Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳова билан ҳар куни ҳамкорлик қилинг

Яҳова билан ҳар куни ҳамкорлик қилинг

Биз Тангрининг хизматдошларимиз. 1 КОР. 3:9

ҚЎШИҚЛАР: 44, 28

1. Қай йўсин Яҳова билан ҳамкорлик қилишимиз мумкин?

ЯРАТУВЧИМИЗ ниятларига эришишда мукаммал инсонлар билан ҳамкорлик қилишни истаган. Гарчи ҳозир инсонлар номукаммал бўлса-да, садоқатли кишилар Яҳова билан ҳар куни ҳамкорлик қилиши мумкин. Масалан, Шоҳлик ҳақидаги хушхабарни эълон қилиб ва шогирд тайёрлаб «Тангрининг хизматдошлари» бўламиз. (1 Кор. 3:5–9) Бир тасаввур қилинг-а, Қодир Тангри муҳим деб ҳисоблаган ишда қатнашиш шарафига эгамиз! Аммо ваъзгўйлик ва шогирд таёрлаш ишида қатнашиш Яҳова билан ҳамкорлик қилишнинг ягона йўли эмас. Бу мақолада оиламизга ва имондошларимизга ёрдамлашиш, меҳмондўст бўлиш, ташкилотимиз дунё бўйлаб амалга ошираётган лойиҳаларда қатнашиш ва муқаддас хизматимизни кенгайтиришни кўриб чиқамиз. (Колос. 3:23)

2. Нима сабабдан Яҳова учун қиладиган ишларингизни бошқаларники билан солиштириш донолик эмас?

2 Ушбу мақола устида мулоҳаза юритар эканмиз, Яҳова учун қила оладиган ишларингизни бошқаларники билан солиштирманг. Шуни унутмангки, барчанинг ёши, соғлиги, шароити ва қобилиятлари бир-бириникидан фарқ қилади. Ҳаворий Павлус илоҳий илҳом остида қуйидаги сўзларни ёзган: «Ҳар ким ўз ишини текширсин, шунда ўзини бошқалар билан солиштирмай ўзига қарасагина, суюнишга сабаб топади». (Галат. 6:4)

ОИЛАНГИЗГА ВА ИМОНДОШЛАРИНГИЗГА ЁРДАМЛАШИНГ

3. Нима учун оиласига ғамхўрлик қилаётганлар Худо билан ҳамкорлик қиляпти деб айта оламиз?

3 Яҳова хизматчиларидан оилаларига ғамхўрлик қилишларини кутади. Масалан, яқинларингизни моддий тарафдан таъминлаш учун ишлашингизга тўғри келар. Кўпгина оналар ёш болаларига ғамхўрлик қилиш учун уйда ўтиришади. Ёки ёрдамга муҳтож ота-онамиз ҳақида ғамхўрлик қилишимиз мумкин. Бунинг барчаси муҳимдир. Худонинг Каломида: «Агар ким ўз яқинларига, айниқса уйдагиларига ғамхўрлик қилмаса, у имонини инкор этган бўлиб, имонсиздан ҳам баттардир»,— деб ёзилган. (1 Тим. 5:8) Сизда ҳам шундай масъулиятлар бўлса, Худонинг хизматида қатнашиш учун истаётганингиздек кўп вақт ажрата олмаётгандирсиз. Тушкунликка тушманг! Зеро, оилангизга ғамхўрлик қилганингизда Яҳова мамнун бўлади. (1 Кор. 10:31)

4. Қай йўсин ота-оналар маънавий мақсадларни устун қўйишлари мумкин ва бунинг натижаси қандай бўлади?

