Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

51- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Танг аҳволда хотиржам бўла оласиз!

Танг аҳволда хотиржам бўла оласиз!

Юракларингизга ғулғула тушиб, қўрқувдан сиқилмасин. ЮҲАН. 14:27

112- ҚЎШИҚ Яҳова — тинчлик Худоси

БУ МАҚОЛАДА a

1. «Худонинг тинчлиги» бу нима ва унга эга бўлиш бизга қандай фойда келтиради? (Филиппиликларга 4:6, 7)

 БУ ТИНЧЛИК ҳақида ушбу ёвуз дунёдаги инсонлар билмайди. «Худонинг тинчлиги» самовий Отамиз билан эга бўлган муносабатларимиз туфайли ҳис қиладиган хотиржамликдир. Унинг ёрдамида ўзимизни хавфсиз ҳис қиламиз. (Филиппиликларга 4:6, 7 ни ўқинг.) Худони севадиган одамлар билан дўстлашганимиздан ҳам завқ оламиз. Қолаверса, «тинчлик Худоси» билан яқин муносабатларга эга эканимиздан бахтли бўламиз. (1 Салон. 5:23) Тинчлик Худосини таниб-билсак, Унга ишонсак ва бўйсунсак ташвишлар гирдобидаги қалбимизни тинчлантира оламиз.

2. Нима учун Худонинг тинчлигига эга бўла оламиз?

2 Оғир касаллик, табиий офат, фуқаролик тартибсизликлари ёки таъқибларга дуч келганда Худонинг тинчлигига эга бўла оламизми? Уларнинг ҳар бири бизни қўрқитиши мумкин. Гап шундаки, Исо издошларига шундай маслаҳат берган: «Юракларингизга ғулғула тушиб, қўрқувдан сиқилмасин». (Юҳан. 14:27) Кўплаб биродару опа-сингилларимиз Исонинг бу маслаҳатига амал қилишди. Улар Яҳованинг ёрдами билан турли қийинчиликларда хотиржам бўла олишди.

ОҒИР КАСАЛЛИК ПАЙТИДА ХОТИРЖАМ БЎЛИШ

3. Пандемия ҳаловатимизга қандай таъсир қилиши мумкин?

3 Эпидемия ёки оғир касаллик ҳаётимизнинг деярли ҳар бир соҳасига таъсир қилиши мумкин. Масалан, COVID-19 бундан истисно эмас. Битта тадқиқотга кўра, бу пандемия пайтида кўпчилик уйқусизликдан азоб чеккан. Қолаверса, бу туфайли зўриқиш, депрессия, спиртли ичимликларга ружу қўйиш, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш, оилада таҳқирланиш ва жонига қасд қилиш авжига чиққан. Агар сиз ҳам оғир касалликдан азоб чекаётган бўлсангиз, қай йўсин камроқ ташвишланишингиз ва Худонинг тинчлигидан завқ олишингиз мумкин?

4. Нима учун Исонинг охирзамон ҳақидаги башоратини билиш бизга хотиржамлик беради?

4 Исо охирзамонда «бир жойда, кейин бошқа жойда» ўлатлар бўлишини башорат қилган. (Луқо 21:11) Буни билиш қай йўсин бизга хотиржамлик бахш этади? Оғир касалликларга дуч келганимизда ҳайрон қолмаймиз. Чунки Исо булар юз беришини олдиндан айтган. Ушбу башорат амалга ошаётган экан, унинг қуйидаги маслаҳатига ҳам амал қиламиз: «Тағин ваҳимага тушманглар». (Мат. 24:6)

Муқаддас Китобнинг аудио ёзувларини тинглаш оғир касаллик пайтида хотиржам бўлишга кўмаклашади (5- хатбошига қаранг.)

5. а) Филиппиликларга 4:8, 9 га кўра, касалликка йўлиққанимизда нима ҳақида ибодат қилишимиз керак? б) Муқаддас Китобнинг аудио ёзувларини тинглаш битта опамизга қандай фойда келтирган?

