Асосий материалларга ўтиш

Муқаддас Китоб қандай қилиб бизгача етиб келди?

Муқаддас Китоб қандай қилиб бизгача етиб келди?

Муқаддас Китоб қандай қилиб бизгача етиб келди?

Муқаддас Китоб бизнинг кунларгача ўзгармаган ҳолда етиб келгани ҳақиқий мўъжиза! У ёзиб тугатилганидан бери 1 900 йилдан зиёд вақт ўтди. У тез чирийдиган материалларга — папирус қамишидан тайёрланган қоғозга ва ҳайвон терисидан тайёрланган пергаментга ёзилган эди. У ёзилган тилни ҳозир тушунадиган одам оз. Устига-устак, ҳокимиятга эга бўлган кишилар, жумладан императорлар ва дин раҳбарлари жон-жаҳд билан Муқаддас Китобни йўқ қилишга уринишган.

БУ ноёб асар қандай қилиб вақт синовидан ўтиб, энг кенг тарқалган китобга айланди? Келинг, иккитагина омилни кўриб чиқайлик.

Нусха кўчириш

Муқаддас Китобнинг илк матнлари ишониб топширилган Исроил халқи асл нусха ёзилган ўрама битикларни эҳтиёт қилиб сақлаган ва кўпдан-кўп нусхаларини яратган. Масалан, Исроил шоҳларига «Қонундан ўзи учун нусха кўчириб, ўрама битикка ёзсин»,— деб амр этилган эди. (Қонунлар 17:18)

Кўп исроилликлар Муқаддас Ёзувлар Аллоҳнинг Каломи эканини тан олиб, уни яхши кўриб ўқишарди. Махсус таълим олган котиблар ўта эҳтиёткорлик билан нусха кўчиришарди. Худодан қўрқадиган котиблардан бири — Эзра ҳақида шундай дейилган: «У, Исроилнинг Тангриси Яҳова берган Мусонинг Таврот китобини яхши биладиган котиб эди». (Эзра 7:6) Мил. авв. VI—IX асрларда Ибронийча ёзувлардан ёки «Эски аҳд»дан нусха кўчирган масоретлар хатога йўл қўймаслик учун ҳатто матндаги ҳарфларни санаб чиқишарди. Нусхалар шу қадар синчковлик билан кўчирилгани туфайли Муқаддас Китоб матни аниқлигича сақланиб қолди ва душманлар уни йўқ қилиб юборишга уринишганига қарамай, бизнинг кунимизгача етиб келди.

Масалан, мил. авв. 168 йили Сурия ҳукмдори Антиох IV Фаластинда топа олган Ибронийча ёзувларнинг барча нусхаларини йўқ қилишга уринган. Яҳудийлар тарихида шундай дейилган: «Қонунлар ёзилган ўрама битикларини топгач, уларни йиртиб, ёқиб юборишарди». Яҳудийлар энциклопедиясида эса шундай ёзилган: «Амалдорлар бу амрни сўзсиз бажаришарди... Муқаддас Ёзувларга эга бўлиш... ўлим билан жазоланарди». («The Jewish Encyclopedia») Аммо Фаластинда ва бошқа юртларда яшовчи яҳудийлар Муқаддас Ёзувларнинг нусхаларини сақлаб қолишган.

Юнонча ёзувлар ёки «Янги аҳд» ёзилиши тугатилганидан кейин кўп ўтмай уларнинг таркибига кирган илоҳий илҳом билан ёзилган мактублар ҳамда башоратли ва тарихий китобларнинг нусхалари кенг тарқала бошлади. Масалан, Юҳанно баён этган хушхабар Эфесда ёки унинг яқин атрофида ёзилган. Лекин ўша хушхабар нусхасининг бир парчаси, мутахассисларнинг фикрига кўра, у ёзилганидан кейин 50 йил ўтар-ўтмас, Эфесдан юзлаб километр нарида — Мисрда топилган. Бу топилма, узоқ юртларда яшаган илк масиҳийлар яқиндагина илоҳий илҳом билан ёзилган матнларнинг нусхаларига эга бўлишганидан далолат беради.