4 Масиҳий ота-оналар фарзандларига маънавий мақсадлар қўйишга ёрдам бериб, Яҳова билан ҳамкорлик қилади. Шундай йўл тутган кўпгина ота-оналарнинг фарзандлари ҳатто олисда бўлса ҳам, тўла вақтли хизматни бошлашга тайёр бўлган. Улардан баъзилари тўла вақтли махсус ваъзгўй, айримлари эса эҳтиёж катта бўлган жойда кашшоф, яна бошқалари байтилчи бўлиб хизмат қилади. Эҳтимол, масофа узоқ бўлгани боис, оила аъзолари улар билан истаганидек тез-тез кўриша олмас. Лекин фидойи ота-она фарзандини хизматни тўхтатмасликка ундайди. Нега? Сабаби улар фарзанди Шоҳлик ишларини биринчи ўринга қўяётганидан улкан қувонч ва мамнуният ҳис этади. (3 Юҳан. 4) Балки бу ота-оналарнинг кўпи ўзларини Ханна каби ҳис этар. У ўғли Шомуилни Яҳовага «қарзга бердим» деб айтган. Бу ота-оналар ҳам бундай ҳамкорликни ажойиб шараф деб билади. Улар фарзандлари айнан шундай ҳаёт кечиришини истайди. (1 Шоҳ. 1:28, изоҳ)

5. Жамоатингиздагиларга қандай амалий ёрдам бера оласиз? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)

5 Борди-ю, бундай масъулиятларингиз бўлмаса, ғамхўрликка муҳтож бўлган, касал ёки ёши улуғ имондошларингизга кўмаклаша оласизми? Жамоатингизда бундай ёрдамга муҳтож имондошни топишга ҳаракат қила оласизми? Балки имондошингиз бошқа юмушларини ҳам бажара олиши учун унинг ёши ўтган ота-онаси билан вақт ўтказа оларсиз. Ёхуд ёрдамга муҳтож бўлганларни йиғилишга олиб бориб, бозор-ўчарини қилиб, уй юмушларини бажариб кўмаклаша оларсиз. Ёки касалхонага кимнидир йўқлагани борарсиз. Шундай йўл тутсангиз, Яҳова билан ҳамкорлик қилиб, кимнингдир ибодатига жавоб бўлишингиз мумкин. (1 Коринфликларга 10:24 ни ўқинг.)

МЕҲМОНДЎСТ БЎЛИНГ

6. Меҳмондўстлик кўрсатиш нимани англатади?

6 Худонинг хизматчилари меҳмондўстлиги билан танилган. Юнонча ёзувларда «меҳмондўстлик» деб таржима қилинган сўз «бегоналарга меҳр» деган маънони англатади. (Иброн. 13:2, изоҳ) Бундай севгини намоён этиш муҳимлиги борасида Худонинг Каломида турли мисолларни ўқишимиз мумкин. (Ибт. 18:1–5) Имондошимиз бўладими ёки йўқми, бошқаларга ёрдам бера оламиз ва бунинг имкониятларини излашимиз керак. (Галат. 6:10)

7. Нима учун тўла вақтли хизматчиларни уйингизга қабул қилмоқчисиз?

7 Тўла вақтли хизматчиларни уйингизга қабул қилиб, Худо билан ҳамкорлик қила оласизми? (3 Юҳанно 5, 8 ни ўқинг.) Кўпинча бундай имкониятлар туфайли ўзаро «далда олишингиз» мумкин. (Рим. 1:11, 12) Келинг, Олафнинг мисолига диққат қаратайлик. Унинг эслашича, бир неча ўн йиллар аввал унинг жамоатида бўйдоқ бўлган туман нозирига ҳеч ким уйини тақдим эта олмаган. Ёш Олаф туман нозири уларнинг уйида қолиши учун Яҳованинг Шоҳиди бўлмаган ота-онасидан рухсат сўради. Улар рози бўлишди, фақат Олаф диванда ухлаши керак эди. Албатта бундай ўзгариш арзигулик эди! Олаф қуйидагича эслайди: «Бу ажойиб ҳафта бўлган! Туман нозири билан ҳар куни барвақт турардик ва нонушта пайтида турли мавзулар борасида суҳбатлашардик. Ўшанда далда олган эдим ва бу мени тўла вақтли хизматни бошлашга ундади». Сўнгги 40 йил давомида Олаф турли мамлакатларда тўла вақтли махсус ваъзгўй бўлиб хизмат қилди.

