Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Бошқаларга таълим беришда давом этяпсизми?

Бошқаларга таълим беришда давом этяпсизми?

Сизларга яхши сабоқ бераман. ҲИК. 4:2

ҚЎШИҚЛАР: 5, 44

1, 2. Бошқалар жамоатдаги вазифаларни олишлари учун нега уларга таълим беришимиз керак?

ШОҲЛИК ҳақидаги хушхабарни ваъз қилиш Исонинг устувор вазифаси бўлган. Лекин шунга қарамай, у шогирдларига таълим бериш учун кўп вақт ажратиб, қандай қилиб улар Худонинг халқига ғамхўрлик қилишлари ва таълим беришлари мумкинлигини кўрсатган. (Мат. 10:5–7) Филип ҳам хушхабарни ваъз қилиш билан банд бўлган. Аммо шу билан бирга, у тўрт нафар қизига Муқаддас Ёзувлардаги ҳақиқатларни айтишда самарали бўлишларига кўмаклашган. (Ҳавор. 21:8, 9) Бугунги кунда-чи, бундай таълим бериш қанчалик муҳим?

2 Дунё бўйлаб хушхабарни қабул қилаётганларнинг сони ўсиб боряпти. Шунинг учун, ҳали сувга чўммаган бундай инсонларга Муқаддас Китобни шахсан тадқиқ қилиш муҳим эканини тушунтириш керак. Шунингдек, уларга хушхабарни ваъз қилиш ва бошқаларга таълим беришни ҳам ўргатиш даркор. Боз устига, яқинда сувга чўмган биродарлар ҳам жамоат хизматкори ва оқсоқол бўлиб хизмат қилиш учун таълим олишга муҳтожлар. «Яхши сабоқ» орқали етук масиҳийлар янгиларга маънан ўсишда ёрдам беришлари мумкин. (Ҳик. 4:2)

ЯНГИЛАРГА МУҚАДДАС КИТОБНИ МУНТАЗАМ ТАДҚИҚ ҚИЛИШНИ ЎРГАТИНГ

3, 4. а) Қай йўсин ҳаворий Павлус Муқаддас Ёзувларни тадқиқ қилишни самарали хизмат билан боғлаган? б) Муқаддас Китобни ўрганаётганларни шахсий тадқиқ ўтказишга ундашдан олдин, аввало ўзимиз нима қилишимиз даркор?

3 Муқаддас Ёзувларни шахсан тадқиқ қилиш қай даражада муҳим? Жавобини ҳаворий Павлуснинг Колосадаги масиҳийларга айтган гапларидан билиб олишимиз мумкин. У шундай дея ёзганди: «Сизлар учун тинмасдан ибодат қилиб сўраяпмиз. Токи сизлар Унинг [Худонинг] иродасини аниқ англашингиз учун тўлиқ доноликка ва муқаддас руҳ бераётган тушунчага эга бўлинглар. Шунингдек, Яҳовага муносиб равишда йўл тутиб, Уни ҳар жиҳатдан мамнун қилиб, турли эзгу ишда самара келтириб, Аллоҳни таниб-билишда улғайинглар». (Колос. 1:9, 10) Шундай аниқ билим ёрдамида Колосадаги масиҳийлар «Яҳовага муносиб равишда йўл тутиб, Уни ҳар жиҳатдан мамнун қила» олишарди. Бу уларга «турли эзгу ишда самара келтириш», хусусан хушхабарни ваъз қилиш имконини берарди. Самарали хизмат қилиш учун Яҳовага топинаётган киши Муқаддас Китобни мунтазам тадқиқ қилиши лозим. Бу муҳим эканини Муқаддас Китобни ўрганаётганларга тушунтиришимиз керак.

