15- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
Нутқда ўрнак бўляпсизми?
Нутқда,.. ишончли кишиларга ўрнак бўлгин. 1 ТИМ. 4:12
90- ҚЎШИҚ Бир-биримизга далда берайлик
БУ МАҚОЛАДА a
1. Гапириш қобилиятимиз қандай пайдо бўлган?
ГАПИРИШ қобилиятимиз меҳрибон Худойимизнинг совғасидир. Илк инсон Одамато яратилганидан кўп ўтмай самовий Отаси билан гаплаша олган. Шунингдек, у янги сўзлар билан сўз бойлигини ошириши мумкин эди. Одамато бу қобилиятидан барча ҳайвонларга ном бериш вазифасида фойдаланган. (Ибт. 2:19) У айниқса, бошқа бир инсон, яъни гўзал рафиқаси Момоҳаво билан гаплашганда ниҳоятда қувонган бўлса керак. (Ибт. 2:22, 23)
2. Ўтмишда одамлар нутқидан қандай фойдаланган, ҳозир-чи?
2 Вақт ўтиб, нутқдан нотўғри фойдаланадиган бўлишди. Шайтон Иблис Момоҳавони алдади. Бунинг дастидан одамларга гуноҳ ва номукаммаллик ўтди. (Ибт. 3:1–4) Одамато Момоҳавони — ва ҳатто Яҳовани айблаганида, тилидан нотўғри фойдаланди. (Ибт. 3:12) Қобил эса укаси Ҳобилни ўлдирганида Яҳовани алдади. (Ибт. 4:9) Кейинчалик, Қобилнинг авлодидан бўлган Ламех унинг давридаги одамлар жуда зўравон бўлиб кетгани ҳақида шеър ёзганди. (Ибт. 4:23, 24) Хўш, бугунги вазият ҳақида нима деса бўлади? Масалан, гоҳида сиёсий раҳбарлар ҳақоратли сўзлардан фойдаланишдан уялмайди. Аксарият фильмларда ёмон нутқ ишлатилади. Мактабда ёки ишхонада ҳам худди шундай. Афсуски, ҳозир ёмон нутқ кенг тарқалиб кетган. Бу дунё жуда разиллашиб кетганининг исботидир.
3. Нимадан эҳтиёт бўлишимиз керак ва бу мақолада нимани муҳокама қиламиз?
3 Агар эҳтиёт бўлмасак, беадаб гапларни тез-тез эшитганимиз туфайли улар бизга ҳам юқиши мумкин. Албатта, масиҳийлар сифатида Яҳовани хурсанд қилишни истаймиз. Шунинг учун, ёмон нутқдан асло фойдаланмаймиз. Нутқ каби ажойиб совғадан тўғри — Яҳовани мадҳ этиш учун фойдаланишни истаймиз. Ушбу мақолада 1) хизматда; 2) йиғилишларда ва 3) кундалик мулоқотда буни қай йўсин қила олишимизни кўриб чиқамиз. Келинг, аввалига нутқимиз нега Яҳова учун муҳим аҳамиятга эга эканини билиб олайлик.
ЯҲОВА НУТҚИМИЗГА БЕФАРҚ ЭМАС
4. Малаки 3:16 га кўра, нима учун Яҳова нутқимизга бефарқ эмас?
4 Малаки 3:16 ни ўқинг. Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз нега Яҳова Ундан қўрқиб, исми ҳақида мулоҳаза юритадиган инсонларнинг исмини «хотира китобига» ёзиб қўяди? Гап шундаки, нутқимиз қалбимизда нима борлигини ошкор этади. Исо шундай деган: «Одамнинг дилида нима бўлса, тили шуни гапиради». (Мат. 12:34) Гапларимиз Яҳовани қанчалик севишимизни кўрсатади. Яҳова Уни яхши кўрадиган инсонлар янги дунёда ҳаётдан тоабад завқланиб яшашини хоҳлайди.
5. а) Топинишимиз гапириш тарзимиз билан қандай боғлиқ? б) Расмда кўрсатилганидай, нутқимиз борасида нимани ёдда сақлашимиз керак?
5 Гапириш тарзимиз Яҳова топинишимизни қабул қилиш-қилмаслигига таъсир қилади. (Ёқб. 1:26) Худони севмайдиган баъзилар жаҳл билан, қўпол ва кеккайиб гапиради. (2 Тим. 3:1–5) Биз уларга ўхшашни хоҳламаймиз. Яҳовани нутқимиз билан мамнун қилишни истаймиз. Бироқ йиғилишда ёки хизматда меҳр ила гапирсак, бошқалар кўрмаганида эса оила аъзоларимиз билан қўпол муомала қилсак, Яҳова мамнун бўладими? (1 Бутр. 3:7)
6. Камоланинг гапириш тарзи қандай натижа келтирди?