8. Гарчи бошқалар ҳаракатларимизни қадрламаса-да, нима учун меҳрибон бўлишимиз керак? Мисол келтиринг.

8 Гарчи бошида бегоналар ҳаракатларингизни қадрламаса ҳам, уларга севгингизни турли йўллар билан кўрсатишингиз мумкин. Қуйидаги мисол борасида мулоҳаза қилиб кўринг. Испанияда бир ваъзгўй эквадорлик Есика билан Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказаётганда, Есика ўзини йиғидан тўхтата олмаётган эди. Ваъзгўй ундан нима учун йиғлаётганини сўради. Есика бу ерга кўчишидан аввал жуда қашшоқ бўлганини ва бир куни ейишга ҳеч вақоси бўлмаганидан, қизалоғига фақатгина сув бера олган экан. Есика қизини ухлатар экан, ёрдам сўраб Худога ибодат қилди. Кўп ўтмай, иккита имондошимиз уникига ташриф буюрди. Лекин Есика қўпол муносабат кўрсатиб, улар таклиф қилган журнални йиртиб ташлади. «Қизимга шуни овқат қилиб бераманми?» — деб айтди у. Опаларимиз унга тасалли бермоқчи эди, аммо уринишлари беҳуда бўлди. Кейинроқ улар Есиканинг эшиги тагида овқат солинган сават қўйиб кетишди. Уларнинг меҳрибонлиги Есикага таъсир қилди. Худо ибодатига жавоб берганида, у эътибор қилмаганидан хижолат бўлди. Энди у Яҳовага хизмат қилишга қатъий бел боғлади. Дарҳақиқат, имондошларимизнинг сахийлиги яхши таъсир кўрсатди. (Воиз 11:1, 6)

ТАШКИЛОТИМИЗ ЛОЙИҲАЛАРИДА ИШТИРОК ЭТИНГ

9, 10. а) Қадимги Исроилда ихтиёрий хизматчи сифатида ёрдам беришнинг қандай имконияти бўлган? б) Бугунги кунда биродарлар жамоатга қай йўсин ёрдам бера олади?

9 Қадимги Исроилда турли ишларни бажариш учун ихтиёрий хизматчилар керак бўлган. (Чиқ. 36:2; 1 Сол. 29:5; Нахим. 11:2) Бугунги кунда ҳам вақт, мол-мулкингиз ва қобилиятларингиздан фойдаланиб турли йўллар билан имондошларингизга ёрдам бера оласиз. Ўзингизни тақдим этганингиздан улкан қувонч ҳис этиб, мўл-кўл баракаларга эга бўласиз.

10 Худонинг Каломига кўра, биродарлар жамоат хизматкори ва оқсоқоллар сифатида хизмат қилиб, Яҳова билан ҳамкорлик қила олади. (1 Тим. 3:1, 8, 9; 1 Бутр. 5:2, 3) Бундай йўл тутишни истаганлар бошқаларга ҳам амалий, ҳам маънавий ёрдам беришади. (Ҳавор. 6:1–4) Оқсоқоллар сиздан ёрдамчи сифатида хизмат қилишни ёки адабиёт ҳамда ҳудуд тақсимлаш, таъмирлаш ишлари ва ҳоказоларда кўмаклашишни сўраганми? Бу каби вазифаларни бажарадиган имондошларимизнинг айтишича, бошқаларга ёрдам бериш кўп қувонч келтиради.

Ташкилотимиз лойиҳаларида иштирок этиб, янги дўст орттириш имкониятига эгасиз (11- хатбошига қаранг.)

11. Ташкилотимиз лойиҳаларида қатнашиш туфайли бир опамиз бошқалар билан дўстлашиб қандай фойда олган?

