Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

28- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Рақобатга ундовчи руҳдан қочиб, тинчлик пайида бўлинг

Рақобатга ундовчи руҳдан қочиб, тинчлик пайида бўлинг

Манманлик қилмайлик, бир-биримизни рақобатга ундамайлик ва ҳасад қилмайлик. ГАЛАТ. 5:26

101- ҚЎШИҚ Баҳамжиҳат хизмат қилайлик

БУ МАҚОЛАДА *

1. Рақобат руҳи одамларга қандай таъсир қилиши мумкин?

БУГУНГИ кундаги кўпгина одамлар рақобат руҳи туфайли худбинларча йўл тутади. Тадбиркор бошқалардан илгарилаб кетиш учун ҳийла-найранг ишлатар. Спортчи мусобақада ғолиб чиқиш мақсадида бошқа жамоадаги ўйинчига атайин жароҳат етказиши мумкин. Абитуриент обрўли ўқув юртига кириш учун ғирромлик қилиши ҳеч гап эмас. Биз масиҳий сифатида бундай қилиш нотўғри эканини тушунамиз; бу «тана ишлари»га киради. (Галат. 5:19–21) Бироқ Яҳованинг баъзи хизматчилари ҳатто билмаган ҳолда жамоатда рақобат руҳини келтириб чиқариши мумкинми? Бу муҳим масала, сабаби рақобат руҳи биродарлигимизнинг якдиллигига таъсир қилиши мумкин.

2. Ушбу мақолада нималарни муҳокама қиламиз?

2 Мазкур мақолада имондошларимиз орасида рақобат руҳини келтириб чиқарадиган иллатларни муҳокама қиламиз. Шунингдек, рақобат руҳига берилмаган қадимги садоқатли эркагу аёлларнинг мисолларига эътибор берамиз. Аввалига келинг, қай йўсин ниятларимизни текшириш ҳақида гап юритайлик.

НИЯТЛАРИНГИЗНИ ТЕКШИРИНГ

3. Ўзимизга қайси саволларни беришимиз керак?

3 Вақти-вақти билан ниятларимизни текшириш яхшидир. Ўзимиздан шундай деб сўрармиз: «Ўзимни бошқалар билан солиштириб қадр-қимматимни ўлчаяпманми? Жамоатда энг зўр бўлишни истаганим ёки ҳеч бўлмаганда қайсидир имондошдан яхшироқ кўринишни хоҳлаганим учун бирон нима қиламанми? Ёки шунчаки Яҳовага энг яхшисини беришни истаяпманми?» Нега бу саволларни ўзимизга беришимиз керак? Худонинг Каломида нима дейилганига эътибор беринг.

4. Нима учун ўзимизни бошқалар билан солиштирмаслигимиз керак? (Галатияликларга 6:3, 4)

4 Муқаддас Китоб ўзимизни бошқалар билан солиштирмасликка ундаяпти. (Галатияликларга 6:3, 4 ни ўқинг.) Қизиқ, нега? Бир тарафдан ўзимизни биродаримиздан яхшироқ, деб ўйласак, мағрурликка берилишимиз ҳеч гап эмас. Бошқа тарафдан эса улар биздан яхшироқ, деб ўйласак, бу бизни тушкунликка тушириши турган гап. Ҳа, иккала вазиятда ҳам ақли расоликни намоён этмаган бўламиз. (Рим. 12:3) Грециядаги Катерина * қуйидагича бўлишди: «Ўзимни мендан чиройлироқ, хизматда самаралироқ ва осонгина дўст орттирадиганлар билан солиштирардим. Натижада ўзимни арзимас ҳис қила бошладим». Дарҳақиқат, шуни унутмаслигимиз керакки, Яҳова чиройимиз, яхши нотиқ бўлганимиз ёки ҳамма бизни яхши кўргани учун Ўзига жалб қилмаган. Аксинча, Уни севишга ва Ўғлига қулоқ солишга тайёр бўлганимиз туфайли ҳақиқатга жалб қилган. (Юҳан. 6:44; 1 Кор. 1:26–31)

5. Хюн исмли биродарнинг мисолидан нимани ўргандингиз?