Худо Каломининг кенг тарқалиши ҳам Масиҳнинг вафотидан юзлаб йиллар ўтиб сақланиб қолишига ҳисса қўшди. Масалан, мил. авв. 303 йили февраль ойининг 23 куни тонг саҳарда Рим императори Диоклетиан аскарлар бир черковнинг эшикларини бузиб, Муқаддас Ёзувларнинг нусхаларини ёндиришаётганини ўз кўзлари билан кўришга келган эди. Диоклетиан Муқаддас Ёзувларни йўқ қилиб, масиҳийликни илдизи билан суғуриб ташлайман деб ўйлаган. Эртаси куни у бутун Рим империяси бўйлаб Муқаддас Китобнинг барча нусхалари омма олдида ёндиришни амр этган. Аммо шунга қарамай, унинг нусхалари сақланиб, кўпайтирилган. Юнон тилидаги Муқаддас Китобнинг иккита нусхасининг аксар қисми бизгача етиб келган. Улар Диоклетианнинг амридан кейин кўп ўтмай кўчирилган бўлиши мумкин. Улардан бири Римда, иккинчиси эса Лондондаги Британия кутубхонасида сақланмоқда.

Гарчи Муқаддас Китобнинг асл қўлёзмалари топилмаган бўлса-да, тўлиқ Муқаддас Китобнинг ёки қисмларининг қўлда кўчирилган минглаб нусхалари бизнинг кунларгача етиб келган. Уларнинг баъзилари жуда эски. Кўчирилаётган пайтда асл нусхадаги хабар ўзгарганми? Олим Вильям Грин Ибронийча ёзувлар ҳақида қуйидагини айтган эди: «Шуни ишонч билан айтиш мумкинки, кўҳна санъат асарларининг ҳеч бири бунчалик аниқ етказиб берилмаган». Муқаддас Китоб қўлёзмалари бўйича етакчи олим Фредерик Кеньон Юнонча ёзувлар тўғрисида шундай деган эди: «Асл нусха билан қўл остидаги энг қадимги ёзма далилларнинг саналари орасидаги вақт шунчалик оз бўлганидан унга аҳамият бермаса ҳам бўлади ва улар бизнинг кунларгача ёзилганидек сақланиб қолганига ҳеч қандай шубҳа қолмади. Ниҳоят Янги аҳд китобларининг ишончлилиги ва сақланиб қолгани масалаларини ёпилди деб ҳисоблаш мумкин». У яна шундай деб қўшиб қўйган: «Умуман олганда Муқаддас Китоб матни ҳеч қандай шубҳа уйғотмайди... Дунёдаги бошқа ҳеч қайси қадимий китоб ҳақида бундай дея олмаймиз».

Муқаддас Китоб таржимаси

Муқаддас Китоб кўп тилларга таржима қилингани сабабли ҳам дунёдаги энг кенг тарқалган китобга айланган. Бу Аллоҳнинг ниятига мувофиқдир, чунки У барча халқлар ўз Яратувчисини таниб-билиб, Унга «руҳ ва ҳақиқат билан» топинишларини истайди. (Юҳанно 4:23, 24; Михо 4:2)

Ибронийча ёзувларнинг биринчи таржимаси, юнон тилидаги Септуагинтадир. У Исонинг ер юзидаги хизмати бошланишидан қарийб икки аср олдин тайёрланган бўлиб, Фаластиндан ташқарида яшовчи юнонзабон яҳудийлар учун мўлжалланган эди. Юнонча ёзувлар ёзиб тугатилганидан кейин атиги бир неча аср ўтиб, тўлиқ Муқаддас Китоб яна кўп тилларга таржима қилинди. Аммо кейинчалик, Муқаддас Китоб халқ мулкига айланишини таъминлашга масъул бўлган шоҳлар ва ҳатто руҳонийлар бунга жон-жаҳд билан тўсқинлик қила бошлашди. Улар Муқаддас Китобни оддий халқ тилига таржима қилишга рухсат бермай, имонлиларни маънавий зулматда сақлашарди.