11 Ташкилотимиз лойиҳаларида иштирок этган ихтиёрий хизматчилар кўпинча янги дўстлар орттиради. Масалан, 18 йил давомида Йиғилиш залларини қуришда иштирок этган Маржини олайлик. Ўша йиллар мобайнида у сингилларимиз билан ҳамкорлик қилиб, уларга кўп нарсани ўргатган. У буни маънан далда олишнинг ажойиб имконияти деб топган. (Рим. 1:12) Ҳаётида қайғули дамлар бўлганида, қурилишда дўстлашган имондошлари унга далда берган. Қурилиш лойиҳасида ихтиёрий хизматчи сифатида иштирок этганмисиз? Муайян қобилиятларингиз бўлмаса ҳам ўзингизни тақдим эта оласизми?

12. Табиий офатдан талафот кўрганларга қандай ёрдам бера оласиз?

12 Табиий офатлар юз берганда имондошларимизга амалий ёрдам кўрсатиб, Аллоҳ билан ҳамкорлик қиламиз. Мисол учун, уларни моддий тарафдан қўллашимиз мумкин. (Юҳан. 13:34, 35; Ҳавор. 11:27–30) Амалий ёрдам беришнинг яна бир йўли талафотдан кейин тозалаш ва қайта қуриш ишларида қатнашишдир. Польшалик имондошимиз Габриэланинг уйи тошқин дастидан деярли вайрон бўлган. Яқин атрофдаги жамоатлардан биродарларимиз унга ёрдам берганида у жуда суюнган. Габриэла шундай деб бўлишди: «Мен нималарни йўқотганим ҳақида гаплашмоқчи эмасман. Бу шунчаки моддий нарсалар. Аксинча, қанчалик кўп нарсага эга бўлганим ҳақида бўлишмоқчиман. Бу воқеа туфайли имонлилар жамоатининг аъзоси бўлиш ўзгача шараф ва қувончу бахтиёрлик манбаи эканига яна бир бор амин бўлдим». Табиий офатдан кейин ёрдам олган кўплар ўзларини аввалгидан ҳам бойроқ ҳис этаётганини айтишди. Бундай ёрдамни тақдим этиш учун Яҳова билан ҳамкорлик қилаётганлар бахтиёрлик ҳамда мамнуният ҳис этмоқда. (Ҳаворийлар 20:35; 2 Коринфликларга 9:6, 7 ни ўқинг.)

13. Ихтиёрий хизматчи сифатида ёрдам бериш Яҳова билан бўлган муносабатларимизни қандай мустаҳкамлайди? Мисол келтиринг.

13 Стефани ва бошқа ваъзгўйлар Қўшма Штатларга уруш туфайли қочоқлар сифатида келган имондошларига ёрдам бериш орқали Яҳова билан ҳамкорлик қилмоқда. Бу уларга қувонч бахш этмоқда. Ушбу имондошларимиз қочоқларга уй топишга ва уни жиҳозлашга ёрдам беришди. «Улар умумжаҳон биродарлигимизнинг севгисини ҳис этганидан қувонганини ва миннатдор эканини кўриб далда олдик»,— деб айтди Стефани. «Уларнинг ўйлашича, биз уларга ёрдам бердик. Аслида эса, улар бизга анчагина кўмаклашди. Уларнинг севгиси, бирлиги, имонию Яҳовага таянганини кўриб, Яҳовага бўлган севгимиз кучайди. Қолаверса, ташкилотимиз тақдим этаётган барча нарса учун миннатдорлигимиз ошди»,— деб қўшиб қўйди у.

ХИЗМАТИНГИЗНИ КЕНГАЙТИРИНГ

14, 15. а) Ишаё пайғамбар қандай нуқтаи назарга эга бўлган? б) Қай йўсин бугунги кунда Худонинг хизматчилари Ишаёга тақлид қила олади?

