Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

12- ҚИСМ

Ҳақиқий имонингизни кўрсатишдан тортинманг!

Ҳақиқий имонингизни кўрсатишдан тортинманг!

АЛЛОҲ Ўзининг хизматчиларини, имонлари синалиши тўғрисида огоҳлантиряпти. Унинг Каломида шундай дейилган: «Ҳушёр ва сергак бўлинглар, боиси душманингиз Иблис бирор кимни ютиб юборай деб, шердай бўкириб юрибди» (1 Бутрус 5:8). Қандай қилиб Шайтон имонингизни барбод этишга уриниши мумкин?

Сиз ҳам шундай қаршиликка дуч келганмисиз?

Шайтон яқин кишиларингиздан фойдаланиб, Муқаддас Китобни ўқимаслигингиз учун босим ўтказиши мумкин. Бу борада Исо пайғамбар: «Одамнинг уйидагилари унга душман бўлишади»,— дея башорат қилган (Матто 10:36). Эҳтимол, қариндошу дўстларингиз Муқаддас Китобда ажойиб ҳақиқатлар ёзилганидан бехабардир. Ёки улар бошқаларнинг фикридан қўрқишаётгандир. Ҳар ҳолда, уларнинг нияти ёмон эмас. Бироқ, Муқаддас Китобда: «Одамдан қўрқиш тузоққа илинтиради, Эгамизга умид боғлаган эса хавф-хатардан холи бўлади»,— дейилган (Ҳикматлар 29:25). Агар сиз одамларга ёқай, деб Муқаддас Китобни ўрганмай қўйсангиз, бу Худога ёқадими? Мутлақо! Аммо-лекин, ҳақиқий имонни намоён этганимизда, Аллоҳ бизни ёрлақайди. «Биз эса ҳалок бўлиш учун орқага чекинадиганлардан эмасмиз, балки жонимизни сақлаш ниятида, имонга эга бўлганларданмиз» (Ибронийларга 10:39).

Рисоламизнинг бошида ҳикоя қилинган бир кишининг мисолини эсланг. Аввалига хотини унинг имонига мазах қилганди. Кейинчалик эса, ўзи ҳам эрига қўшилиб, Муқаддас Китобни ўргана бошлаган. Бинобарин, агар сиз тўғри йўл тутишда қунт билан давом этсангиз, қариндошу дўстларингиз сизга қўшилиб кетиши ҳеч гап эмас. Кўп ҳолларда, илгари ишонмаган оила аъзолари, ҳақиқий имонга эга бўлган кишининг «бенуқсон хатти-ҳаракатини ва чуқур ҳурматини» кўриб, «забт этилганлар» (1 Бутрус 3:1, 2).

Бундан ташқари, Шайтон шундай қиладики, одамлар Муқаддас Китобни ўқишга вақт йўқ, деб ўйлашади. Боз устига, Шайтон имонингиз «самарасиз» қолсин деб, кундалик қайғулар, шахсий муаммолар ва пул топиш ташвишидан фойдаланиб, қалбингиздаги «каломни бўғиб қўйишга» ҳаракат қилади (Марк 4:19). Лекин сиз бундай ташвишларга кўмилиб кетишингизга йўл қўйманг! Муқаддас Китобда айтилишича, «абадий ҳаётга эга бўлиш учун, Сени — танҳо ҳақ Худони ва Сен юборган Исо Масиҳни таниб-билиш керак» (Юҳанно 17:3). Ҳа, жаннатда абадий яшаш учун Аллоҳ ҳамда Исо Масиҳ тўғрисида билим олишни тўхтатмаслик зарур.

Ибодатда Аллоҳдан мадад сўранг

Мусо пайғамбар ҳақида бир ўйланг. У киши Мисрда фиръавн оиласига мансуб бўлгани учун бойлик, шуҳрат ва салтанатга интилиши мумкин эди. У эса «гуноҳдан вақтинчалик ҳузур-ҳаловат олишдан кўра, Худонинг халқи билан азоб-уқубат чекишни афзал кўрган». Нега? «Чунки у кўринмас Зотни кўргандай саботли эди» (Ибронийларга 11:24, 25, 27). Дарҳақиқат, Мусо пайғамбарнинг имони кучли бўлган. У ўз манфаатларини бир четга суриб, Аллоҳга хизмат қилишни ҳаётида биринчи ўринга қўйган ва шу йўсин кўп барака топган. Агар сиз ҳам шундай йўл тутсангиз, Аллоҳ сизни ҳам муборак қилади.

Шайтон турли йўллар билан сизни тузоққа илинтиришга уринади. Лекин сиз уни енга оласиз. Зеро Аллоҳнинг Каломида: «Иблисга қарши туринглар, ўшанда у сизлардан қочади»,— деган ундов бор (Ёқуб 4:7). Хўш, қандай қилиб унга қарши тура оласиз?

Муқаддас Китобни ўрганишда давом этинг. Аллоҳнинг Каломини кунда ўқинг. Ундаги таълимотларни тадқиқ қилинг. Маслаҳатларига амал қилинг. Шу йўсин, сиз «Аллоҳ берган барча қурол-аслаҳалар билан қуролланасиз» ва бу сизга Шайтоннинг ҳужумларига қарши туришга кўмаклашади (Эфесликларга 6:13).

Ҳақиқий имони борлар билан алоқада бўлинг. Муқаддас Китобни ўқиб, ўрганаётган ва унга мувофиқ ҳаёт кечираётган кишиларни изланг. Бундай инсонлар: «Севишга ва эзгу ишлар қилишга ундаш учун бир-биримиз ҳақимизда ўйлайлик... бир-биримизга янада кўпроқ далда берайлик»,— дейишади. Улар сизга имонда ўсишга ёрдамлашишади (Ибронийларга 10:24, 25).

Имонли кишилар билан алоқада бўлинг

Тангри Яҳовага яқинлашинг. Ибодатда Аллоҳдан мадад сўранг ва ўзингизни Унга ишониб топширинг. Асло унутманг: Худо сизга ёрдам беришни хоҳлайди. «Бутун ғам-ташвишларингизни Унга [Аллоҳга] ташланглар, чунки У сизларга ғамхўрлик қилади» (1 Бутрус 5:6, 7). «Худо эса Ўз сўзига содиқдир ва У дош бера олмайдиган даражада синалишингизга йўл қўймайди. Аксинча, синовлар пайтида чидай олишингиз учун иложини ҳам беради» (1 Коринфликларга 10:13).

Шайтон Аллоҳни мазах қилиб, инсон муаммоларга дуч келганда, Унга хизмат қилмай қўяди, деб таъкидлаяпти. Сиз эса, Шайтоннинг ғирт ёлғончи эканини исботлаб бериш имконига эгасиз! Парвардигор ҳам сизга: «Доно бўл, қалбимни қувонтир, шунда биров мени танқид қилса ҳам, жавоб қайтара оламан»,— деяпти (Ҳикматлар 27:11). Шундай экан, ҳақиқий имонга эга эканингизни кўрсатишдан тортинманг!