Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

32- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Азиз ёшлар, сувга чўмгандан кейин ҳам маънан ўсишда давом этинг

Азиз ёшлар, сувга чўмгандан кейин ҳам маънан ўсишда давом этинг

Ҳамма нарсада севги орқали ўсиб борайлик. ЭФЕС. 4:15

56- ҚЎШИҚ Ҳақиқат йўли ҳаёт йўлинг бўлсин

БУ МАҚОЛАДА *

1. Кўп ёшлар нималар қилди?

 ҲАР ЙИЛИ минглаб ёшлар сувга чўмади. Сиз ҳам сувга чўмганмисиз? Шундай бўлса, имондошларингиз ва Яҳова бундан жуда хурсанд. (Ҳик. 27:11) Бироз тўхтаб нималар қилганингиз ҳақида ўйлаб кўринг. Масалан, Муқаддас Китобни сидқидилдан тадқиқ қилдингиз. Эҳтимол, бу бир неча йил давом этгандир. Муқаддас Китоб Худонинг Каломи эканига ишондингиз. Энг муҳими эса, унинг Муаллифини таниб-билиб, Унга нисбатан севгингиз пайдо бўлди. Ушбу туйғу кучайгани туфайли ўзингизни Худога бағишлаб, сувга чўмдингиз. Бу ниҳоятда ажойиб!

2. Ушбу мақолада нимани муҳокама қиламиз?

 2 Сувга чўмишдан олдин Яҳовага бўлган садоқатингиз турли йўллар билан синалгани шубҳасиз. Лекин улғайганингиз сари янги синовларга рўбарў келасиз. Шайтон сизни Яҳовадан узоқлаштириш ва Унга бўлган севгингизни сусайтириш учун қўлдан келганча ҳаракат қилади. (Эфес. 4:14) Бунга асло йўл қўймаслигингиз лозим. Яҳовага садоқатли қолишга ва хизматингизни давом эттиришга нима ёрдам бериши мумкин? Маънавий етуклик сари «интилиш». (Иброн. 6:1) Буни қандай қила оласиз?

ЕТУК МАСИҲИЙ БЎЛИШ УЧУН НИМА ҚИЛА ОЛАСИЗ?

3. Сувга чўмгач барча масиҳийлар нима қилиши керак?

3 Сувга чўмгач, ҳаворий Павлуснинг Эфесдаги масиҳийларга берган маслаҳатига барчамиз амал қилишимиз даркор. Павлус уларни «етук бўлишга» ундаган. (Эфес. 4:13) Бошқача айтганда, улар ўсишда давом этиши керак эди. Павлус бу жараённи боланинг улғайиши билан солиштирган. Масалан, ота-она чақалоғини яхши кўради ва у билан фахрланади. Аммо у бутун умр чақалоқ бўлиб қолавермайди. Вақт ўтгач, «болаликка хос нарсаларни» қолдириши керак бўлади. (1 Кор. 13:11) Масиҳийларда ҳам худди шундай. Сувга чўмгач, маънан ўсишда давом этишимиз лозим. Келинг, бунга ёрдам берадиган айрим фикрларга диққат қаратайлик.

4. Маънан ўсишингизга нима ёрдам бериши мумкин? Тушунтиринг. (Филиппиликларга 1:9)

4 Яҳовага бўлган севгингизни кучайтиринг. Яҳовани жуда яхши кўришингиз тайин. Лекин Унга бўлган севгингиз кучайиши мумкин. Қандай қилиб? Ҳаворий Павлус Филиппиликларга 1:9 да (ўқинг) бунинг бир йўлини айтган. У Филиппидаги имондошларининг севгиси «тобора ортиб бориши» ҳақида ибодат қилган. Демак, Яҳовага бўлган севгимиз кучайиши мумкин. Бунинг учун аниқ билимга ва тўлиқ тушунчага эга бўлишимиз керак. Яҳовани яхшироқ билганимиз сайин Унга бўлган севгимиз ошади ва Унинг шахсиятию ишларини кўпроқ қадрлаймиз. Натижада, Худони мамнун қилиш истагимиз кучайиб, Уни ранжитадиган ишларни ҳеч қачон қилмаймиз. Қолаверса, Яҳованинг иродаси нимадан иборат эканини яхши тушунишга ва уни бажаришга жон куйдирамиз.