5 Оғир касаллик туфайли бизни ташвиш ҳамда ваҳима босиши мумкин. Деси исмли опамиз бунга дуч келди. Унинг амакиси, амакиваччаси ва шифокори COVID-19 дастидан ҳаётдан кўз юмган b. Опамиз ҳам касал бўлиб онасига бу касалликни юқтиришдан қўрққан. Қолаверса, буни деб ишсиз қолишдан, озиқ овқат ва ижарага пул етишмаслигидан қаттиқ хавотирланган. Бу туфайли у ҳатто кечалари ухлай олмаган. Қизиқ, Десига хотиржамликни ҳис қилишга нима ёрдам берган? У Яҳовага ибодат қилиб, ижобий фикр юритишга ёрдам беришини сўраган. (Филиппиликларга 4:8, 9 ни ўқинг.) Деси Муқаддас Китобнинг аудио ёзувларини тинглаб, Яҳова унга гапираётганини ҳис қилган. У шундай деди: «Аудио ёзувлардаги овозларни эшитганимда кўнглим кўтариларди ва Яҳова менга ғамхўрлик қилаётганини ҳис этардим». (Заб. 94:19)

6. Шахсий тадқиқ ва йиғилишлар сизга қандай ёрдам беради?

6 Шубҳасизки, оғир касалликка дуч келганингизда, бу кундалик ҳаётингизга таъсир қилади. Лекин касаллик шахсий тадқиқ ва йиғилишларга қатнашингизга салбий таъсир қилишига йўл қўйманг. Адабиётлар ҳамда видеоларимиздан биродару опа-сингилларимиз ҳам худди шундай қийинчиликларга қарамай садоқатли қолаётганини билиб олишимиз мумкин. (1 Бутр. 5:9) Йиғилишларда онгимизни Худонинг Каломидаги фикрлар билан тўлдирамиз ва ўзаро далда оламиз. (Рим. 1:11, 12) Яҳова хизматчиларига касаллик ёки ёлғизлик ва қўрқув ҳис қилган пайтида ёрдам берганини билиш имонингизни мустаҳкамлайди ва У сизни ҳам қўллаб-қувватлашига аминлик беради.

7. Ҳаворий Юҳаннодан қандай сабоқ олишимиз мумкин?

7 Имондошларингиз билан мулоқот қилишга интилинг. Оғир касаллик дастидан улар билан масофа сақлашимизга тўғри келиши мумкин. Шунда ўзимизни ҳаворий Юҳанно каби ҳис қилармиз. У Гай исмли дўсти билан юзма-юз суҳбатлашмоқчи эди. (3 Юҳан. 13, 14) Аммо Юҳанно қайсидир бир пайт давомида уни кўра олмаслигини билган. Шунинг учун, у қўлидан келганини қилган, яъни унга хат ёзган. Бизда ҳам имондошларимизни юзма-юз кўришнинг имкони бўлмаса, улар билан телефон, видео ёки СМСлар орқали боғланишимиз мумкин. Биродару опа-сингиллар билан мулоқот қилсангиз, ўзингизни камроқ ёлғиз ҳис қиласиз ва хотиржамроқ бўласиз. Агар қаттиқ ваҳимага тушсангиз оқсоқоллар билан боғланинг ва меҳр ила айтадиган сўзларига амал қилинг. (Ишаё 32:1, 2)

ТАБИИЙ ОФАТГА ДУЧ КЕЛГАНДА ХОТИРЖАМ БЎЛИШ

8. Табиий офат ҳаловатимизга қандай таъсир қилиши мумкин?

8 Агар сув тошқини, зилзила, ёнғин ёки шу каби табиий офатга дуч келган бўлсангиз, анча пайт ташвишлангандирсиз. Эҳтимол, бунинг дастидан яқинингизни, уй-жойингизни ёки мол-мулкингизни йўқотган бўлсангиз, қайғурган, сиқилган ёки жаҳлингиз чиққан бўлиши мумкин. Бу моддий нарсаларга меҳр қўйганингизни ёки имонингиз суст эканини англатмайди. Тўғри, оғир қийинчиликка дуч келдингиз ва салбий туйғуларингизнинг сабабини ҳамма ҳам тушунмас. (Аюб 1:11) Лекин шунда ҳам хотиржамликка эга бўла оласиз. Қандай қилиб?

9. Исо бизни нималар бўлишидан огоҳлантирган?

