Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Сабр-тоқат. Умид боғлаб бардошли бўлиш

Сабр-тоқат. Умид боғлаб бардошли бўлиш

УШБУ «охирзамон» пайтида ҳаёт тобора қийинлашиб бораётганда, Яҳованинг хизматчилари ҳар қачонгидан кўра сабр-тоқатли бўлишлари лозим. (2 Тим. 3:1–5) Атрофимиздаги одамларнинг кўпчилигини ўзини севадиган, муросасиз ва ўзини тута билмайдиган деб айтсак адашмаймиз. Шундай йўл тутаётган кишиларнинг қўлидан одатда ҳамма нарса келяпти, фақат сабр-тоқат эмас. Шу боис, ҳар биримиз ўзимиздан қуйидагича сўраб кўришимиз даркор: «Атрофдагиларнинг сабрсизлиги менга ҳам юқмаяптими? Ҳақиқатдан ҳам сабр-тоқатли бўлиш нима дегани? Қандай қилиб сабр-тоқат эгаси бўла оламан?»

САБР-ТОҚАТ НИМА ДЕГАНИ?

Муқаддас Китобга биноан, сабр-тоқат бирон вазиятда шунчаки чидамли бўлишдан кўра кўпроқ маънони ўз ичига олади. Худонинг назарида сабр-тоқатли бўлган одам умид боғлаб бардошли бўлади. Бундай инсон нуқул ўзини ўйлайвермай, ҳатто унинг жаҳлини чиқараётган ёки тушунмовчилик юз берган кишининг туйғуларини инобатга олади. Масалан, сабр-тоқатли кишига нисбатан нотўғри йўл тутишганда ёки ғашига тегишганда, у муносабатлари яхшиланиб кетишига умид боғлайди. Худонинг Каломида севгидан * келиб чиқадиган талайгина фазилатлардан биринчиси «сабр-тоқат» тилга олингани ажабланарли эмас. (1 Кор. 13:4) Қолаверса, бу фазилат «муқаддас руҳ самараси»дир. (Галат. 5:22, 23) Қизиқ, ҳақиқатдан ҳам сабр-тоқатли бўлиш учун нима қилишимиз керак?

САБР-ТОҚАТЛИ БЎЛИШ УЧУН НИМА ҚИЛИШ КЕРАК?

Ушбу фазилатни ривожлантириш учун Яҳовадан муқаддас руҳ сўраб ибодат қилишимиз керак. Зеро, Яҳова Унга ишонган ва таянадиган инсонларга уни ато этади. (Луқо 11:13) Гарчи муқаддас руҳ қанчалик фаол қудрат бўлмасин, ўзимиз ҳам ибодатларимизга мос равишда йўл тутишимиз лозим. (Заб. 86:10, 11) Бу дегани, ушбу фазилат соҳиби бўлишни хоҳласак, уни ҳар куни намоён этиш учун жон куйдиришимиз зарур. Лекин гоҳида сабр-тоқатли бўлиш унча осон эмас. Унда, бизга нима ёрдам беради?

Исо кўрсатган мукаммал ўрнаги борасида тадқиқ ўтказиб, унга тақлид қилсак, бу фазилатни ривожлантиришимиз мумкин. Ҳаворий Павлус илоҳий илҳом остида «сабр-тоқат»ни ўз ичига олган «янги ўзлик» тўғрисида айтиб, бизни: «Масиҳнинг тинчлиги қалбларингизда ҳукмрон бўлсин»,— деб ундаган. (Колос. 3:10, 12, 15) Бизни ташвишлантираётган ҳамма нарсани Худо ўз вақтида ҳал қилишига ишонган Исога тақлид қилсак қалбимизда тинчлик «ҳукмрон бўлади». Исонинг ўрнагига эргашсак, атрофимизда нима бўлишидан қатъи назар сабр-тоқатли бўла оламиз. (Юҳан. 14:27; 16:33)

Гарчи Аллоҳ ваъда қилган янги дунёни интиқиб кутаётган бўлсак-да, Унинг бизга нисбатан чидамли экани борасида фикр юритиб янада сабрли бўлишга ўрганамиз. Муқаддас Китобда шундай деб ёзилган: «Баъзи кишиларга имиллаётгандай туюлса-да, Яҳова берган ваъдасини амалга оширишга имилламаяпти, балки сизларга сабрини намоён этяпти. Сабаби, У ҳеч кимнинг ҳалок бўлишини истамайди, аммо ҳамманинг тавба қилишини хоҳлайди». (2 Бутр. 3:9) Яҳова бизга нисбатан қанчалар сабрли экани ҳақида ўйласак, биз ҳам ўзгаларга кўпроқ сабр-тоқатли бўламиз. (Рим. 2:4) Хўш, қайси вазиятларда сабрли бўлишимиз лозим?

