб номланган ҳудудига киради. У кўплаб заводлардан чиқаётган қора тутун туфайли бу номга эга эди. Тахминан тўрт ёшлигимда ота-онам Яҳованинг Шоҳидлари билан Муқаддас Китоб тадқиқини бошлади. Ўсмирлик палласида бу ҳақиқат эканига амин бўлдим ва 1952 йили 16 ёшда сувга чўмдим.

Деярли ўша пайтларда машиналар учун қўл асбоблар ва бошқа қисмлар ишлаб чиқарадиган катта заводда котиб бўлиб ишга кирдим. Бу касбга ўргандим ва ишим менга жуда ёқарди.

Бир туман нозири мен яшаган Уилленхоллдаги жамоатда ҳафта ўртасида жамоат китоб тадқиқини ўтказишга таклиф қилди. Бу борада қарор чиқариш осон эмас эди. Чунки иккита жамоатга қатнардим. Ишим уйимдан тахминан 32 километр узоқликда, Бромсгроув шаҳрида эди. Ҳафта ўртасида у ердаги жамоатга борардим. Дам олиш кунлари эса уйимга, Уилленхоллга қайтиб, у ердаги жамоатга қатнардим.

Ишимни жуда яхши кўрган бўлсам ҳам, Яҳованинг ташкилотини қўллаб-қувватлашни истаганим учун туман нозирининг таклифини қабул қилдим. Яҳова ҳаётимни йўналтиришига йўл қўйганимдан ҳеч қачон афсусланмаганман. Чунки бу туфайли мазмунли ҳаёт кечирдим.

Бромсгроув жамоатида бўлганимда, бор диққатини Яҳовага хизмат қилишга қаратган Анна исмли чиройли синглимиз билан танишдим. 1957 йили турмуш қурдик. Анна билан бирга доимий ва махсус кашшоф бўлишдан, туман нозирлик ва Байтил хизматида иштирок этишдан хурсанд бўлганмиз. Бутун ҳаётим давомида Анна қувончим манбаи бўлиб келяпти.

1966 йили Гилад мактабининг 42- синфида ўқиганимиздан ниҳоятда хурсанд эдик. Бизни Малавига тайинлашди. Бу мамлакатдаги одамлар жуда меҳрибон ва меҳмондўст бўлгани учун кўплар у ерни Африканинг қайноқ нуқтаси деб айтарди. Лекин у ерда бунчалик кам қоламиз деб ўйламагандик.

МАЛАВИДАГИ ҲАЯЖОНЛИ ПАЙТДА ХИЗМАТ ҚИЛИШ

Малавида туман нозирлик ишида фойдаланган «Kaiser Jeep» русумли машинамиз

Малавига 1967 йили 1 февралда келдик. Биринчи ой давомида асосан тил ўргандик, кейин эса туман нозирлик хизматини бошладик. «Kaiser Jeep» (кайзер жип) русумли машинада ҳамма жойга, ҳатто дарёлар кечиб бора оламиз деб ўйлардик. Аммо бу биз хоҳлагандек бўлмади. Сабаби бу машинада фақат энг саёз жойдан ўта олардик, холос. Гоҳида ёмғирли мавсумда лойдан ясалган кулбаларда тунардик. Уларнинг томи остида брезент тутилган бўларди. Буларнинг бари тўла вақтли махсус ваъзгўйлик хизматимизни бошлашдан олдин биз учун оз-моз қийинчилик туғдирди. Бунга қарамай хизматимизни жуда яхши кўрардик.

Апрелда, баъзи муаммоларга дуч келишимиз мумкинлигини тушундим. Бир сафар Малави президенти Хастингс Банданинг нутқини радиодан тинглаб қолдим. У: «Яҳованинг Шоҳидлари солиқлар тўламайди ва ҳукуматга турли муаммолар туғдиради»,— деб айтди. Албатта, бу айбловларнинг барчаси ёлғон эди. Аслида ҳамма гап, бизнинг бетарафлигимизда ва айниқса сиёсий партия гувоҳномасини сотиб олишдан бош тортганимизда эди.

