Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Кийиниш тарзингиз Худони шарафлаяптими?

Кийиниш тарзингиз Худони шарафлаяптими?

Ҳамма нарсани худони шарафлаш учун қилинглар. 1 КОР. 10:31

ҚЎШИҚЛАР: 34, 29

1, 2. Нега Яҳованинг Шоҳидлари кийиниш масаласида юқори меъёрларга амал қилишади? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)

РУҲОНИЙЛАР ўзларининг бир йиғилишида қандай кийинишгани тўғрисида голланд газетаси қуйидагича хабар берганди: «Уларнинг кўпи, айниқса иссиқ бўлганда, эркин кийинади». Бироқ ўша газетада айтилишича, Яҳова Шоҳидларининг анжуманида бундай ҳолат кузатилмайди, зероки, у ерда ўғил-болалар ҳамда эркаклар костюм ва галстукда юришади, қизлар билан аёллар эса замонавий, аммо шу аснода одоб-ахлоқ доирасида бўлган узунликда юбкалар кийишади. Ҳа, Яҳованинг Шоҳидлари ўзларини «покиза кийим, ор-номус ва фаҳм-фаросат билан, худотарс [кишиларга] муносиб равишда» безашаётганлари учун тез-тез мақтов сўзларини эшитишади. (1 Тим. 2:9, 10) Гарчи ҳаворий Павлус бу оятда аёллар ҳақида гапирган бўлса ҳам, ушбу меъёр масиҳий эркакларга ҳам тегишлидир.

2 Яҳовага топинаётган эканмиз, кийиниш қоидалари ҳам ўзимиз, ҳам У учун муҳимдир. (Ибт. 3:21) Муқаддас Ёзувлардан Сарвари Олам Ўзининг содиқ хизматчилари учун кийиниш ва пардоз-андоз борасида оқилона меъёрларни бергани аниқ кўриниб турибди. Шунинг учун, кийим-кечак ва пардоз масаласида чиқарган қароримиз фақатгина ўз хоҳишларимизга асосланмаслиги керак. Бундай қарорларимизда Сарвари Олам Яҳованинг нуқтаи назари ҳам акс этиши лозим.

3. Исроил халқига берилган Худонинг Қонунидан нимани ўрганишимиз мумкин?

3 Тавротда Исроил халқини ўта ахлоқсиз ҳаёт тарзини кечирган қўшни халқлардан ҳимоя қилган қонун-қоидалар қайд этилганди. Масалан, ушбу Қонунда эркак ва аёл ўртасидаги фарқни аниқ кўрсатмайдиган кийиниш тарзидан Яҳова жирканиши ҳақида айтилганди. Таассуфки, ҳозирги кунда ҳам одамлар шундай кийинишади. (Қонунлар 22:5 ни ўқинг.) Ушбу амрдан кўриняптики, эркаклар аёлларга, аёллар эса эркакларга ўхшаб ёки икки жинс орасидаги фарқ деярли кўринмайдиган тарзда кийинишларини Худо ёқтирмайди.

4. Масиҳийларга кийиниш масаласида доно қарорлар чиқаришда нима ёрдам бериши мумкин?

4 Аллоҳнинг Каломида масиҳийларга кийиниш масаласида доно қарорлар чиқаришга ёрдам берадиган принциплар ёзилган. Масиҳийлар қаерда ҳамда қандай иқлим шароитларида яшашидан ва қайси маданиятга мансублигидан қатъи назар, бу принциплар ўз кучини йўқотмайди. Биз қайси кийиниш услуби маъқул, қайси бири эса номаъқул эканини кўрсатувчи батафсил рўйхатга муҳтож эмасмиз, чунки Муқаддас Ёзувлардаги принципларга риоя қиламиз. Улар бизга дидимизга мос равишда кийинишга имкон беради. Келинг, кийимни танлаш масаласида бизга «Тангрининг яхши, мақбул, комил иродаси нимада эканини аниқлашга» ёрдам берадиган Муқаддас Китобдаги баъзи принципларни кўриб чиқайлик. (Рим. 12:1, 2)

«ЎЗИМИЗНИ АЛЛОҲНИНГ ХИЗМАТЧИЛАРИ СИФАТИДА ТАВСИЯ ЭТЯПМИЗ»

5, 6. Кийиниш тарзимиз бошқаларга қандай таъсир қилиши керак?