5, 6. Яҳовага бўлган севгимизни қандай қилиб кучайтира оламиз? Тушунтиринг.

5 Исо Яҳовага мукаммал тарзда тақлид қилган. Шунинг учун, у ҳақда кўпроқ билим олиш орқали Яҳовага бўлган севгимизни кучайтирамиз. (Иброн. 1:3) Инжил баёнотларини тадқиқ қилиш Исони таниб-билишнинг энг яхши йўлидир. Муқаддас Китобни ҳар куни ўқишга одатланмаган бўлсангиз, ҳозирнинг ўзида Исо ҳақидаги баёнотларни ўқишни бошлашингиз мумкин. Бундай қилганда унинг фазилатларига диққат қаратинг. Масалан, одамлар у билан вақт ўтказишни ва суҳбатлашишни ёқтирарди. У болаларни қучоқлаб ўтиришни яхши кўрарди. (Марк 10:13–16) Исо меҳрибон ва самимий эди. Шогирдлари унинг олдида фикрларини билдиришдан қўрқмасди. (Мат. 16:22) Исо бу борада самовий Отамизга ўхшаган. Ҳа, Яҳовага ҳам бемалол мурожаат қилсак бўлади. Унга ибодат қилганимизда қалбимиздаги барчасини айтиб беришимиз мумкин. У бизни ҳукм қилмаслигига аминмиз. Яҳова бизни яхши кўради ва ғамхўрлик қилади. (1 Бутр. 5:7)

6 Исо одамларга ҳамдард бўлган. Ҳаворий Матто бу борада қуйидагича ёзган: «Исо оломонни кўриб уларга ачинди, чунки улар чўпонсиз қўйлардай тарқоқ ва ҳолдан тойган эдилар». (Мат. 9:36) Яҳова-чи, нималарни ҳис қилади? Исо шундай деган: «Самовий Отам... ўша кичикларнинг бирортаси йўқолишини истамайди». (Мат. 18:14) Яҳова бизни севишини билишдан хурсандмиз. Исони яхшироқ билиб олсак, Яҳовага бўлган севгимиз янада кучаяди.

7. Етук масиҳийлар билан дўстлашиш сизга қандай ёрдам бериши мумкин?

7 Жамоатингиздаги маънан етук имондошлар билан кўпроқ вақт ўтказиш Худога бўлган севгингизни оширишга ва маънан ўсишга кўмаклашади. Улар қанчалик хурсанд эканига аҳамият беринг. Бу биродару опа-сингилларимиз Яҳовага хизмат қилиш қароридан афсусланмайди. Улардан хизматда дуч келган айрим воқеаларни айтиб беришини сўранг. Муҳим қарор чиқариш керак бўлганида улар билан маслаҳатлашинг. Унутмангки, «маслаҳатчи кўп бўлса» иш ривож топади. (Ҳик. 11:14)

Мактабда эволюция назарияси борасидаги саволларга жавоб бериш учун қай йўсин тайёргарлик кўриш мумкин? (8-, 9- хатбошиларига қаранг.)

8. Муқаддас Китоб таълимотларидан шубҳаланаётган бўлсангиз нима қилишингиз мумкин?

8 Шубҳаларингизни енгинг.  2- хатбошида айтилганидай, маънан ўсишингизга халақит бериш учун Шайтон қўлдан келганини қилади. Унинг усулларидан бири Муқаддас Китоб таълимотларига нисбатан шубҳалар уйғотиш. Мисол учун, кимдир сизни Худо бизни яратмаганига ва биз шунчаки эволюция туфайли пайдо бўлганимизга ишонтирмоқчи бўлар. Эҳтимол, кичиклигингизда бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмагансиз, ҳозир эса мактабда бунга дуч келяпсиз. Ўқитувчиларингизнинг эволюция ҳақида айтаётганлари мантиқан тўғри ва ишончли бўлиб туюлар. Аммо улар Яратувчи борлигини тасдиқлайдиган далилларни излаб ҳам кўришмагандир. Ҳикматлар 18:17 даги принципни ёдда тутинг. У ерда шундай ёзилган: «Қарши томон келиб, сўроқ-савол қилмагунча, маҳкамада биринчи гапирганнинг даъвоси тўғри кўринади». Мактабда ўрганганларингизга шунчаки ишонишдан кўра, Худонинг Каломи бўлмиш Муқаддас Китобни синчковлик ила тадқиқ қилиб, адабиётларимиз ёрдамида изланиш ўтказинг. Ўтмишда эволюцияга ишонган биродару опа-сингиллар билан суҳбатлашинг. Яратувчи борлигига уларни нима ишонтирганини сўранг. Имонингизни мустаҳкамлайдиган бундай суҳбатлар Яратувчи борлиги ҳақидаги далилларни топишга ёрдам беради.