Сентябрда, президент биродарларимизни айблаётганини газетада ўқиб қолдик. Бир мажлисда у Яҳова Шоҳидларининг фаолиятини тез орада ман этиш қарори чиқарилишини эълон қилди. 1967 йили 20 октябрда бу юз берди. Кўп ўтмай, полиция ва муҳожирлик хизмати ходимлари филиалимизни ёпиш ва тўла вақтли махсус ваъзгўйларни мамлакатдан ҳайдаш учун у ерга келди.

Бизни тўла вақтли махсус ваъзгўй бўлган Жек ва Линда Йохансен билан бирга 1967 йили Малавидан депортация қилишяпти

Уч кун қамоқда бўлганимиздан кейин бизни Буюк Британиянинг қарамоғида бўлган Маврикийга депортация қилишди. Лекин Маврикий ҳукумати тўла вақтли махсус ваъзгўйлар сифатида қолишимизга рухсат бермади. Шунинг учун, бизни Родезияга (ҳозир Зимбабве деб аталади) тайинлашди. У ерга етиб борганимизда муҳожирлик хизмати ходими мамлакатга киришимизга қаршилик қилиб, бизга шундай деди: «Малавидан ҳайдалдингиз, Маврикийда қолишингизга рухсат беришмади. Энди, қулай бўлгани учун бу ерга келдингизми?» Шунда Анна йиғлаб юборди. Ҳеч ким бизни қабул қилишни истамаётгандай эди. Ўшанда ҳаммасини қолдириб уйга, Англияга қайтиб кетишни хоҳладим. Охири улар фақат бир кечага филиалда қолишимизга рухсат беришди ва эртаси куни бу ҳақда уларнинг бошлиқларига ҳисобот беришимиз керак эди. Ниҳоятда чарчаган эдик ва ҳаммасини Яҳованинг қўлига топширдик. Эртаси куни кутилмаганда меҳмонлар сифатида Зимбабведа қолишимизга рухсат беришди. Ўша куни нималарни ҳис қилганимни ҳеч қачон унутмайман. Йўлимизни Яҳова бошқарганига аминман.

ЗИМБАБВЕДА ТУРИБ МАЛАВИДА ХИЗМАТ ҚИЛИШ

Зимбабведаги Байтилда Анна билан бирга, 1968 йили

Зимбабведаги филиалда Хизмат бўлимига тайинландим. Менга Малави ва Мозамбик ҳудуди топширилган эди. У ердаги биродарлар шиддатли қувғунларга дуч келаётганди. Вазифамга Малавидаги туман нозирлари юборган хабарларни таржима қилиш кирарди. Бир куни кечгача ишлаб ўтирдим ва имондошларимиз даҳшатли зўравонликларни бошдан кечираётганини ўқиб роса йиғладим a. Аммо уларнинг садоқати, имони ва сабр-бардоши менга далда берди. (2 Кор. 6:4, 5)

Малавидаги ва таъқиблар дастидан Мозамбикка қочиб кетган имондошларимизга маънавий озуқани етказиш учун қўлимиздан келганини қилардик. Малавида кенг тарқалган чичева тилига таржима қиладиган гуруҳ Зимбабведаги биродаримизнинг катта фермасига кўчиб ўтди. Биродаримиз жон деб уларга уйлар ҳамда офис қуриб берди. Таржимонлар у ерда Муқаддас Китобга асосланган адабиётларни таржима қилишдек муҳим ишни давом эттира олишди.

Малавидаги туман нозирлари ҳар йили Зимбабведа чичева тилида ўтган вилоят анжуманига келишларига ғамхўрлик қилардик. Ушбу анжуманда улар нутқлар билан чиқишарди. Кейин эса Малавига қайтиб, анжумандаги фикрларни имондошлар билан бўлишишарди. Бундай ташрифларнинг бирида ўша жасоратли туман нозирларининг имонини мустаҳкамлаш мақсадида Масъулиятли биродарлар учун махсус таълим дастурини уюштирдик.