6 Нутқимиздан тўғри фойдаланиб ўзимизни Яҳованинг топинувчилари сифатида танитамиз. Шунингдек, бу бошқаларга «Худога хизмат қилаётган киши билан Унга хизмат қилмаётган киши ўртасидаги фарқни» кўришга ёрдам беради. (Мал. 3:18) Камола синглимизнинг мисоли бунинг яққол исботидир b. У мактабда синфдоши билан бир вазифани бажарганди. Иш жараёнида синфдоши Камола бошқалардан фарқ қилишига эътибор берди. Чунки у ҳеч кимнинг орқасидан ёмон гапирмасди ва беадаб сўзларни ишлатмасди, аксинча, хушмуомала бўлишга ҳаракат қиларди. Камоланинг синфдошига бу қаттиқ таъсир қилди ва ҳатто кейинчалик у Муқаддас Китоб тадқиқини бошлади. Демак, нутқимиз билан бошқаларни ҳақиқатга жалб қилсак, Яҳовани мамнун қилган бўламиз.
7. Худонинг совғаси бўлмиш нутқдан қандай фойдаланмоқчисиз?
7 Ҳар биримиз нутқимиз Яҳовага шараф келтиришини ва бизни имондошларимизга яқинлаштиришини хоҳлаймиз. Келинг, нутқда ўрнак бўлишимизга ёрдам берадиган баъзи амалий маслаҳатларни кўриб чиқайлик.
ХИЗМАТДА ЎРНАК БЎЛИНГ
8. Исо нутқидан қай йўсин фойдалангани биз учун қандай ўрнак бўла олади?
8 Бошқалар жаҳлингизни чиқарганида, меҳр ва ҳурмат ила гапиринг. Исо ер юзидаги хизмати давомида майхўр, очофат, Иблиснинг шериги, Шаббат кунига риоя қилмайдиган ва Худога қарши гапирадиган киши сифатида айбланган. (Мат. 11:19; 26:65; Луқо 11:15; Юҳан. 9:16) Шундай бўлса-да, Исо бундай вазиятларда ёмон сўзлар билан жавоб қайтармаган. Бошқалар бизга қўпол гапирганида, Исога ўхшашимиз ва уларга худди шундай жавоб қайтармаслигимиз лозим. (1 Бутр. 2:21–23) Албатта, бундай қилиш доим ҳам осон эмас. (Ёқб. 3:2) Хўш, бунда бизга нима ёрдам бериши мумкин?
9. Хизматда нутқимизни назорат қилишга нима ёрдам бериши мумкин?
9 Хизматда кимдир қаттиқ ботадиган сўзлар айтганида, хафа бўлмасликка ҳаракат қилишимиз керак. Самандар биродаримиз шундай бўлишди: «Мен диққатимни суҳбатдошим хушхабарни эшитиши кераклигига ва ўзгариши мумкинлигига қаратаман». Баъзида шунчаки ноқулай пайтда келганимиз учун уй эгасининг жаҳли чиқиши мумкин. Аччиғи чиққан киши билан гаплашганда, Лайло исмли опамиз каби йўл тутсак бўлади. Бундай вазиятларда у қисқа ибодат қилиб, Яҳовадан хотиржамликни сақлашга ва хушмуомалалик ҳамда ҳурмат билан гапиришга ёрдам беришини сўрайди.
10. Нимага интилишимиз керак? (1 Тимўтийга 4:13)
10 Таълим беришда янада маҳоратли бўлинг. Тимўтий тажрибали ваъзгўй бўлган, лекин шунга қарамай таълим беришда маҳоратини ривожлантириши керак эди. (1 Тимўтийга 4:13 ни ўқинг.) Қандай қилиб биз моҳирлик ила таълим бера оламиз? Бунинг учун пухта тайёргарлик кўришимиз керак. Яхшиямки, хизматда маҳоратимизни оширишга ёрдам берадиган турли асбобларга эгамиз. «Ўқишда ва таълим беришда давом этинг» рисоласи ҳамда «Ҳаёт тарзимиз ва хизматимиз. Таълим дастури»нинг «Хизматда фаол бўлинг» қисмидан фойдали маълумотларни топиш мумкин. Бу адабиётлардан фойдаланяпсизми? Пухта тайёргарлик кўрсак хизматда камроқ ҳаяжонланамиз ва ишонч билан гапирамиз.
11. Баъзи масиҳийлар қандай қилиб яхши таълим бера оляпти?