4 Шахсий тадқиқ ўтказиш қанчалик фойдали эканини бошқаларга тушунтиришдан олдин, ўзимиз бунга амин бўлишимиз даркор. Аслида, аввал ўзимиз Муқаддас Китобни мунтазам тадқиқ қилишни одат тусига киритишимиз лозим. Шунинг учун ўзингизга қуйидаги саволларни бериб кўрсангиз бўлади: «Уй эгаси Муқаддас Ёзувларга зид фикрлар билдирганида ёки қийин саволлар берганида, Аллоҳнинг Каломига асосланиб жавоб қайтара оламанми? Хизматда саботли бўлган Исо, Павлус ва бошқалар ҳақида ўқиганимда, уларнинг саботи Яҳовага бўлган хизматимга қандай таъсир қилиши кераклиги устида мулоҳаза юритаманми?» Шуни таъкидлаш жоизки, барчамиз Аллоҳнинг Каломидан билим ва маслаҳат олишга муҳтожмиз. Агарда бошқаларга Муқаддас Китобдан нималарни ўрганганимизни ва бу бизга қандай ёрдам берганини айтиб берсак, уларни ҳам Муқаддас Китобни чуқур ўрганишга ва ундан ўзлари учун сабоқ олишга ундашимиз мумкин.

5. Янгиларга мунтазам шахсий тадқиқ ўтказишда қандай ёрдам бериш мумкинлигини тушунтириб беринг.

5 Сиз: «Муқаддас Китобни ўрганаётган кишига мунтазам шахсий тадқиқ ўтказишни қандай ўргата оламан?» — деб қизиқарсиз. Бунинг яхши бир йўли — у билан ўтказилаётган тадқиққа қандай тайёрланиш кераклигини кўрсатишдир. Масалан, сиз унга «Муқаддас Китоб таълимотлари» китобининг иловасида келтирилган қўшимча маълумотни ўқишни ва ҳавола қилинган оятларни очишни тавсия этишингиз мумкин. Шунингдек, йиғилишларда шарҳ бера олиши учун қандай тайёрланиш кераклигини кўрсатинг. Уни «Қўриқчи минораси» ва «Уйғонинг!» журналларининг ҳар бир сонини ўқишга унданг. Агар унинг она тилида «Электрон кутубхона» ёки «Онлайн кутубхонаси» мавжуд бўлса, улар ёрдамида қандай қилиб Муқаддас Китобга оид саволларга жавоб олиши мумкинлигини кўрсатинг. Бундай ёрдам олганининг натижасида сиз билан Аллоҳнинг Каломини тадқиқ қилаётган киши тез орада шахсий тадқиқ ўтказишдан қувонч топиши турган гап.

6. а) Муқаддас Китобни ўрганаётган кишининг қалбида Аллоҳ Каломига бўлган севгини ривожлантиришга қай йўсин кўмаклаша оласиз? б) Агар қизиқувчи Муқаддас Ёзувларга бўлган севгисини оширса, у нима қилишга мойил бўлади?

6 Тўғри, бошқалар Муқаддас Китобни ўқиб, тадқиқ қилишлари учун уларга босим ўтказмаймиз. Бунинг ўрнига, Муқаддас Китобни ўрганаётган кишининг Аллоҳ Каломига бўлган севгисини оширишга кўмаклашиш мақсадида Яҳованинг ташкилоти тақдим этаётган воситалардан фойдаланамиз. Вақт ўтиб, Муқаддас Китобни ўрганаётган самимий инсон ўзини сано бастакори каби ҳис қилиши мумкин. Зероки, у: «Сенга яқин бўлганим эса менга яхшидир. Эй Эгам Раббий, Сени паноҳим қилиб олдим»,— деб айтганди. (Заб. 72:28) Муқаддас Китобни ўрганишга ўз хоҳиши билан интилган ва у учун миннатдор бўлган бундай қизиқувчига Яҳова албатта муқаддас руҳи ила ёрдам беради.

ЯНГИЛАРГА ВАЪЗ ҚИЛИШНИ ВА ТАЪЛИМ БЕРИШНИ ЎРГАТИНГ

7. Қай йўсин Исо Шоҳлик хабарчиларини тайёрлаган? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)

7 Матто баёнотининг 10- бобида Исо 12 та шогирдига берган йўл-йўриқлар қаламга олинган. Ўша парчада Исо умумий қилиб гапирмасдан, алоҳида тафсилотларга эътибор қаратган. [1] Исо ҳаворийларга самарали ваъз қилишни ўргатаётганда, улар уни тинглашган. Кейин эса у билан ваъзгўйликка чиқишган. Исонинг таълим бериш усулларини кўришга муваффақ бўлган ҳаворийлар кейинчалик Муқаддас Ёзувлардаги ҳақиқатларни бошқаларга ўргатишда моҳир мураббий бўлиб етишишган. (Мат. 11:1) Биз ҳам Муқаддас Китобни ўрганаётган кишиларга таълим бериб, хушхабарни ваъз қилишда самарали бўлишларига кўмаклаша оламиз. Келинг, бунинг иккита йўлини кўриб чиқайлик.