Чичевада (Зимбабве) чичева/шона тилидаги анжуманда нутқ айтяпман

1975 йили февралда Малавидан Мозамбикдаги лагерларга қочиб келган имондошлар билан кўришдим. У ердаги биродарлар Яҳованинг ташкилоти тақдим этган сўнгги кўрсатмаларга, жумладан, оқсоқоллар кенгаши бўлишига оид янги йўл-йўриққа амал қилишган. Яқинда тайинланган оқсоқоллар маънавий тадбирлар уюштиришган, оммавий нутқлар айтишган, кунлик оятни ва «Қўриқчи минораси»ни муҳокама қилишган, ҳатто анжуманлар ўтказишган. Улар лагерларда худди анжумандагидай тозалаш, озиқ-овқат тарқатиш ва хавфсизлик бўлимларини ташкиллаштиришган. Ўша содиқ биродарларимиз Яҳованинг кўмаги билан анчагина ишларни амалга оширишган. Уларникига ташриф буюрганимдан роса далда олганман.

1970 йилларнинг охирида Малави Замбиядаги филиал назорати остига ўтди. Лекин мен у ердаги имондошлар ҳақида тез-тез ўйлардим ва улар учун ибодат қилишда давом этардим. Кўпчилик шундай қиларди. Мен Зимбабве филиал қўмитаси аъзоси сифатида халқаро бош идора вакиллари, Малави, Жанубий Африка ва Замбиядаги масъулиятли биродарлар билан бир неча марта кўришдим. Ҳар сафар: «Қандай қилиб Малавидаги имондошларга кўпроқ ёрдам бера оламиз?» — деган саволни муҳокама қилардик.

Бора-бора таъқиблар камайди. Бошқа мамлакатга қочиб кетган имондошларимиз Малавига қайта бошлашди. У ерда қолган имондошларимизни аста-секин қувғун қилмай қўйишди. Қўшни мамлакатларда Яҳованинг Шоҳидларига ваъз қилишга, биргаликда йиғилишга рухсат берилди ва таъқиблар бекор қилинди. 1991 йилда Мозамбикда ҳам шундай бўлди. Лекин бизни бир нарса ўйлантирарди: «Малавидаги Яҳованинг Шоҳидларига эркинлик қачон берилади?»

МАЛАВИГА ҚАЙТИШ

Вақт ўтгач, Малавида вазият ўзгарди. 1993 йили ҳукумат томонидан Яҳованинг Шоҳидлари эркинликка эга бўлди. Сал кейинроқ битта тўла вақтли махсус ваъзгўй менга: «Малавига қайтасизми?» — деб савол берди. Мен ўшанда 59 ёшда эдим, шунинг учун: «Йўқ, ёшим анчага бориб қолди»,— деб жавоб бердим. Аммо ўша куннинг ўзида Етакчи кенгашдан Малавига қайтиш таклифини олдик.

Зимбабведаги хизматимизни жуда яхши кўрганимиз учун қарор чиқариш қийин бўлди. Биз у ерда бахтли эдик ва яқин дўстларимиз бор эди. Лекин Етакчи кенгаш меҳрибонлик ила агар хоҳласак Зимбабведа қолишимиз мумкинлигини айтди. Ҳа, ўз йўлимизни танлаб Зимбабведа қолиб кетсак бўларди. Аммо Иброҳим ва Соранинг мисоли ҳақида фикр юритдим. Улар кексалигига қарамай, Яҳованинг кўрсатмасига бўйсуниш учун қулай ҳаётдан воз кечган. (Ибт. 12:1–5)

Ташкилотимизнинг таклифини қабул қилдик ва 1995 йили 1 февралда Малавига қайтдик. Ўша куни Малавига илк бор келганимизга роппа-роса 28 йил бўлганди. Филиал қўмитаси ташкил қилинди, у ерда мен ва иккита биродар хизмат қилиб, Яҳова Шоҳидларининг фаолиятини тиклашга киришдик.

ЯҲОВА ЎСТИРАДИ

Яҳова фаолиятимизга барака берганини кўриш қувончли эди. Ваъзгўйларнинг сони тезда ошиб борди. 1993 йили тахминан 30 000 та ваъзгўй бор эди, 1998 йили эса уларнинг сони 42 000 дан ошиб кетди b. Етакчи кенгаш буни инобатга олиб, янги филиал билан боғлиқ бўлган кўп режаларимизни маъқуллади. Мисол учун, Лилонгве шаҳрида 12 гектар ер сотиб олинди ва мен қурилиш қўмитасига тайинландим.