САБРЛИ БЎЛИШИМИЗ КЕРАК БЎЛГАН ВАЗИЯТЛАР

Кўпчилик ҳар куни сабр намоён этиш керак бўлган вазиятларга дуч келади. Масалан, муҳим бирон нима айтмоқчидирмиз, аммо бошқаларнинг гапини бўлмаслик учун сабр-тоқатли бўлишимиз керак. (Ёқб. 1:19) Қилиғи ғашимизга тегаётган имондошларимиз билан мулоқот қилаётганда ҳам сабр-тоқат намоён этишимиз мумкин. Шу каби нарсаларга ҳаддан ортиқ диққат қаратишнинг ўрнига, Яҳова ҳамда Исо бизнинг камчиликларимизга нисбатан қандай нуқтаи назарда экани ҳақида ўйлаб кўриш оқилонадир. Ҳа, Яҳова ҳамда Исо арзимас камчиликларимизга ҳаддан зиёд эътибор қаратишмайди. Аксинча, Яҳова ҳамда Исо яхши тарафларимизни кўриб, устимизда ишлаётганимизни сабр ила кузатишади. (1 Тим. 1:16; 1 Бутр. 3:12)

Кимдир бизга нотўғри йўл тутганимизни ёки бирон нима гапириб қўйганимизни айтганда ҳам сабримиз синалади. Кўпинча бундай вазиятда хафа бўлишимиз ва ўзимизни оқлашимиз ҳеч гап эмас. Бироқ Худонинг Каломига кўра, бошқача йўл тутишимиз лозим. У ерда қуйидагича ёзилган: «Сабрли бўлиш, такаббур бўлгандан яхшироқдир. Аразчи бўлма, чунки гина-кудурат аҳмоқлар кўнглида ин қуради». (Воиз 7:8, 9) Ҳатто ноҳақ айблансак ҳам сабр қилиб, бирон ҳаракат қилишдан аввал яхшилаб ўйлашимиз керак. Исони ҳам ноҳақ айблашганда, у худди шундай қилган. (Мат. 11:19)

Айниқса, ота-оналар фарзандида нотўғри иш, хоҳиш ёки мойилликларни пайқаб қолишса сабр-тоқатли бўлишлари зарур. Келинг, Скандинавия Байтилида хизмат қилаётган Маттиаз биродаримизнинг мисолига назар солайлик. Эътиқоди туфайли ўсмирлигида синфдошлари унинг устидан кулишарди. Бошида ота-онаси бундан бехабар эди. Лекин кейинчалик улар Маттиаз ҳақиқат борасида шубҳалана бошлаганини сезиб қолишди. Унинг отаси Гиллис: «Бу вазиятда жуда сабрли бўлишимиз керак эди»,— деб айтди. Маттиаз қуйидагича сўрарди: «Худо ким? Муқаддас Китоб ростдан ҳам Худонинг Каломими? Худо биз айнан шундай йўл тутишимизни хоҳлаётганини қаердан биламиз?» У шунингдек, отасига: «Сиз каби ишонмасам, нега бошқалар мени ҳукм қилиши керак?» — деб айтарди.