9 Исонинг башоратларини ёдда тутинг. Гап шундаки, айримлар табиий офатларга ҳеч қачон йўлиқмаймиз, деб ўйлайди. Лекин биламизки, табиий офатлар янада кўпайиб, бизга ҳам таъсир қилиши мумкин. Исо издошларига охират келишдан олдин «кучли зилзилалар» ва бошқа табиий офатлар бўлишини айтган. (Луқо 21:11) Бундан ташқари, у «қонунсизлик кўпайишини» ҳам башорат қилган. Ҳозир жиноятчилик, зўравонлик ва террористик ҳужумлар авжига чиқаётганини ўз кўзимиз билан кўряпмиз. (Мат. 24:12) Исо бу нарсаларга фақат Яҳовадан юз ўгирган инсонларгина дуч келади, деб айтмаган. Унинг содиқ хизматчилари ҳам табиий офатларнинг қурбонига айланяпти. (Ишаё 57:1; 2 Кор. 11:25) Яҳова бизни ҳамма табиий офатлардан мўъжизавий тарзда ҳимоя қилмайди. Аммо хотиржамликни сақлаш ва тинчликка эга бўлишимиз учун керакли барча нарсани беради.

10. Қай йўсин фавқулодда вазиятга тайёргарлик кўриш орқали имонни намоён этамиз? (Ҳикматлар 22:3)

10 Агар фавқулодда вазиятга олдиндан тайёргарлик кўрсак, хотиржамликни сақлаш осонроқ бўлади. Бу Яҳовага ишонмаётганимизни кўрсатадими? Албатта йўқ. Аслида табиий офатларга олдиндан тайёргарлик кўриш орқали Яҳова бизга ғамхўрлик қилишига ишонаётганимизни кўрсатамиз. Қанақасига? Худонинг Каломига кўра, бундай қилиш оқилонадир. (Ҳикматлар 22:3 ни ўқинг.) Шунингдек, мақолалар, йиғилишлар ва эълонлар орқали ташкилотимиз бизни фавқулодда вазиятга тайёргарлик кўришга қайта-қайта ундаяпти c. Яҳовага ишонамизми? Агар шундай бўлса, табиий офатларга ҳозирдан тайёргарлик кўрамиз.

Олдиндан тайёргарлик кўриш табиий офатларда омон қолишга ёрдам беради (11- хатбошига қаранг.) d

11. Маргаретнинг мисолидан қандай ўрнак олдингиз?

11 Маргарет исмли опамизнинг мисолини олайлик. Унинг ҳудудида ёнғин юз бергани учун ҳамма бошқа жойга кўчиши керак эди. Кўпчилик бир вақтнинг ўзида қочишга ҳаракат қилгани учун йўлларда тирбандлик пайдо бўлди. Ҳеч бир машина олдинга қараб юра олмасди. Ҳамма жойни қора тутун қоплаганди ва Маргарет машинасидан чиқа олмасди. Бироқ у омон қолди. Чунки у олдиндан тайёргарлик кўриб, ўзи билан харита олганди. Унинг ёрдамида Маргарет бошқа йўлдан кетди. Опамиз бу ёнғин юз беришидан аввал фавқулодда вазиятда ҳаракатланиш осонроқ бўлиши учун машинасида бу йўлдан юриб кўрган эди. Яхшиямки, у тайёргарлик кўрган. Бу туфайли у ҳаётини сақлаб қолди.

12. Нима учун йўл-йўриқларга амал қиламиз?