9. Мелиссанинг мисолидан қандай сабоқ олдингиз?

9 Мелисса синглимиз яратилиш борасида тадқиқ ўтказишдан катта фойда олди *. У шундай бўлишди: «Устозларнинг эволюция назарияси борасида ўргатаётганлари ишончлидай туюлиши мумкин. Бошида тадқиқ ўтказишни истамадим. Чунки эволюция назарияси тўғри бўлиб чиқишидан қўрққандим. Лекин Яҳова Унга кўр-кўрона хизмат қилишимизни истамаслиги ҳақида ўйладим. Шунинг учун, изланишга киришдим. Мен “Ғамхўр Яратувчи бормикан?” китобини ҳамда “Ҳаёт яратилганми?” ва “Ҳаётнинг келиб чиқиши. Жавоб талаб қилаётган бешта савол” номли рисолаларни ўқиб чиқдим. У ердаги маълумот менга керакли эди. Буни вақтлироқ қилсам бўларкан».

10, 11. Ахлоқан пок қолишингизга нима ёрдам беради? (1 Салоникаликларга 4:3, 4)

10 Нотўғри хулқ-атвордан йироқлашинг. Ёшликда жинсий хоҳиш-истаклар жуда кучли бўлиши мумкин ва гоҳида бу жинсий ахлоқсизликка етаклаши ҳеч гап эмас. Бу Шайтоннинг мақсади. Хўш, васвасага қарши туришингизга нима ёрдам бериши мумкин? (1 Салоникаликларга 4:3, 4 ни ўқинг.) Яҳовага ибодат қилиб, ҳис-туйғуларингиз билан бўлишинг. Унга ўзингизни қандай ҳис қилаётганингизни айтиб, сизни мустаҳкамлашини сўранг. (Мат. 6:13) Унутмангки, Яҳова сизни ҳукм қилмайди, У сизга ёрдам бермоқчи. (Заб. 103:13, 14) Худонинг Каломи ҳам ёрдам бериши мумкин. Юқорида тилга олинган Мелисса нопок фикрлар билан курашган. У шундай деди: «Муқаддас Китобни ҳар куни ўқиш ёмон истакларим билан курашишга кўмаклашган. Бу мен Яҳовага тегишли ва Унга хизмат қилмоқчи эканимни эслатиб турарди». (Заб. 119:9)

11 Муаммоларингизни якка ўзингиз ҳал қилишга уринманг. Улар тўғрисида ота-онангиз билан гаплашинг. Албатта, шахсий мавзуларда гаплашиш осон эмас. Лекин буни қилиш жуда муҳим. Мелисса шундай деди: «Жасорат сўраб ибодат қилдим ва муаммо тўғрисида дадам билан гаплашдим. Бундан кейин ўзимни роса енгил ҳис қилдим. Яҳова мен билан фахрланишига ишонаман».

12. Қандай қилиб тўғри қарорлар чиқара оласиз?