8, 9. а) Қай йўсин Исо хизматида одамларга шахсий қизиқиш кўрсатарди? б) Қандай қилиб янги ваъзгўйларга Исо каби суҳбатлашишга ёрдам беришимиз мумкин?

8 Одамлар билан суҳбатлашиш. Исо Шоҳлик тўғрисида одамлар билан алоҳида гаплашиб турарди. Мисол учун, у Сиҳар шаҳри яқинида жойлашган Ёқубнинг қудуғи олдида бир аёл билан жонли ва мазмунли суҳбат қурган. (Юҳан. 4:5–30) Бундан ташқари, у солиқчи Матто (Левий) билан ҳам суҳбатлашган ва унга шогирди бўлишни таклиф қилган. Матто таклифни қабул қилиб, кейинчалик Исони ва бошқаларни уйига зиёфатга чақирган. У ерда Исо кўп одамлар билан суҳбатлашган. (Мат. 9:9; Луқо 5:27–39)

9 Бошқа бир вазиятда Исо носираликлар ҳақида ёмон фикрда бўлган Натанаил билан дўстона суҳбат қурган. Бу суҳбат туфайли Натанаил фикрини ўзгартирди. Шунда у носиралик Исо ўргатган нарсалар ҳақида кўпроқ билиб олишга қарор қилди. (Юҳан. 1:46–51) Шундай экан, янги ваъзгўйларга одамлар билан дўстона ва эркин суҳбат қуришни ўргатиш учун асосли сабабларимиз бор. [2] Агар янги ваъзгўйларга хизматда шу тарзда суҳбатлашишни ўргатсак, хизмат уларга янада кўпроқ қувонч келтиради.

10–12. а) Исо одамларнинг хушхабарга бўлган қизиқишини қандай ривожлантирган? б) Қандай қилиб янги ваъзгўйларга Муқаддас Китоб устозлари бўлишга кўмаклашишимиз мумкин?

10 Қизиқишни ривожлантиринг. Исо ниҳоятда банд бўлганига қарамай, одамларнинг хушхабарга кўрсатган қизиқишини ривожлантириш учун алоҳида вақт ажратган. Масалан, бир марта Исо қайиққа ўтириб соҳилда турган халойиққа ваъз қилган. Сал кейинроқ Бутрус Исонинг мўъжизаси туфайли кўп балиқ овлай олган. Шунда Исо унга: «Бундан буён инсонларни овлайсан»,— деб айтган. Қизиқ, Исонинг сўзлари ва ишлари қандай натижа берди? Бутрус ва унинг ҳамкорлари «қайиқларини соҳилга чиқаришди-да, ҳамма нарсаларини қолдириб, Исонинг орқасидан эргашишди». (Луқо 5:1–11)

11 Олий Кенгаш аъзоси Никодим Исонинг таълимотига қизиқиш кўрсатганди. Никодим Исодан кўпроқ ўрганмоқчи эди, лекин омма олдида у билан суҳбатлашса, инсонлар нима деб ўйлашидан қўрққанди. Исо мослашувчан эди ҳамда вақтини одамлардан аямасди. Шу боис, у Никодим билан тунда, халойиқ бўлмаганида учрашди. (Юҳан. 3:1, 2) Бу воқеалардан нимани ўрганишимиз мумкин? Худонинг Ўғли инсонларнинг имонини ривожлантириш учун вақт ажратган. Шу сингари, биз ҳам қизиқувчиларга такрорий ташриф қилиш ва улар билан Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказиш учун жон куйдиришимиз лозим.