11 Янада яхшироқ таълим бериш борасида жамоатдагилардан ҳам кўп нарсаларни ўрганишимиз мумкин. Юқорида тилга олинган Самандар нега баъзи биродару опа-сингиллар яхши таълим бериши ҳақида ўйлайди. У шунингдек, улар қай йўсин таълим беришига эътибор қаратиб ўрнак олишга интилади. Тамара исмли имондошимиз маҳоратли маърузачилар оммавий нутқларни қай тарзда ёритиб бераётганига диққат қаратади. Шу йўсин, у хизматда одамлар кўпинча муҳокама қиладиган мавзуларда қандай гапириш ва музокара юритиш борасида ўрганади.
ЙИҒИЛИШЛАРДА ЎРНАК БЎЛИНГ
12. Айримлар учун нима қилиш қийин кечади?
12 Барчамиз йиғилишларда бирга қўшиқ куйлаб ва яхши тайёрланган шарҳлар бериб иштирок эта оламиз. (Заб. 22:22) Аммо айримлар учун омма олдида бундай қилиш қийин кечади. Бу сиз учун ҳам қийинми? Агар шундай бўлса, бошқаларга бундай қўрқувни енгишга нима ёрдам берганини билиш сиз учун қизиқарли бўлади.
13. Йиғилишларда сидқидилдан куйлашингизга нима ёрдам бериши мумкин?
13 Сидқидилдан куйланг. Ҳамду сано қўшиқларини куйлаганимизда, диққатимизни Яҳовани улуғлашга қаратишимиз керак. Ситора исмли опамиз ўзини яхши қўшиқ куйлайди, деб ҳисобламайди. Лекин шунга қарамай куйлаш орқали у Яҳовани улуғлашни истайди. Йиғилишга тайёргарлик кўрганида қўшиқларни олдиндан куйлаш унга ёрдам беряпти. У қўшиқларга олдиндан тайёргарлик кўрганида, матндаги сўзлар йиғилишда муҳокама қилинадиган асосий фикрлар билан қандай боғлиқ экани ҳақида ўйлашга ҳаракат қилади. Ситора шундай деб бўлишди: «Бундай қилиш диққатимни кўпроқ қандай куйлаётганимга эмас, сўзларнинг маъносига қаратишга ёрдам беряпти».
14. Тортинчоқ бўлсангиз, шарҳ беришингизга нима ёрдам бериши мумкин?
14 Мунтазам равишда шарҳ беринг. Баъзиларнинг айтишича, шарҳ бериш улар учун қийин. Юқорида тилга олинган Тамара шундай бўлишди: «Овозим паст бўлгани учун кўп одамлар олдида ўзимни ноқулай ҳис қиламан. Ҳатто улар менга эътибор бермаса ҳам, шарҳ беришга қийналаман». Аммо Тамара таслим бўлмади. У йиғилишларга тайёргарлик кўраётиб, саволга бериладиган биринчи жавоб қисқа ва аниқ бўлиши кераклигини ёдда тутади. У қуйидагича деди: «Жавобларим қисқа ва оддий бўлиши, асосий фикрни таъкидлаши яхши. Чунки муҳокамани ўтказаётган биродар шу каби жавобларни кутади».
15. Шарҳларимиз борасида нимани ёдда тутишимиз керак?
15 Ҳатто тортинчоқ бўлмаган масиҳийлар ҳам баъзан шарҳ бермайди. Нега? Жамила исмли опамиз шундай бўлишди: «Шарҳларим жуда оддий бўлгани ва унча яхши туюлмагани учун баъзан шарҳ беришга иккиланаман». Лекин шуни ёдда тутинг, Яҳова имконимиз борича энг яхши шарҳ беришимизни истайди c. Қўрқувга қарамасдан, йиғилишларда Яҳовани шарафлаш учун қўлимиздан келганини қилганимизда, У хурсанд бўлади.
КУНДАЛИК МУЛОҚОТДА ЎРНАК БЎЛИНГ
16. Қандай нутқдан фойдаланмаслигимиз керак?
16 «Ҳақоратли сўзларни» ишлатманг. (Эфес. 4:31) Юқорида айтилганидай, масиҳийлар ҳақоратли сўзлардан фойдаланмайди. Аммо яна қандай сўзларни ишлатишдан эҳтиёт бўлишимиз керак? Масалан, бошқа маданият, қабила ёки миллатга мансуб одамлар ҳақида ёмон гапирмаймиз. Қолаверса, бошқаларнинг дилига қаттиқ ботадиган сўзлардан фойдаланмаймиз. Бир биродар шундай бўлишди: «Гапларим кулгили ва зарарсиз деб ўйлардим, аммо аслида улар бошқаларга оғриқ келтирарди. Йиллар мобайнида хотиним менга ёрдам берди. Қўпол гапирганимда ёки сўзларим билан уни ва бошқаларни ранжитганимда, бу ҳақида менга айтарди».
17. Эфесликларга 4:29 га кўра, қай йўсин сўзларимиз билан бошқаларни мустаҳкамлай оламиз?
