ЖУФТЛИКЛАР УЧУН
3. Ҳурмат
НИМАНИ АНГЛАТАДИ?
Бир-бирини ҳурмат қиладиган турмуш ўртоқлар, ҳатто фикрлари бир жойдан чиқмаган пайтларда ҳам бир-бирига ғамхўрлик қилишади. «Бундай турмуш ўртоқлар ўзаро келишмовчиликка сабаб бўладиган вазиятлардан қочишади,— дейилади бир китобда. — Улар келишмовчиликлар ҳақида суҳбатлашишади. Турмуш ўртоғининг нуқтаи назарини ҳурмат ила тинглашади ва иккала томонга маъқул келадиган ечим топишади». («Ten Lessons to Transform Your Marriage»)
МУҚАДДАС КИТОБДАГИ ПРИНЦИП: «Севги... ўз манфаатини кўзламайди». (1 Коринфликларга 13:4, 5)
«Рафиқамни ҳурмат қилиш — уни қадрлашни, уни хафа қиладиган ёки никоҳимизга зиён келтирадиган ишларни қилмасликни англатади». (Майк)
НЕГА БУ МУҲИМ?
Агар ўзаро ҳурмат бўлмаса, турмуш ўртоқлар орасидаги суҳбатда кўпроқ танқид, кесатиқ ва менсимаслик акс этади. Мутахассисларнинг айтишича, бундай иллатлар ажрашишга сабаб бўладиган илк омиллардир.
«Киноя ва пичинг билан гапириш ёки рафиқангизнинг устидан кулиш унинг ўзига ва сизга бўлган ишончини поймол қилиб, никоҳингизга зарар келтиради». (Брайан)
НИМА ҚИЛСАНГИЗ БЎЛАДИ?
ЎЗИНГИЗНИ ТЕКШИРИНГ
Бир ҳафта мобайнида суҳбатингизни ва хатти-ҳаракатингизни кузатинг. Сўнг ўзингиздан сўранг:
-
Турмуш ўртоғимни неча марта танқид қилдим? Уни қанчалик тез-тез мақтадим?
-
Уни ҳурмат қилаётганимни қай йўсин кўрсатдим?
ТУРМУШ ЎРТОҒИНГИЗ БИЛАН МУҲОКАМА ҚИЛИНГ
-
Қайси ҳаракатлар ва сўзлар туфайли ўзингизга нисбатан ҳурматни ҳис қиласиз?
-
Қайси ҳаракатлар ва сўзларни ўзингизга нисбатан беҳурматлик деб биласиз?
МАСЛАҲАТЛАР
-
Сизга қайси учта соҳада ҳурмат кўрсатишларини исташингизни ёзинг. Турмуш ўртоғингиз ҳам шундай қилсин. Кейин қоғозларни алмашиб, ёзилган соҳаларда бир-бирингизга ҳурмат кўрсатишга интилинг.
-
Турмуш ўртоғингизнинг сизга ёқадиган фазилатларини ёзинг. Сўнг унинг бу фазилатларини қанчалик қадрлашингизни айтинг.
«Эримни ҳурмат қилиш — уни қадрлашим ва бахтли бўлишини истаётганимни ўз хатти-ҳаракатларим билан кўрсатишни англатади. Бу доим ҳам кўзга ташланадиган иш бўлиши шарт эмас. Баъзида кичкина ишлар орқали ҳам уни чин дилдан ҳурмат қилаётганимни кўрсата оламан». (Меган)
Хуллас, ҳамма гап сиз ҳурмат кўрсатяпман ёки кўрсатмаяпман деб ўйлашингизда эмас, турмуш ўртоғингиз ўзига нисбатан ҳурматни ҳис қилаётгани ёки қилмаётганида.
МУҚАДДАС КИТОБДАГИ ПРИНЦИП: «Меҳр-шафқат, меҳрибонлик, камтарлик, мулойимлик ва сабр-тоқат каби ёқимли фазилатларга бурканинглар». (Колосаликларга 3:12)