12 Бизни ҳимоя қилиш ёки тартибни тиклаш учун ҳукмрон ҳокимият муайян соатларда кўчага чиқишни тақиқлаши, эвакуация қилиши ёки бошқа амалий чоралар кўриши мумкин. Баъзилар муаммони ўзлари ҳал қилишни истаб, уларга бўйсунмайди. Масиҳийлар-чи, қандай йўл тутишади? Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Ҳазратимиз ҳаққи ҳар турли инсоний ҳукуматларга: хоҳ у юқори мартабани эгаллаган шоҳ бўлсин, хоҳ... ҳокимлар бўлсин, уларга бўйсунинглар». (1 Бутр. 2:13, 14) Хавфсизликда бўлишимиз учун Худонинг ташкилоти ҳам йўл-йўриқлар беряпти. Фавқулодда вазият юз берганида оқсоқоллар биз билан боғлана олиши учун уларга аниқ манзилимиз ва телефон рақамимизни бериш мунтазам эслатилади. Сиз-чи, уларни хабардор қилганмисиз? Шунингдек, хавфсиз бошпана, эвакуация, керакли нарсаларни жамлаш ҳамда бошқаларни қачон ва қай йўсин қўллаб-қувватлаш бўйича йўл-йўриқлар олиб турамиз. Агар бўйсунишга имилласак ҳам ўзимизнинг, ҳам оқсоқолларнинг ҳаётини хавф остига қўямиз. Унутманг, ушбу садоқатли биродарлар биз учун ҳамиша қайғуришади. (Иброн. 13:17) Маргарет яна шундай деди: «Оқсоқоллар ҳамда ташкилотнинг йўл-йўриқларига амал қилганим учун тирик қолдим».

13. Бошқа жойларга кетган масиҳийларга хурсанд ва хотиржам бўлиб қолишга нима кўмаклашяпти?

13 Табиий офатлар, урушлар ёки фуқароларнинг тартибсизликлари дастидан кўп имондошларимиз уйларини тарк этишди. Улар ўзгарган шароитларга мослашиб, Яҳовага хизмат қилишга жон куйдиришяпти. Таъқибларга дуч келган илк масиҳийларга ўхшаб, бу азиз имондошларимиз «Аллоҳнинг каломи тўғрисидаги хушхабарни эълон» қилишда давом этишяпти. (Ҳавор. 8:4) Ваъзгўйлик иши уларга қийинчиликларига эмас, балки Худонинг Шоҳлигига кўз тикишга кўмаклашяпти. Натижада, улар хурсанд ва хотиржам қолишяпти.

ТАЪҚИБЛАР ПАЙТИДА ХОТИРЖАМ БЎЛИШ

14. Қай йўсин таъқиблар ҳаловатимизни бузиши мумкин?

14 Таъқибларга дуч келганимизда ҳаловатимиз бузилиши ҳеч гап эмас. Масалан, бир-биримиз билан бемалол кўришганимизда, очиқчасига ваъз қилганимизда ва ҳибсга олинишдан қўрқмай кундалик ишлар билан шуғулланганимизда ўзимизни бахтиёр ҳис қилиб, мамнун бўламиз. Борди-ю, бундай қила олмасак, хавотирланиб, кейин нима бўлиши борасида бош қотиришимиз мумкин. Бу туйғулар табиий. Аммо эҳтиёт бўлишимиз керак. Чунки Исо издошлари таъқиблар дастидан қоқиниши мумкинлигини айтган. (Юҳан. 16:1, 2) Хўш, таъқибларга дуч келганимизда қай йўсин тинчликни сақлай оламиз?

15. Нега таъқиблардан қўрқмаслигимиз керак? (Юҳанно 15:20; 16:33)

15 Муқаддас Китобда: «Исо Масиҳнинг издоши сифатида художўй бўлиб ҳаёт кечиришни истайдиган барча таъқибларга дучор бўлади»,— деб ёзилган. (2 Тим. 3:12) Андрей исмли биродаримизнинг мисолини олайлик. У яшайдиган жойда фаолиятимиз тақиқланганида бу сўзларга ишонгиси келмасди. У: «Ҳудудимизда Яҳованинг Шоҳидлари жуда кўп. Ахир ҳаммамизни ҳибсга олишнинг иложи йўқ-ку!» — деб айтарди. Бу фикрлар туфайли у ҳаловатини йўқотди. Бошқа биродарлар эса барчасини Яҳованинг қўлига топширди ва таъқиблардан қочиб қутула оламиз, деб ўзларини ишонтирмасди. Улар ҳибсга олиниши мумкинлигини биларди. Бу туфайли улар камроқ ташвишланди. Андрей ҳам нуқтаи назарини ўзгартириш ва Худога тўлиқ ишониш учун жон куйдирди. Вақт ўтиб у хотиржамликни ҳис қилди ва қийинчиликларга қарамай ҳозир ҳам қувонч билан хизмат қиляпти. Биз билан ҳам шундай бўлиши мумкин. Исо пайғамбар нафақат таъқибларга дуч келишимизни, балки садоқатли қолишимиз мумкинлигини ҳам айтган. (Юҳанно 15:20; 16:33 ни ўқинг.)