5 Ўзимиздан яна шундай деб сўрашимиз мумкин: «Бошқалар мени тинчликсевар инсон деб биладими? Ёки тез-тез баҳс-мунозаралар ўчоғидаманми?» Келинг, Жанубий Кореяда яшовчи Хюн исмли биродаримизнинг мисолига диққат қаратайлик. Муайян вақт давомида у шарафли вазифаларга эга баъзи биродарларни рақиби сифатида кўрган. У қуйидагича бўлишди: «Мен бундай биродарларни танқид қилардим ва тез-тез фикрига қўшилмасдим». Натижаси нима бўлди? У қуйидагича тан олди: «Нуқтаи назарим жамоатда бўлиниш юз беришига сабаб бўлди». Хюннинг баъзи дўстлари муаммо нимада эканини тушунишга ёрдам берди. Хюн керакли ўзгаришларни киритди ва у ҳозирда меҳрибон оқсоқол сифатида хизмат қиляпти. Агар ўзимизда тинчлик эмас, рақобат руҳини келтириб чиқариш мойиллигини сезсак, дарҳол ҳаракат қилишимиз керак.

ХУДБИНЛИК ВА ҲАСАДГА ҚАРШИ ТУРИНГ

6. Галатияликларга 5:26 га биноан, қайси иллатлар рақобат руҳини келтириб чиқаради?

6 Галатияликларга 5:26 ни ўқинг. Қайси иллатлар рақобат руҳини келтириб чиқаради? Улардан бири — худбинлик. Худбин инсон мағрур бўлади ва фақат ўзини ўйлайди. Яна бир иллат — ҳасад. Ҳасадгўй инсон нафақат бошқаси эга бўлган нарсани хоҳлайди, балки уни ўша нарсадан маҳрум этишни истайди. Дарвоқе, ҳасад нафратнинг бир кўринишидир. Шубҳасизки, ўлатга ўхшаган бу иллатлардан қочишни истаймиз.

7. Қайси мисол худбинлик ва ҳасад ёмон эканини кўрсатяпти?

7 Худбинлик ва ҳасад каби иллатларни самолёт ёнилғисига қўшилган ифлос нарсага ўхшатса бўлади. Самолёт ҳавога кўтарилар, аммо ўша ифлос нарса ёнилғи ўтадиган қувурни тўсиб қўйиши мумкин. Натижада самолёт қўниш олдидан кучини йўқотади ва ҳалокатга учрайди. Шу сингари, одам муайян вақт давомида Яҳовага хизмат қилиши мумкин, бироқ у буни худбинлик ва ҳасад туфайли қилса, ҳалокатга йўлиқади. (Ҳик. 16:18) У Яҳовага хизмат қилишни тўхтатади ва нафақат ўзига, балки бошқаларга ҳам зарар келтиради. Қай йўсин худбинлик ва ҳасадга қарши тура оламиз?

8. Қай йўсин худбинликка қарши тура оламиз?

8 Ҳаворий Павлуснинг филиппиликларга айтган қуйидаги маслаҳатини ёдда тутиб, худбинликка қарши кураша оламиз. «Ҳеч нарсани иззатталаблик ёки манманлик билан қилмай, аксинча, камтар бўлиб, бошқаларни ўзингиздан устун қўйинглар». (Филип. 2:3) Бошқаларни ўзимиздан устун қўйсак, биздан қобилиятлироқ ва истеъдодлироқ бўлган имондошлар билан рақобатлашмаймиз. Аксинча, улар учун хурсанд бўламиз. Улар бу қобилиятларидан Яҳовани шарафлаш учун Унга хизмат қилиш йўлида фойдаланганда, роса қувонамиз. Ўз навбатида, қобилиятли биродару опа-сингилларимиз Павлуснинг маслаҳатига амал қилса, бизнинг яхши фазилатларимизни кўра олади. Натижада жамоатда тинчлик ва бирлик ҳукм суришига барчамиз ҳисса қўшган бўламиз.