Ҳукуматнинг ва черковнинг сиёсатига қарамай, довюрак инсонлар ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, Муқаддас Китобни оддий халқ тилига таржима қилишарди. Масалан, Оксфордда таълим олган Вильям Тиндал исмли бир инглиз 1530 йили Ибронийча ёзувларнинг илк бешта китобини — Тавротни нашр этган. Шиддатли қаршиликларга қарамай, у биринчи бўлиб Муқаддас Китобни бевосита иброний тилидан инглизчага ўгирган. Шунингдек, Тиндал Худонинг Яҳова деган исмини қўллаган биринчи инглиз таржимони эди. Муқаддас Китобни испан тилига ўгирган илк таржимонлардан бири — испаниялик Муқаддас Китоб бўйича олим Касиодоро де Рейна ўз фаолияти учун католиклар томонидан мунтазам хавф остида бўлган. Ўз ишини тугатиш учун у турли мамлакатларда: Англия, Германия, Голландия, Франция ва Швейцарияда яшашга мажбур бўлган *.

Бугунги кунда Муқаддас Китоб кўпдан-кўп тилларга таржима қилиниб, миллионлаб нусхада чоп этилмоқда. Унинг сақланиб қолгани ва энг кенг тарқалган китобга айлангани ҳаворий Бутруснинг илоҳий илҳом билан ёзган қуйидаги сўзлари ҳақ эканини тасдиқламоқда: «Ўт қуриб қолади, гул ҳам тўкилади. Лекин Яҳованинг каломи абадий қолади». (1 Бутрус 1:24, 25)

[Изоҳ]

^ абз. 14 Рейнанинг таржимаси 1569 йили нашр этилган ва 1602 йили Сиприано де Валера томонидан қайта кўриб чиқилган.

[Рамка/11- саҳифадаги расмлар]

ҚАЙСИ ТАРЖИМАНИ ЎҚИСАМ ЭКАН?

Кўп тилларда Муқаддас Китобнинг турли таржималари бор. Баъзилари эски тилда бўлиб, уларни тушуниш қийин. Бошқалари эркин ҳикоя каби, матнни аниқ етказиш ўрнига ўқишни осонлаштириш мақсадида тайёрланганга ўхшайди. Айримлари эса луғавий, яъни деярли сўзма-сўз таржима қилинган.

Яҳованинг Шоҳидлари томонидан нашр этилган «Муқаддас Китоб — Янги дунё таржимаси»нинг инглизча нашри, исмлари сир тутилган бир гуруҳ томонидан тўғридан-тўғри асл нусхадаги тиллардан таржима қилинган. Мазкур таржима ўз навбатида яна қарийб 60 тилга ўгириш учун асос бўлиб хизмат қилган. Шунда ҳам ўша тилларнинг таржимонлари тез-тез асл нусхадаги тил билан солиштириб ишлашган. «Янги дунё таржимаси»нинг мақсади — маъносини бузмаган ҳолда, асл нусхадаги матнни имкон қадар сўзма-сўз етказиб бериш. Таржимонлар, Муқаддас Китобнинг асл матни қадимда яшаган одамларга қанчалик тушунарли бўлган бўлса, ҳозирги ўқувчиларга ҳам шунчалик тушунарли бўлиши учун ҳаракат қилишган.