Етакчи кенгаш аъзоси биродар Гай Пирс 2001 йили майда янги биноларнинг бағишлаш маросимида нутқ айтди. Икки мингдан ошиқ маҳаллий Шоҳидлар бу маросимга ташриф буюрди. Уларнинг аксарияти 40 йилдан кўпроқ вақт олдин сувга чўмганди. Ушбу садоқатли биродару опа-сингиллар тақиқ пайтида шиддатли қувғунларга бардош қилганди. Улар жисмоний жиҳатдан бой бўлмаса-да, маънавий жиҳатдан бой эди. Янги Байтилнинг экскурсиясига ташриф буюришдан улар жуда бахтиёр эди. Байтилнинг қаерида юрмасин, улар жўр бўлиб африканча услубда ҳамду сано қўшиқларини куйларди. Бу жуда таъсирли эди. Ҳаётимда бунақасини кўрмагандим. Ҳа, Яҳова синовларда садоқатли қолаётганларга мўл-кўл барака ато этади.

Филиал қурилиши тугагач, Йиғилиш залини бағишлаш маросимларида қатнашиш вазифаси топширилганидан ниҳоятда хурсанд эдим. Малавидаги жамоатлар маблағи чекланган мамлакатларда яшовчи имондошларимиз учун Йиғилиш залларини қуриш бўйича тезлаштирилган дастурдан фойда олишди. Олдинлари баъзи жамоатлар эвкалипт дарахтидан қурилган кулбаларда йиғилишарди. Улар томларни қамиш билан ёпишарди ва лойдан ясалган узун ўриндиқларда ўтиришарди. Вақт ўтиб, биродарлар ўзлари қурган печларда ғишт пиширишган ва улар ёрдамида йиғилиш учун чиройли жойларни қуришган. Лекин биродарлар лойдан ясалган узун ўриндиқларни қолдиришни афзалроқ деб топишди, чунки уларга кўпроқ одам ўтириши мумкин эди.

Яҳова Ўз халқига маънан ўсишга ёрдам берганини кўришдан қувонардим. Айниқса африкалик ёш биродарларга қойил қолардим. Чунки улар ўз ёрдамини таклиф қилиб, Яҳованинг ташкилоти тақдим этган кўп нарсаларга дарров ўрганиб кетарди. Натижада улар Байтилда ва жамоатларда анчагина масъулиятли вазифаларни бажара олганди. Шунингдек, туман нозири этиб тайинланган маҳаллий биродарлар жамоатларни мустаҳкамларди. Уларнинг кўпи уйланган эди. Ўша жуфтликлар аксарият одамларнинг ва ҳатто қариндошларининг фарзанд кўриш босимига қарамай, ҳозирча бола кўрмай Яҳовага кўпроқ хизмат қилишни танлаганди.

ЧИҚАРГАН ҚАРОРЛАРИМДАН МАМНУНМАН

Анна билан бирга Буюк Британиядаги Байтилда

Африкада ўтказган 52 йилдан сўнг менда баъзи соғлик муаммолари пайдо бўлди. Етакчи кенгаш бизни Буюк Британияга тайинлаш борасидаги Малавидаги филиал қўмитасининг таклифини маъқуллади. Яхши кўрган хизматимизни қолдириш осон эмас эди. Ҳозир қариган чоғимизда Буюк Британиядаги Байтил оиласи бизга жуда яхши ғамхўрлик қиляпти.

Ҳаётимни Яҳова йўналтиришига йўл қўйиш энг тўғри қарор бўлганига аминман. Агар ўзимга таянганимда, ким билади ҳозир ҳаётим қандай бўларди. Йўлларимни равон қилиш учун менга нима кераклигини Яҳова доим билган. (Ҳик. 3:5, 6) Ёшлигимда катта компанияда иш ўрганиш менга жуда ёқарди. Лекин Яҳованинг умумжаҳон ташкилотида бажарган маънавий вазифаларим менга ундан-да кўпроқ завқ келтирди. Яҳовага хизмат қилиш мен учун энг мазмунли ҳаёт бўлиб келмоқда!

a Малавидаги Яҳова Шоҳидларининг тарихи ҳақида 1999 йилги «Яҳова Шоҳидларининг йилномаси»нинг (рус) 148–223- саҳифаларида ёзилган.

b Ҳозир Малавида ваъзгўйларнинг сони 100 000 дан зиёд.