12 Агарда биз янги ваъзгўйлар билан бирга хизматда иштирок этсак, шубҳасиз, улар Муқаддас Китоб устозлари сифатида тажриба орттиришади. Биз уларга хушхабарга ҳатто озгина қизиқиш билдирган инсонларни ҳам ёддан чиқармасликка кўмаклаша оламиз. Боз устига, такрорий ташриф қилганимизда ва Муқаддас Китоб тадқиқларини ўтказганимизда янги ваъзгўйларни бирга ҳамкорлик қилишга таклиф этишимиз мумкин. Бундай таълим ва ҳамкорлик туфайли кам тажрибали ваъзгўйлар одамларнинг қизиқишини ривожлантиришни ва уларда ҳам Муқаддас Китоб тадқиқлари бўлишини исташлари бегумон. Қолаверса, бу орқали улар тезда таслим бўлмасликка ҳамда ваъзгўйликда сабрли ёки узоқ-сабрли ва саботли бўлишга ўрганишади. (Галат. 5:22; « Саботли бўлиш муҳимдир» номли рамкага қаранг.)

ЯНГИЛАРГА ИМОНДОШЛАРГА ХИЗМАТ ҚИЛИШНИ ЎРГАТИНГ

13, 14. а) Бошқаларни деб катта қурбонликларга борган Муқаддас Китобдаги қаҳрамонлар ҳақида қандай фикрдасиз? б) Қай йўсин янги ваъзгўйларни ва ёшларни имондошларга севгини намоён этишга ўргатишингиз мумкин?

13 Муқаддас Китобда «биродарлик севгиси»ни намоён этиш ва имондошларга хизмат қилиш шарафи ҳақида алоҳида таъкидлаб ўтилган. (1 Бутрус 1:22; Луқо 22:24–27 ни ўқинг.) Масалан, Худонинг Ўғли бошқаларга хизмат қилиш учун ҳамма нарсани, ҳатто ўз ҳаётини ҳам берди. (Мат. 20:28) Дорка «кўп эзгу ишлар қилиб, хайр-садақа берарди». (Ҳавор. 9:36, 39) Римда яшаган Марям ҳам жамоатдагилар учун «кўп меҳнат» қилганди. (Рим. 16:6) Қай йўсин бугунги кунда янги ваъзгўйларга биродару опа-сингилларга кўмаклашиш муҳимлигини тушунтира оламиз?

Янги ваъзгўйларга имондошларга севгини намоён этишни ўргатинг (13-, 14- хатбошиларига қаранг.)

14 Етук масиҳийлар касал ҳамда кексайиб қолган имондошларни йўқлашганида, янгиларни ҳам уларникига боришга таклиф қилишлари мумкин. Ўринли бўлганда, ота-оналар фарзандларини ҳам олиб боришса бўлади. Оқсоқоллар қадрли кекса имондошларимизда етарлича озиқ-овқат бўлишига ва уларнинг уйлари таъмирланганига амин бўлиш учун бошқалар билан ҳамкорлик қилишлари мумкин. Шу йўсин, ёшлар ва янги ваъзгўйлар меҳрибон бўлишни ўрганишади. Мисол учун, бир оқсоқол ваъз қилганда қишлоғида яшайдиган имондошларникига мунтазам кириб, улардан ҳол-аҳвол сўрарди. Бу оқсоқол у билан тез-тез хизматга чиқиб турган ёш биродарга имондошларга севгини намоён этишда яхши ўрнак кўрсатди. (Рим. 12:10)

15. Нима учун оқсоқолларни жамоатдаги биродарларнинг маънан ўсиши қизиқтириши керак?

15 Яҳова биродарларга жамоатда таълим бериш вазифасини топширган экан, улар нотиқлик маҳоратини ривожлантиришлари муҳим. Агар оқсоқол бўлсангиз, эҳтимол, жамоат хизматкори нутқ сўзлаётганда уни диққат ила тинглаб, маҳоратини оширишга ёрдам берарсиз. (Нахим. 8:8) [3]

16, 17. а) Павлус Тимўтийнинг таълим олишига қандай муносабатда бўлган? б) Қай йўсин оқсоқоллар жамоатда бўлажак чўпонларни тайёрлашлари мумкин?