14 Яҳова билан янада кўпроқ ҳамкорлик қилишни истайсизми? Хизматчиларга эҳтиёж катта бўлган жойга кўчиб ўтишга тайёрмисиз? Албатта, Худога хизмат қилиш учун узоқ жойга кўчишга мажбур эмасмиз. Аммо баъзи биродару опа-сингилларимизнинг шароити йўл қўйгани сабабли улар олис ҳудудга кўча олган. Улар Ишаё пайғамбар каби нуқтаи назарга эга. Яҳова: «Кимни юборай? Биз учун ким боради?» — деб сўраганда, у: «Мен бораман! Мени юбор!» — деб жавоб қайтарган. (Ишаё 6:8) Сиз ҳам Яҳованинг ташкилотига ёрдам беришга тайёрмисиз? Буни қай йўсин амалга ошира оласиз?

15 Ваъзгўйлик ва шогирд тайёрлаш борасида Исо қуйидаги сўзларни айтган: «Ҳосил чиндан ҳам мўл, фақат ишчилар оз. Ана шу сабабдан ҳосилни йиғиш учун ишчилар юборсин деб, ҳосил Эгасига илтижо қилинглар». (Мат. 9:37, 38) Эҳтиёж катта бўлган жойда кашшоф бўлиб хизмат қила оласизми? Ёки имондошингизга бунга эришишда ёрдам бера оласизми? Кўпгина биродару опа-сингилларимизнинг фикрича, Худога ва яқинимизга бўлган севгимизни кўрсатишнинг энг аъло йўли ҳосилни йиғиш учун ишчиларга эҳтиёж катта бўлган ҳудудларда кашшофлик қилишдир. Хўш, хизматингизни кенгайтиришнинг бошқа йўллари ҳақида ўйлаб кўра оласизми? Бундай қилсангиз улкан қувонч топишингиз аниқ.

16, 17. Муқаддас хизматни кенгайтиришни истасангиз, бунинг қандай имкониятлари бор?

16 Байтилда ё қурилиш лойиҳаларида вақтинча ёки ҳафтада бир неча кун ёрдам бера оласизми? Қаерга тайинланишидан ёки қандай вазифа берилишидан қатъи назар, Яҳовага хизмат қилишга тайёр бўлган хизматчиларга доим эҳтиёж бор. Гарчи улар муайян қобилиятга ёки тажрибага эга бўлса-да, улар эҳтиёж бор жойга тайинланиши мумкин. Аммо фидойилик руҳини намоён этиб, эҳтиёж катта бўлган жойда хизмат қилиш учун ўзини тақдим этганларни Яҳова қадрлайди. (Заб. 110:3)

17 Муқаддас хизматни яхшироқ бажара олишингиз учун кўпроқ таълим олишни истайсизми? Ундай бўлса, Шоҳлик хабарчилари мактабида ўқишга ҳаракат қилишингиз мумкин. Тўла вақтли хизматда иштирок этаётган маънан етук биродару опа-сингилларимиз хизматини кенгайтириш учун мазкур мактабда таҳсил олади. Бу мактабда ўқимоқчи бўлганлар уларга топшириладиган ҳар қандай вазифани бажаришга тайёр бўлишлари керак. Шу каби имкониятдан фойдаланиб Яҳовага кўпроқ хизмат қилишга тайёрмисиз? (1 Кор. 9:23)

18. Яҳова билан ҳар куни ҳамкорлик қилиб нимага эришасиз?

18 Яҳованинг халқи эканмиз, бошқалар ҳақида ҳар куни сахийлик ила ғамхўрлик қилиб, ҳимматни, меҳрибонликни ва севгини намоён этишни истаймиз. Шундай қилсак, севинч, тинчлик ва бахтиёрликни ҳис этамиз. (Галат. 5:22, 23) Шароитингиз қандай бўлмасин, Яҳованинг сахийлигига тақлид қилиб ва Унинг азиз хизматдошига айланиб, шодликка тўласиз! (Ҳик. 3:9, 10)