17 Мустаҳкамлайдиган сўзларни гапиринг. Бошқаларни танқид қилиш ёки улардан норози бўлишнинг ўрнига уларни мақташга ҳаракат қилинг. (Эфесликларга 4:29 ни ўқинг.) Исроилликларда миннатдор бўлиш учун кўпгина сабаблар бор эди. Лекин улар тез-тез нолиган. Норозилик руҳи атрофимиздагиларга таъсир қилиши мумкин. Ўнта айғоқчи олиб келган ёмон хабар туфайли «барча Исроил ўғиллари Мусога... қарши чиқиб, нолигани» ёдингизда бўлса керак. (Саҳ. 13:31–14:4) Бошқа томондан, мақтов кишини янада бахтли қилиши мумкин. Йифтохнинг қизига дугоналарининг мақтови вазифасини қувонч билан бажаришга ёрдам бергани шубҳасиз. (Ҳак. 11:40) Юқорида тилга олинган Ситора шундай деб бўлишди: «Бошқаларни мақтаганда, Яҳова уларни яхши кўришини ва Унинг ташкилотида ўз ўрни борлигини ҳис қилишга ёрдам берамиз». Шунинг учун, имондошларимизни чин қалбдан мақташ имкониятларини қидиринг.
18. Забур 15:1, 2 га биноан, нега рост гапиришимиз керак ва бу нимани ўз ичига олади?
18 Рост гапиринг. Ростгўй бўлмасак, Яҳова биздан мамнун бўлмайди. Чунки У ёлғондан нафратланади. (Ҳик. 6:16, 17) Бугунги кунда кўп одамлар ёлғонга оддий ҳолдек қараса-да, биз Яҳова каби ёлғондан нафратланамиз. (Забур 15:1, 2 ни ўқинг.) Ҳа, биз нафақат ёлғон гапирмаймиз, балки бошқаларда нотўғри тасаввур уйғотадиган чала ҳақиқатни айтишдан ҳам қочамиз.
19. Яна нима қилишдан эҳтиёт бўлиш керак?
19 Ғийбат қилишдан қочинг. (Ҳик. 25:23; 2 Салон. 3:11) Юқорида тилга олинган Жамила ғийбат унга қандай таъсир қилиши ҳақида шундай деб бўлишди: «Ғийбат қилишганини эшитганимда руҳим тушади. Бу ғийбат қилаётган инсонга нисбатан ишончимни сусайтиради. Бир кун келиб, у мен ҳақимда ҳам ғийбат қилмаслигини қаердан биламан?» Суҳбат ғийбатга айланаётганини сезсангиз, мавзуни ижобий томонга буришга ҳаракат қилинг. (Колос. 4:6)
20. Нима қилишга қароримиз қатъий бўлиши керак?
20 Биз ёмон нутқ кенг тарқалган дунёда яшаяпмиз. Шунга, нутқимиз Яҳовани хурсанд қилиши учун жон куйдиришимиз даркор. Унутманг, нутқ Яҳованинг совғасидир. У нутқимиздан қандай фойдаланаётганимизга бефарқ эмас. Хизматда, йиғилишда ва кундалик мулоқотда нутқимиздан тўғри фойдаланиш учун қилган ҳаракатларимизга Худо барака беради. Яҳова бу ёвуз дунёни йўқ қилганида, нутқимиз билан Уни шарафлаш анча осонроқ бўлади. (Яҳд. 15) Унгача эса, келинг, оғзимиздан «чиққан сўзлар» билан Яҳовани мамнун қилиш қароримиз қатъий бўлсин. (Заб. 19:14)
121- ҚЎШИҚ Ўзини тиймоқ муҳимдир
a Нутқимиз Яҳованинг ажойиб совғасидир. Афсуски, кўп одамлар бу совғадан Яҳова хоҳлагандек фойдаланмаяпти. Бу ёвуз дунёда нутқимиз бошқаларга далда беришига ва Яҳовани мамнун қилишига нима ёрдам бериши мумкин? Қай йўсин хизматда, йиғилишларда ва бошқалар билан мулоқот қилганда нутқимиз билан Яҳовани хурсанд қила оламиз? Ушбу саволларга бу мақоладан жавоб топамиз.
b Баъзи исмлар ўзгартирилган.
c Шарҳ бериш ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлиш учун «Қўриқчи минораси»нинг 2019 йил январь сонидаги «Жамоат ичра Тангри Яҳовага ҳамду сано айтинг» номли мақолага қаранг.
d РАСМГА ШАРҲ. Биродар ғазабга минган уй эгасига қўпол жавоб қайтаряпти, биродар йиғилишда қўшиқ куйлашга тортиняпти, опамиз ғийбат қиляпти.