5 Ҳаворий Павлус 2 Коринфликларга 6:4 даги (ўқинг) муҳим бир принципни ёзишга илҳомлантирилган эди. Ташқи кўринишимиз биз ҳақимизда кўп нарсани аён қилади. Аксарият одамлар «ташқи кўринишимизга» қараб баҳо беришади. (1 Шоҳ. 16:7) Демак, Худонинг хизматчилари эканмиз, кийиниш — бу шунчаки ўзимиз ёқтирган ёки бизга қулай бўлган нарсани кийишдан кўпроқ нарсани ўз ичига оладиган масала эканини тушунамиз. Аллоҳнинг Каломидан билиб олган принциплар бизни ёпишиб турадиган, очиқ-сочиқ ёки шаҳвоний ҳисларни қўзғатувчи кийимларни киймасликка ундаши даркор. Кийган кийимимиз туфайли одамлар бизга бошқача қарашларига ёки ўзларини ноқулай ҳис этишларига йўл қўймаслигимиз керак.

6 Агар орасталик, покизалик ва одоб билан кийиниб, ўзимизни яхши парваришласак, одамлар бизни Сарвари Олам Яҳованинг хизматчилари сифатида кўпроқ ҳурмат қилишлари эҳтимолдан йироқ эмас. Шу йўсин биз уларни Яҳовага жалб қила оламиз. Бунинг устига, муносиб тарзда кийинсак, ташкилотимиз ҳақида яхши таассурот қолдирган бўламиз. Натижада, одамлар биз ваъз қилаётган нажотбахш хушхабарни эшитишга мойилроқ бўлишади.

7, 8. Айниқса қайси пайтда муносиб тарзда кийинишимиз керак?

7 Яҳовага шараф келтирадиган ва хушхабарнинг аҳамиятини оширадиган кийимларни кийиш — муқаддас Аллоҳимиз, имондошларимиз ва ҳудудимиздаги одамлар олдидаги бурчимиздир. (Рим. 13:8–10) Бундай тарзда кийиниш, айниқса, маънавий ишлар билан банд бўлганимизда, жумладан, йиғилишларга борганимизда ёки ваъзгўйликда қатнашаётганимизда муҳимдир. Биз «худотарс [кишиларга] муносиб равишда» кийинишимиз лозим. (1 Тим. 2:10) Тўғри, бир ҳудудда ўринли ҳисобланадиган кийимлар бошқа ҳудудда ўринсиз бўлиши мумкин. Шунинг учун, дунё бўйлаб Яҳованинг Шоҳидлари бошқаларни қоқинтирмаслик учун маҳаллий урф-одатларни инобатга олиб кийинишади.

Кийиниш услубингизда Аллоҳга бўлган ҳурмат акс этяптими? (7-, 8- хатбошиларига қаранг.)

8 1 Коринфликларга 10:31 ни ўқинг. Анжуманларга борганимизда, дунёда кенг тарқалган ўзгача кийиниш услубларига тақлид қилмасдан, муносиб равишда ва одоб билан кийинишимиз зарур. Меҳмонхонада рўйхатдан ўтганимизда ё рўйхатдан чиққанимизда, анжуман дастуридан олдин ва кейин дам олганимизда, ўта эркин ҳамда пала-партиш кийинишдан қочамиз. Шунда ўзимизни Яҳованинг Шоҳидлари сифатида таништиришдан фахрланамиз ва қулай фурсат туғилганда шоҳидлик беришдан тортинмаймиз.