12 Муқаддас Китобдаги принциплар сизни йўналтиришига йўл қўйинг. Катта бўлганингиз сайин ота-онангиз шахсий қарорлар чиқаришингиз учун кўпроқ эркинлик беради. Лекин сиз билмайдиган ҳали кўп нарсалар бор. Яҳова билан муносабатларингизга путур етказадиган хатолардан қандай қоча оласиз? (Ҳик. 22:3) Кари исмли опамиз тўғри қарорлар чиқаришига нима ёрдам бергани билан бўлишди. Унинг айтишича, маънан етук инсонга ҳар бир вазият учун қоидалар керак эмас. Кари шундай деди: «Нафақат Муқаддас Китобдаги қонун-қоидаларни, балки принципларни ҳам тушунишим керак эди». Худонинг Каломини ўқиганда ўзингиздан шундай сўранг: «Ушбу парчадан Яҳованинг фикрлаши борасида нималарни билиб олдим? Бу ерда тўғри йўл тутишимга ёрдам берадиган принциплар борми? Агар бор бўлса, уларни қўллаб қандай фойда оламан?» (Заб. 19:7; Ишаё 48:17, 18) Муқаддас Китобни ўқиб, у ердаги принциплар устида мулоҳаза юритсангиз, Яҳовани мамнун қиладиган қарорлар чиқаришингиз осонроқ бўлади. Маънан ўсганингиз сайин ҳар бир вазият учун алоҳида қоидага муҳтож эмаслигингизни кўрасиз. Чунки бу борада Яҳова қандай фикрда эканини тушунасиз.

Синглимиз қандай дўстларни танлаган? (13- хатбошига қаранг.)

13. Яхши дўстлар сизга қандай таъсир қилиши мумкин? (Ҳикматлар 13:20)

13 Яҳовани севадиган дўстларни танланг. Юқорида айтилганидай, сиз танлаган дўстлар етук масиҳий бўлишингизга ёрдам бериши мумкин. (Ҳикматлар 13:20 ни ўқинг.) Сара исмли синглимиз қувончини йўқотган эди. Кейинчалик у нуқтаи назарини ўзгартира олди. У шундай бўлишди: «Айнан керакли пайтда яхши дўстлар орттирганман. Битта дугонам билан “Қўриқчи минораси”даги тадқиқ мақоласига ҳар ҳафта тайёргарлик кўрардик. Бошқа дугонам эса йиғилишларда шарҳ беришни бошлашимга ёрдамлашди. Дўстларимнинг кўмаги билан шахсий тадқиқ ўтказишни ва ибодатларга жиддийроқ ёндашишни ўргандим. Яҳова билан янада яқин муносабатларни ривожлантиришни бошладим. Шунда хурсандчилигим қайтди».

14. Жульен қандай қилиб яхши дўстлар орттирди?

14 Сизга яхши таъсир қиладиган дўстларни қандай топишингиз мумкин? Ҳозир оқсоқол бўлиб хизмат қилаётган Жульен шундай деди: «Ёшроқ бўлганимда хизматда ҳамкорлик қилиш орқали яхши дўстлар орттирганман. Улар жуда ғайратли эди ва менга хизматдан қувонч топишга ёрдам беришди. Тўла вақтли хизмат мақсадимга айланди. Шунингдек, яхши дўстларим камлигининг сабаби фақат тенгдошларим билан дўстлашаётганим эканини тушундим. Кейинчалик байтилчилар орасидан ҳам яхши дўстлар орттирдим. Уларнинг ўрнаги ўйин-кулгилар борасида тўғрироқ қарорлар чиқаришимга ҳамда Яҳовага яқинроқ бўлишимга ёрдам берди».

15. Павлус Тимўтийни нимадан огоҳлантирган? (2 Тимўтийга 2:20–22)

15 Жамоатдаги кимдир билан вақт ўтказиш маънавийлигимизга зарар етказаётган бўлса-чи? Павлус биринчи асрдаги жамоатда айримлар ўзини масиҳий каби тутмаётганини билган. Шу боис, у Тимўтийни улардан узоқроқ юришга ундаган. (2 Тимўтийга 2:20–22 ни ўқинг.) Яҳова билан бўлган муносабатларимиз жуда қадрли. У билан дўстлашиш учун жон куйдирган эканмиз, бу дўстликни ҳеч ким барбод қилишига йўл қўймаслигимиз лозим. (Заб. 26:4)

МАЪНАН ЎСИШИНГИЗГА ЁРДАМ БЕРАДИГАН ҚАНДАЙ МАҚСАДЛАР ҚЎЙИШИНГИЗ МУМКИН?

16. Қандай мақсадлар қўйишингиз керак?