16 Масиҳийлар жамоатида чўпонларга эҳтиёж катта экан, биродарлар бу ишга лаёқатли бўлишлари учун таълим олишлари даркор. Таълим қандай берилиши мумкинлигини ҳаворий Павлуснинг Тимўтийга айтган қуйидаги гапларидан кўрсак бўлади: «Эй ўғлим, Исо Масиҳ билан боғлиқ бўлган иноят орқали кучга тўлиб, кўп гувоҳлар олдида мендан эшитган нарсаларни, бошқаларга таълим беришга муносиб бўладиган ишончли инсонларга ҳам етказ». (2 Тим. 2:1, 2) Тимўтий катта ёшда бўлган ҳаворий Павлус билан бирга хизмат қилиб, ундан кўп нарсани ўрганган. Кейинчалик Тимўтий Павлуснинг усулларини муқаддас хизматнинг турли соҳаларида қўллаган. (2 Тим. 3:10–12)

17 Павлус Тимўтийнинг таълим олишига лоқайд бўлмаган. У бу ёш йигитни ўзи билан олиб юрган. (Ҳавор. 16:1–5) Оқсоқоллар ҳам Павлусга тақлид қилиб, ўринли бўлганда, лаёқатли жамоат хизматкорларини ўзлари билан такрорий ташрифларга олиб боришлари мумкин. Шундай қилиб, оқсоқоллар жамоат хизматкорларига нозирлар учун муҳим ҳисобланган талабларга мос келишни: таълим беришни, имонни, сабрни ва севгини намоён этишни ўргата олишади. Бунинг ёрдамида жамоат хизматкорлари келажакда «Аллоҳнинг сурувига» ғамхўрлик қиладиган чўпонлар сифатида етишишади. (1 Бутр. 5:2)

БОШҚАЛАРГА ТАЪЛИМ БЕРИШНИНГ МУҲИМЛИГИ

18. Нега бошқаларга таълим беришга алоҳида эътибор қаратишимиз муҳим?

18 Яҳовага хизмат қилиш учун эҳтиёж ва имкониятлар кўпайгани боис, бошқаларга таълим бериш ўта муҳим масалага айланяпти. Таълим беришда Исо ва Павлус кўрсатган ўрнаклар бугунги кунда ҳам бизга асқатиши мумкин. Яҳова бугунги хизматчилари ташкилотдаги вазифаларни олишга лаёқатли бўлишларини истайди. Аллоҳ бизга тажрибаси кам бўлган ваъзгўйларга ёрдам бериш каби шарафни тақдим этди. Зероки, шу тариқа улар жамоатдаги ишларни бажариш учун қобилиятларини ривожлантиришлари мумкин бўлади. Дунёдаги шароитлар ёмонлашаётган ҳамда ваъзгўйлик учун янги имкониятлар очилаётган экан, бундай таълим бериш ҳам муҳим, ҳам шошилинчдир.

19. Бошқалар Яҳованинг хизматида таълим олишлари учун қилаётган саъй-ҳаракатларингиз беҳуда кетмаслигига нега амин бўлишингиз мумкин?

19 Албатта, бошқаларга таълим бериш вақт ва ҳаракатларни талаб қилади. Лекин Яҳова ва Унинг суюкли Ўғли бизни қўллаб-қувватлаб, таълим беришимиз учун донолик ато этади. Шунда таълим олаётганлар «қунт билан меҳнат қилиб, астойдил уринишаётганини» кўриб, бошимиз осмонга етади. (1 Тим. 4:10) Келинг, ўзимиз ҳам Яҳовага муқаддас хизматимизни адо этаётиб, маънан ўсишдан асло тўхтаб қолмайлик!

^ [1] (7- хатбоши) Исо таъкидлаб ўтган баъзи тафсилотлар қуйидагилардир: 1) Худонинг Шоҳлиги ҳақидаги хушхабарни ваъз қилиш, 2) Аллоҳ керакли озиқ-овқат ва кийим-кечак беришига ишониш, 3) уй эгалари билан баҳслашишдан қочиш, 4) таъқибчиларга дуч келганда, Худога таяниш, 5) қўрқувга берилмаслик.

^ [2] (9- хатбоши) «Воизлик мактаби» китобининг 62–64- саҳифаларидан ваъзгўйликда инсонлар билан қандай суҳбатлашиш мумкинлиги борасида яхши маслаҳатларни топса бўлади.

^ [3] (15- хатбоши) «Воизлик мактаби» китобининг 52–61- саҳифаларида маҳоратли нотиқ бўлиш учун қайси фазилатларга эга бўлиш кераклиги тушунтирилган.