Баъзи тилшунослар ҳозирги Муқаддас Китоб таржималарида, жумладан «Янги дунё таржимаси»да ҳам холислик билан ўгирилмаган ва нотўғри етказилган иборалар мавжуд ёки мавжуд эмаслигини текширишган. Бундай олимлардан бири АҚШнинг Шимолий Аризона университетида диншунослик соҳасида доцент — Жейсон Дэвид Бедун. 2003 йили у «инглиз забон дунёда энг кенг тарқалган Муқаддас Китоб таржималари»дан * тўққизтасини ўрганиб чиқиб, 200 саҳифали бир асар тайёрлаган. У Муқаддас Ёзувларнинг баҳсли деб ҳисобланган айрим парчаларига, хусусан «таржима пайтида кўпинча холисона ёндашилмайдиган жойлари»га алоҳида эътибор қаратган. У юнонча матндаги ҳар бир парчани инглизча таржимаси билан солиштириб, маъносини бузиш мақсадида нохолислик билан ёндашилган жойларни аниқлашга ҳаракат қилган. Натижада у қандай хулосага келган?

Бедуннинг айтишича, аксарият одамлар ва Муқаддас Китоб бўйича олимларнинг кўпи, «Янги дунё таржимаси»га (ЯДТ) уни ўгирганларнинг диний нохолислиги таъсир қилган, деб ўйлашади. У шундай дейди: «ЯДТнинг фарқ қилиши, у сўзма-сўз ва ўта эҳтиёткорлик билан қилинган янада аниқ таржима эканидадир». Гарчи Бедун «Янги дунё таржимаси»даги баъзи ечимларга қўшилмаса-да, умуман олганда уни «кўриб чиқилганлар ичида энг аниқ таржима» деб ҳисоблайди ва ҳатто «энг аъло таржима» деб атайди.

Исроиллик иброний тили олими, профессор Биньямин Кедар «Янги дунё таржимаси» ҳақида шунга ўхшаш фикр билдирган. 1989 йили у шундай деган эди: «Бу асар матнни имкон қадар аниқ етказиб беришга холисона ҳаракат қилинганини ўзида акс эттиради. [...] ...Асл матнда бўлмаган нарсани нохолислик билан “Янги дунё таржимаси”га қўшиб қўйиш нияти борлигини бирор марта пайқамаганман».

Ўзингиздан шундай деб сўранг: «Муқаддас Китобни ўқишдан мақсадим нима? Мен учун нима муҳимроқ: матн аниқ ёки аниқ эмаслигидан қатъи назар, осон ўқилишими ёки илоҳий илҳом билан ёзилган асл матндаги фикрлар имкон қадар аниқ етказиб берилганими?» (2 Бутрус 1:20, 21) Сизнинг мақсадингиз қайси таржимани танлашингизни белгилаб беради.

[Изоҳ]

^ абз. 22 «Янги дунё таржимаси» билан бир қаторда «Янги аҳднинг кенгайтирилган таржимаси» («The Amplified New Testament»), «Жонли Библия» («The Living Bible»), «Янги Америка Библияси, қайта кўриб чиқилган Янги аҳд билан» («The New American Bible With Revised New Testament»), «Янги Америка стандарт Библияси» («New American Standard Bible»), «Муқаддас Библия — Янги халқаро таржима» («The Holy Bible—New International Version»), «Қайта кўриб чиқилган янги стандарт таржима» («The New Revised Standard Version»), «Замонавий инглиз тилидаги Библия» («The Bible in Today’s English Version» ва «Қирол Жеймс Библияси» («King James Version»).

[Расмлар]

«Муқаддас Китоб — Янги дунё таржимаси» кўп тилларда нашр этилган

[12, 13- саҳифадагилар расм]

Масорет қўлёзмалари

[13- саҳифадаги расм]

Луқо 12:7 оятидан бир парча: «Қўрқманглар, сизлар кўпгина чумчуқлардан кўра қадрлироқсиз»

[13- саҳифадаги расмлар манбаи]

Foreground page: National Library of Russia, St. Petersburg; second and third: Bibelmuseum, Münster; background: © The Trustees of the Chester Beatty Library, Dublin