16 Фойдали мақсадлар қўйинг. Имонингизни мустаҳкамлашга ҳамда маънан етук масиҳий бўлишингизга ёрдам берадиган мақсадларни танланг. (Эфес. 3:16) Мисол учун, шахсий тадқиқ ва Муқаддас Китобни мунтазам ўқишни яхшилашни истарсиз. (Заб. 1:2, 3) Ё бўлмаса, янада кўпроқ ва сидқидилдан ибодат қилишни хоҳларсиз. Эҳтимол, ўйин-кулги ва бунга қанча вақт ажратиш борасида ўзингизни тута билиш керакдир. (Эфес. 5:15, 16) Яҳова маънан етук бўлиш учун қилаётган ҳаракатларингизни кўриб қувонади.

Синглимиз қайси мақсадлар сари интилган? (17- хатбошига қаранг.)

17. Бошқаларга ёрдам бериш сизга қандай фойда келтиради?

17 Бошқаларга ёрдам берганингизда янада етук масиҳийга айланасиз. Исо: «Олишдан кўра беришнинг бахтиёрлиги катта»,— деб айтган. (Ҳавор. 20:35) Одамларга ёрдам бериш учун вақт ҳамда кучингизни сарфлашдан фойда оласиз. Масалан, жамоатингиздаги ёши катта ва касал имондошларга ёрдам бериш мақсадини қўйинг. Балки улар учун бозор-ўчар қиларсиз ёки электрон қурилмалардан фойдаланишни ўргатарсиз. Агар биродар бўлсангиз, жамоат хизматкори бўлишга интилинг. Шунда биродару опа-сингилларга кўпроқ ёрдамингиз тегади. (Филип. 2:4) Қолаверса, Шоҳлик ҳақидаги хушхабарни ваъз қилиб одамларни севишингизни кўрсатасиз. (Мат. 9:36, 37) Имкон бўлса, тўла вақтли хизматнинг бирон турида қатнашишни мақсад қилинг.

18. Қай йўсин тўла вақтли хизматда иштирок этиш маънан ўсишингизга ёрдам беради?

18 Тўла вақтли хизматда иштирок этиш маънан ўсишингизга кўмаклашади. Кашшофлик хизмати Шоҳлик хабарчилари мактабида ўқиш имконини беради. Шунингдек, Байтилда хизмат қилишингиз ёки ташкилотимизнинг қурилиш лойиҳаларида иштирок этишингиз мумкин. Кетлин исмли кашшоф синглимиз шундай деди: «Сувга чўмганимдан кейин тажрибали биродару опа-сингиллар билан хизмат қилиш маънан ўсишимга ёрдам берди. Уларнинг ўрнаги Муқаддас Китобдан кўпроқ билим олишга ҳамда таълим бериш қобилиятимни яхшилашга туртки бўлди».

19. Маънан ўсишда давом этсангиз қандай баракалардан баҳраманд бўласиз?

19 Маънан ўсишда давом этсангиз кўп баракалардан баҳраманд бўласиз. Кучингизни беҳуда нарсаларга сарфламайсиз. (1 Юҳан. 2:17) Қолаверса, нотўғри қарорлар келтирадиган азобдан ҳоли бўласиз. Бундан фарқли равишда ҳақиқий муваффақият ва бахтга эришасиз. (Ҳик. 16:3) Ўрнагингиз ёшу кекса имондошларга далда бахш этади. (1 Тим. 4:12) Энг муҳими, Яҳовани мамнун қилаётганингиздан ва У билан яқин дўст эканингиздан хотиржамлик ҳамда мамнуният ҳис этасиз. (Ҳик. 23:15, 16)

88- ҚЎШИҚ Очиб бер менга йўлларингни

^ Ёшлар сувга чўмганида Яҳованинг барча хизматчилари роса қувонади. Албатта, сувга чўмгандан кейин ҳам маънан ўсиш керак бўлади. Бу мақолада яқинда сувга чўмган ёш масиҳийларга маънан ўсишга кўмаклашадиган қадамларга эътибор қаратамиз. Ушбу қадамларни кўриб чиқиш жамоатдаги барчага фойдали бўлади.

^ Баъзи исмлар ўзгартирилган.