16. Таъқибларга дуч келганимизда қайси йўл-йўриқларга бўйсунишимиз керак?

16 Ваъзгўйлик фаолиятимиз ман этилган ёки чекланган бўлса, филиал ҳамда оқсоқоллардан йўл-йўриқлар оламиз. Улар бизни ҳимоялайди. Биродарлар маънавий озуқа олаётганимизга ишонч ҳосил қилиб, қўлдан келганча ваъз қилишимизга ёрдам беришади. Ҳатто бундай кўрсатмаларни тўлиқ тушунмаётган бўлсангиз ҳам уларга бўйсунишга интилинг. (Ёқб. 3:17) Бундан ташқари, билишга ҳаққи бўлмаган инсонларга имондошлар ёки жамоат борасидаги маълумотни айтманг. (Воиз 3:7)

Ҳатто мушкул дамларда хотиржам қолишингизга нима ёрдам беради? (17- хатбошига қаранг.) e

17. Биринчи асрдаги ҳаворийлар каби нима қилиш қарорингиз қатъий?

17 Шайтон Худонинг хизматчиларига ҳужум қилаётганининг сабабларидан бири — улар «Исо ҳақда шоҳидлик» қилишидир. (Ваҳ. 12:17) У ва унинг дунёси сизни қўрқитишига йўл қўйманг. Таъқиблар пайтида ваъзгўйлик ва таълим бериш иши билан банд бўлиш бизга қувонч ва хотиржамлик келтиради. Биринчи асрда яҳудийларнинг бошлиқлари ҳаворийларга ваъз қилишни тўхтатишни айтишган. Лекин уларнинг Худога бўйсуниш қарори қатъий бўлган. Ҳаворийлар ваъз қилишда давом этишган ва бу уларга хурсандчилик бағишлаган. (Ҳавор. 5:27–29, 41, 42) Албатта, фаолиятимиз чекланганида эҳтиёткор бўлиб ваъз қиламиз. (Мат. 10:16) Аммо энг яхшисини беришга ҳаракат қилсак, Яҳовани мамнун қиламиз ва ҳаётбахш хабарни бошқалар билан бўлишамиз. Бу хотиржамлик келтиради.

«ТИНЧЛИК ХУДОСИ СИЗЛАР БИЛАН БЎЛАДИ»

18. Ким бизга чинакам тинчлик бера олади?

18 Қийинчиликлар пайтида хотиржам бўла оламиз. Бундай пайтда Худонинг тинчлигига муҳтож бўламиз. Уни фақат Яҳова бера олади. Оғир касаллик, табиий офат ёки таъқибларга дуч келганда Унга таянинг ва ташкилоти билан яқиндан ҳамкорлик қилинг. Қолаверса, келажакка кўз тикинг. Ахир сизни ажойиб келажак кутяпти! Шундай қилсангиз, «тинчлик Худоси» сиз билан бўлади. (Филип. 4:9) Қийинчиликка дуч келган имондошларимизга Худонинг тинчлигига эга бўлишга қай йўсин ёрдам бера оламиз? Буни кейинги мақоладан билиб оламиз.

38- ҚЎШИҚ У сизни мустаҳкамлайди

a Яҳова Унга ишонганларга тинчлик ато этишни ваъда берган. Қандай тинчлик ҳақида гап кетяпти ва қай йўсин унга эга бўла оламиз? Оғир касалликлар, табиий офатлар ёки таъқибларга дуч келганимизда, «Худонинг тинчлиги» бизга қандай ёрдам беради? Ушбу мақолада бу саволларга жавоб топамиз.

b Баъзи исмлар ўзгартирилган.

c «Уйғонинг!» журналининг 2017 йил № 5 (рус) сонидаги «Фавқулодда вазиятларда ҳаётни сақлашга ёрдам берадиган қадамлар» номли мақолага қаранг.

d РАСМГА ШАРҲ. Опамиз фавқулодда вазиятга олдиндан тайёргарлик кўрган.

e РАСМГА ШАРҲ. Ваъзгўйлик фаолияти тақиқланган мамлакатда биродаримиз эҳтиёт бўлиб ваъз қиляпти.