9. Ҳасад қилиш мойиллигимиздан қай йўсин қоча оламиз?

9 Имкониятларимиз чегараланганини эсда сақлаб, ҳасад қилиш мойиллигимизни назорат қила оламиз. Агар имкониятларимиз чегараланганини тан олсак, бошқалардан кўра иқтидорлироқ ёки қобилиятлироқ эканимизни исботлашга интилмаймиз. Аксинча, диққатимизни биздан қобилиятлироқ бўлганлардан нимани ўрганишимиз мумкинлигига қаратамиз. Дейлик, жамоатингизда биродар зўр нутқлар билан чиқади. Биз ундан нутқларга қай йўсин тайёргарлик кўришини сўрасак бўлади. Опамиз яхши пазанда бўлса, ундан бу соҳада яхшиланишимизга ёрдам берадиган маслаҳатларни сўрармиз. Ёш масиҳий дўст орттиришга қийналаётган бўлса, осонликча дўстлашиб кетадиган имондошдан ёрдам сўраши мумкин. Шу йўсин, ҳасадгўйликдан қоча оламиз ва қобилиятларимизни яхшилаймиз.

МУҚАДДАС КИТОБДАГИ МИСОЛЛАРДАН САБОҚ ОЛИНГ

Гидўн камтарин бўлгани учун эфрайимликлар билан тинчлик ўрнатди (10–12- хатбошиларига қаранг.)

10. Гидўн қандай қийинчиликка дуч келди?

10 Келинг, Манаше қабиласидан бўлган Гидўн ва Эфрайим қабиласидан бўлган эркаклар билан боғлиқ бир воқеани кўриб чиқамиз. Яҳованинг ёрдами билан Гидўн ва унинг 300 та одами ажойиб ғалабага эришди ва бу туфайли мағрурликка берилиши мумкин эди. Эфрайим эркаклари Гидўнни мақташ эмас, балки жанжаллашиш ниятида у билан учрашди. Гидўн Худо душманларига қарши курашда эфрайимликларни бошиданоқ таклиф қилмагани учун уларнинг жаҳли чиққанди. Улар қабиласининг обрўйини ҳимоялашга ҳаддан ортиқ диққат қаратгани учун муҳимроқ масалани — Гидўн Яҳованинг исмини шарафлашга ва Унинг халқини ҳимоялашга ёрдам берганини унутиб қўйди. (Ҳак. 8:1)

11. Гидўн Эфрайим эркакларига нима деди?

11 Гидўн камтарлик ила Эфрайим эркакларига шундай деди: «Сизлар билан солиштирганда мен нима қилдим?» Сўнг у Яҳова уларга қай йўсин барака берганини кўрсатувчи аниқ мисол келтирди. Натижада эркаклар «тинчланиб қолди». (Ҳак. 8:2, 3) Гидўн Худо халқининг орасида тинчликни сақлаш мақсадида тайёрлик ила мағрурликни четга сурди.

12. Эфрайимликлар ва Гидўннинг мисолидан қандай сабоқлар оляпмиз?

12 Хўш, мазкур воқеадан қандай сабоқ оляпмиз? Эфрайимликларнинг мисолидан шуни ўрганишимиз мумкинки, обрўйимизни ҳимоя қилишга эмас, балки Яҳовани шарафлашга кўпроқ диққат қаратишимиз керак. Оила боши ва оқсоқоллар сифатида Гидўндан ўрнак олишимиз мумкин. Борди-ю, кимдир қилган ишимиздан ранжиса, вазиятга унинг нуқтаи назари билан қараб кўришимиз лозим. Ўша инсонни қилган бирон яхши иши учун мақтасак бўлади. Айниқса, у ноҳақ бўлса, камтар бўлишимиз талаб қилинади. Лекин ҳақ эканимизни исботлашдан кўра, имондошларимиз билан яхши муносабатларга эга бўлиш муҳимроқдир.