Гиллис шундай деб тушунтирди: «Гоҳида ўғлим менга ёки онасига эмас, ҳақиқатга нисбатан жаҳл билан саволлар берарди. Чунки унинг фикрича ҳақиқат ҳаётини қийинлаштирган». Хўш, Гиллис бу вазиятда қандай йўл тутган? У қуйидагича деди: «Ўғлим иккимиз ўтириб, баъзида соатлаб гаплашардик. Кўпинча мен уни тинглаб, туйғуларию қарашлари борасида кенгроқ тасаввурга эга бўлиш ниятида қўшимча саволлар берардим. Баъзида, ўйлаб кўриши ёки бир тўхтамга келиши учун унга бир кун вақт берардим. Гоҳида эса, у мурожаат қилган масаласи устида ўйлаб кўриш учун бир неча кун керак деб айтардим. Шу каби доимий суҳбатлар ёрдамида Маттиаз тўлов, Худонинг ҳукмдорлиги ва Унинг севгиси каби таълимотлар борасидаги тушунчаси секин-аста кенгайиб, ишона бошлади. Бунга вақт керак бўлди, кўпинча бу оғир эди, лекин бора-бора Яҳовага бўлган севгиси кучайди. Хотиним билан бахтлимиз, негаки ўғлимизга ёрдам бериш учун сабр ила қилган уринишларимиз ўз мевасини бериб, қалбини забт этди».

Гиллис ва унинг хотини ўғлига сабр ила кўмаклашиб, Яҳова уларга ёрдам беришига ишонишган. Ортга қараб Гиллис шундай деди: «Кўпинча Маттиазга биз уни қаттиқ севганимиз учун Яҳова унга ҳаммасини тушунишга ёрдам беришини тилаб Унга ибодат қилаётганимизни айтардик». Ҳа, бу ота-она муҳим бўлган сабр-тоқат фазилатини намоён этганидан жуда хурсанд!

Сурункали касаллик дастидан узоқ вақт азоб чекаётган оила аъзомиз ёки дўстимизга ғамхўрлик қилаётганда ҳам сабрли бўлишимиз лозим. Келинг, Скандинавияда яшовчи Элленнинг * мисолига эътибор берайлик.

Тахминан саккиз йил аввал Элленнинг эри икки марта инсульт бўлди ва бу унинг мия фаолиятига зиён келтирди. Оқибатда, у раҳм-шафқат, бахт ёки қайғу туйғуларини ҳис эта олмаяпти. Бунинг дастидан Эллен роса сиқилади. У шундай деди: «Жуда сабр-тоқатли бўлишим керак, тинмай ибодат қиламан. Филиппиликларга 4:13 даги: “Мени қўллаб-қувватлаётганнинг мадади билан ҳар нарсани қила оламан”,— деган оятни яхши кўраман». Яҳованинг мадади ва қўллаб-қувватлаши туфайли Эллен бунга сабр-тоқат қилиб келяпти. (Заб. 62:5, 6)

ЯҲОВАНИНГ САБР-ТОҚАТИГА ТАҚЛИД ҚИЛИНГ

Албатта, сабр-тоқатни намоён этишга келганда, Яҳова тақлид қилишимизга арзийдиган энг аъло ўрнакдир. (2 Бутр. 3:15) Муқаддас Китобда Яҳова жуда ҳам сабрли бўлгани тўғрисида кўпгина воқеалар ёзилган. (Нахим. 9:30; Ишаё 30:18) Эсингиздами, Яҳова Садўм шаҳри борасида чиқарган қарори ҳақида Иброҳим кўп савол берганда У қандай муносабат билдирган? Аввало Худо Иброҳимнинг гапини бўлмаган. Аксинча, унинг ҳар бир саволини ва мурожаатини сабр ила тинглаган. Сўнг унга жавоб берган ва ўша шаҳарда ҳатто ўнта одил киши бўлса ҳам шаҳарни йўқ қилмасликка уни ишонтирган. (Ибт. 18:22–33) Ҳа, Яҳова сабр ила қулоқ солишнинг ва ҳаддан ортиқ туйғуларга берилмасликнинг аъло ўрнаги!

Худонинг назарида маъқул бўлган сабр-тоқат фазилати барча масиҳийлар кийиб олиши керак бўлган янги ўзликнинг муҳим бир қисмидир. Ушбу қимматбаҳо фазилатни ривожлантириш учун жон куйдирсак, сабр-тоқатли самовий Отамизга шараф келтириб, «имон ва сабр-тоқат билан Тангрининг ваъдаларига эришадиганлар» қаторида бўламиз. (Иброн. 6:10–12)

^ абз. 4 Муқаддас руҳ самарасининг таркибига кирган севги фазилати тўққизта фазилатнинг бири бўлиб, ушбу туркумдаги илк мақолада кўриб чиқилган.

^ абз. 15 Исм ўзгартирилган.