Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Ҳайвонларни қалин сифатида бериш мумкин эди

Биласизми?

Биласизми?

Нима учун қадимда исроилликлар қалин тўлаган?

ҚАДИМДА тўй масаласи келишиб олинаётганда, куёв келиннинг оиласига қалин тўлаган. Бу қимматбаҳо буюм, ҳайвон ёки пул бўлиши мумкин эди. Баъзида эса куёв келиннинг оиласи учун ишлаб берган. Масалан, Ёқуб Роҳилани хотинликка олиш ниятида у учун етти йил ишлаб беришга рози бўлган. (Ибт. 29:17, 18, 20) Қизиқ, бу урф-одатнинг мақсади нима эди?

Кэрол Мейерс исмли илоҳиётшунос шундай деди: «Қиз энди отасининг уйида ишламагани туфайли у қилган меҳнатнинг — бу қишлоқ хўжалиги билан шуғулланган оилаларда муҳим эди — баҳосини тўлаш ниятида қалин берилиши мумкин эди». Шунингдек, бу никоҳ ришталари билан боғланаётган оилаларга ўзаро яқин муносабатларни мустаҳкамлашга ёрдам берарди. Ўша оила аъзолар бир-бирини оғир пайтларда қўллаб-қувватлай оларди. Бундан ташқари, қалин қиз унаштирилганини ва энди отаси эмас, эри унга ғамхўрлик ва уни ҳимоя қилишини тасдиқларди.

Қалин тўлаш аёлни гўёки бирон буюмдай сотиб олиш мумкинлигини англатмасди. Бир китобда қуйидагича ёзилган: «Келиннинг оиласига муайян миқдорда пул ёки шу баҳога тенг бирон нарса бериш Исроилда никоҳни сотиб олса бўлади деган таассурот қолдириши мумкин эди. Лекин бу аёлнинг оиласи учун ёрдам бўлган, холос. Чунки буёғига у улар билан яшамасди». («Ancient Israel —Its Life and Institutions»)

Баъзи мамлакатларда одамлар қалин тўлашда давом этяпти. Масиҳий ота-она қалин беришни сўраганида, ҳаддан ташқари кўп талаб қилмаслиги лозим. Шу йўсин улар: «Мулоҳазакор эканингиз ҳамма одамларга маълум бўлсин»,— деган маслаҳатга амал қилади. (Филип. 4:5; 1 Кор. 10:32, 33) Бундай йўл тутиб, улар «пулпараст» ёки очкўз эмаслигини кўрсатади. (2 Тим. 3:2) Қолаверса, масиҳий ота-она катта қалин талаб қилмаса, куёв уни тўлаш учун тўйни ортга суриш босимини ҳис қилмайди. Ёки уни тўлашга пули етиши учун кун бўйи ишлаш мақсадида кашшофликни қолдиришга мажбур бўлмайди.

Баъзи мамлакатларда қанча қалин тўлаш қонун томонидан белгиланади. Бундай вазиятда масиҳий ота-оналар қонунга бўйсунади. Нега деганда, Муқаддас Китоб масиҳийларни «ҳукмрон ҳокимиятга» ва Худонинг қонунларига зид бўлмаган қонунларга бўйсунишга ундаяпти. (Рим. 13:1; Ҳавор. 5:29)