Ханна Яҳовага таянгани учун ички хотиржамликни ҳис қила олди (13-, 14- хатбошиларига қаранг.)

13. Ханна қандай қийинчиликка дуч келди ва уни қай йўсин енгди?

13 Ханнанинг мисоли борасида ҳам бир ўйлаб кўринг. У уни қаттиқ севадиган Леви қабиласидан бўлган Элқанага турмушга чиққанди. Бироқ Элқананинг Панинна исмли бошқа хотини ҳам бор эди. Элқана унга қараганда Ханнани кўпроқ севарди. Лекин «Паниннанинг фарзандлари бор эди, аммо Ханна бефарзанд эди». Шу сабабдан, Панинна уни мазах қилиб, «тинмай дилини оғритарди». Ханна ўзини қандай ҳис қилди? У қаттиқ озор чекканидан «йиғлаб, туз ҳам тотмади». (1 Шоҳ. 1:2, 6, 7) Аммо Муқаддас Китобда Ханна қайсидир йўл орқали Паниннадан қасос олишга ҳаракат қилгани тўғрисида айтилмаган. Аксинча, у қалбидагиларни Яҳовага тўкиб-солган ҳамда вазиятни ўнглашига ишонган. Паниннанинг Ханнага нисбатан нуқтаи назари ўзгардими? Бу борада Муқаддас Китобда ҳеч нарса ёзилмаган. Бироқ Ханна яна ички хотиржамликка эга бўлганини ва уни сақлаганини биламиз. Зеро, Муқаддас Китобда: «Унинг чеҳраси очиқ эди»,— деб ёзилган. (1 Шоҳ. 1:10, 18)

14. Ханнанинг мисолидан қандай сабоқ оляпмиз?

14 Ханнанинг мисолидан қандай сабоқ оляпмиз? Борди-ю, кимдир сиз билан рақобатлашишга ҳаракат қилса, унутманг, вазиятни назорат қилиш сизнинг қўлингизда. Бу рақобатга берилиш ё берилмасликни ўзингиз ҳал қиласиз. Ёмонликка ёмонлик билан жавоб қайтарманг, аксинча, ўша инсон билан тинчликни ўрнатишга интилинг. (Рим. 12:17–21) Ҳатто у ўзгармаса ҳам сиз ички хотиржамлигингизни сақлайсиз ва қувончингизни йўқотмайсиз.

Аполлос ва Павлус Яҳова воизлик ишига барака беришини тушунгани учун рақобатлашмаган (15–18- хатбошиларига қаранг.)

15. Аполлос ҳамда Павлуснинг қандай ўхшаш томонлари бор эди?

15 Ниҳоят, келинг, Аполлос ҳамда ҳаворий Павлуснинг мисолларидан нимани ўрганишимиз мумкинлигига диққат қаратайлик. Иккаласи ҳам Муқаддас Ёзувларни яхши билган. Улар таниқли бўлган ва ажойиб тарзда таълим берган. Иккови кўплаб шогирдлар тайёрлашда ёрдамлашган. Бироқ улар бир-бирини рақиб деб билмаган.

16. Аполлос қандай одам бўлган?

16 Аполлос «искандариялик» эди. Мил. биринчи асрда Искандария ўқув даргоҳларининг маркази бўлган. Афтидан, Аполлос қобилиятли нотиқ бўлган ва «Муқаддас Ёзувларни яхши билган». (Ҳавор. 18:24) У Коринфда муайян вақт ўтказгач, жамоатдаги баъзилар уни бошқа биродарлардан, жумладан, Павлусдан устун қўяётганини очиқ-ойдин кўрсатган. (1 Кор. 1:12, 13) Хўш, Аполлос бу жамоатда бўлинишлар келтириб чиқаришига йўл қўйдими? Буни тасаввур қилиш қийин. Дарвоқе, Аполлос Коринфни тарк этганидан муайян вақт ўтгач, Павлус уни у ерга қайтишга ундаган. (1 Кор. 16:12) Борди-ю, Павлус Аполлос жамоатда бўлинишлар юзага келишига сабабчи бўляпти, деб ўйлаганида бундай қилмаган бўларди. Дарҳақиқат, Аполлос қобилиятларидан тўғри йўлда, яъни хушхабарни ваъз қилиш ва биродарларини мустаҳкамлаш учун фойдаланди. Шубҳасизки, у камтарин инсон бўлган. Масалан, Акила ва Прискилла унга «Аллоҳнинг йўлини аниқроқ тушунтириб беришганида», у хафа бўлгани ҳақида Муқаддас Китобда айтилмаган. (Ҳавор. 18:24–28)

17. Қай йўсин Павлус тинчлик пайида бўлган?

17 Ҳаворий Павлус Аполлос қилган яхши ишлардан хабардор эди. Бироқ у одамлар Аполлосни ундан яхшироқ деб билишидан хавотирланмаган. Павлус камтарин ва мулоҳазакор бўлгани, имкониятлари чекланганини тан олгани Коринф жамоатига берган маслаҳатидан кўриняпти. У одамлар: «Мен Павлуснинг шогирдиман»,— деб айтишини ёқтирмаган. Аксинча, у барча диққатни Тангри Яҳовага ҳамда Исо Масиҳга қаратган. (1 Кор. 3:3–6)

18. Аполлос ва Павлуснинг мисолларидан қандай сабоқ оляпмиз? (1 Коринфликларга 4:6, 7)

18 Аполлос ва Павлуснинг мисолларидан қандай сабоқ оляпмиз? Яҳова учун жон куйдириб меҳнат қилишимиз ва кўпларга сувга чўмишга ёрдам беришимиз мумкин. Аммо шуни тушунамизки, фақатгина Яҳованинг ёрдамида муваффақиятга эришамиз. Аполлос ва Павлуснинг мисолларидан яна бир нарсани ўрганяпмиз. Жамоатда вазифаларимиз қанча кўп бўлса, тинчлик пайида бўлиш учун шунча кўп ҳисса қўшиш имкониятига эгамиз. Тайинланган биродарлар маслаҳатини Худонинг Каломига асослаб, диққатни ўзига эмас, балки намунамиз бўлган Исо Масиҳга қаратиб тинчлик пайида бўлаётгани ва бирликни олға сураётгани учун улардан жуда миннатдормиз. (1 Коринфликларга 4:6, 7 ни ўқинг.)

19. Ҳар биримиз нима қила оламиз? (« Рақобат руҳидан қочинг» номли рамкага ҳам қаранг.)

19 Ҳар биримизда Худо инъом этган истеъдод ёки қобилият бор. Улардан фойдаланиб, бир-биримизга «хизмат қилишимиз» мумкин. (1 Бутр. 4:10) Бажараётган ишимиз биз учун унча муҳимдай кўринмас. Бироқ кийим майда чоклар ёрдамида бир бутун бўлганидай, кичик ҳаракатларимиз ҳам бирлик сақланишига кўмаклашади. Келинг, рақобат руҳи каби тузоққа тушиб қолмаслик учун жон куйдириб ҳаракат қилайлик. Жамоатда тинчлик ва бирлик ҳукм суриши учун қўлимиздан келганини қилишга бел боғлайлик. (Эфес. 4:3)

80- ҚЎШИҚ «Тотиб кўр, шунда Яҳова яхши эканини билиб оласан»

^ абз. 5 Ёриқлари бор сопол идиш тезда парчаланганидай, жамоатда ҳам рақобат руҳи ҳукм сурса, унда бўлинишлар юз беради. Жамоат мустаҳкам ва якдил бўлмаса, у ерда тинчлик ила Худога топинишнинг имкони бўлмайди. Ушбу мақолада нега рақобатга ундовчи руҳдан қочишимиз кераклиги ҳамда жамоатда тинчликни олға суриш учун нима қилишимиз мумкинлигини билиб оламиз.

^ абз. 4 Исмлар ўзгартирилган.