9, 10. Нега Филиппиликларга 2:4 даги сўзлар кийиниш тарзимизга таъсир қилиши керак?

9 Филиппиликларга 2:4 ни ўқинг. Нима учун масиҳийлар уларнинг кийиниш тарзи имондошларга қандай таъсир қилаётганини инобатга олишлари керак? Бунинг бир сабаби шундаки, Аллоҳнинг халқи Муқаддас Китобдаги: «Шунинг учун, ерга хос тана аъзоларингиздаги зино, ҳаром-ҳаришлик, шаҳват... каби эҳтиросларни ўлдиринглар»,— деган маслаҳатга астойдил риоя этиб келяпти. (Колос. 3:2, 5) Биз имондошларимизга бу маслаҳатга амал қилишда қийинчилик туғдирмоқчи эмасмиз. Боиси, ахлоқсиз ҳаёт тарзи билан хайрлашган биродару опа-сингилларимиз ҳали-ҳануз гуноҳли мойилликлари билан курашиб келаётган бўлишлари мумкин. (1 Кор. 6:9, 10) Биз уларнинг бу курашини оғирлаштиришни истамаймиз, шундай эмасми?

10 Имондошларимиз орасида бўлганимизда, кийиниш тарзимиз жамоатимизни ахлоқий поклик гўшасига айлантиришга ёрдам бериши лозим. Бу, жамоат учрашувларида ёки норасмий вазиятларда бирга йиғилганимизда ҳам шундай бўлиши керак. Биз кийиниш масаласида ирода эркинлигига эгамиз. Лекин шундай бўлса ҳам, ҳар биримизда бошқаларга пок қолишга ҳамда ўй-фикрда, сўзда ва амалда Худонинг муқаддас меъёрларига риоя қилишга ёрдам берадиган кийимларни кийиш каби масъулиятимиз бор. (1 Бутр. 1:15, 16) Ахир ҳақиқий севги «одобсизлик қилмайди, ўз манфаатини кўзламайди». (1 Кор. 13:4, 5)

ЖОЙНИ ВА ПАЙТНИ БИЛИБ, ЎРИНЛИ КИЙИНИШ

11, 12. Кияётган кийимимиз ҳақида ўйлаганимизда, нимани эътиборга олишимиз зарур?

11 Кийиниш масаласида қарор чиқарганда Худонинг хизматчилари «ҳар бир нарсанинг, ҳар бир ишнинг вақти» борлигини эътиборга олишади. (Воиз 3:1, 17) Турли иқлимлар, фасллар алмашуви, ўзгарган вазиятимиз ва яшаш шароитларимиз нималарни кийишимизга таъсир қилиши турган гап. Яҳованинг меъёрлари эса об-ҳавога қараб ўзгармайди. (Мал. 3:6, 7)

12 Айниқса иссиқ иқлимларда кийимимиз одоб-ахлоқ меъёрларига тўғри келаётганига, қулай бўлганига ва фаҳм-фаросат ила танланганига амин бўлиш қийин кечиши мумкин. Шунинг учун ҳам, жуда тор ёки жуда кенг бўлгани учун очиқ-сочиқ кўринган кийимларни киймасак, имондошларимиз буни қадрлашади. (Аюб 31:1) Қолаверса, пляжга ёки бассейнга борганимизда ҳам, чўмилиш костюмимиз одоб-ахлоқ меъёрларига тўғри келиши керак. (Ҳик. 11:2, 20) Дунёдагиларнинг кўпи очиқ-сочиқ чўмилиш костюмларини кийса ҳам, бизнинг танловимиз муқаддас Аллоҳимиз Яҳовани шарафлаётганига амин бўлишимиз муҳим.

13. Нима учун 1 Коринфликларга 10:32, 33 даги маслаҳат кийиниш борасидаги танловимизга таъсир қилиши лозим?

13 Бизга муносиб кийимни танлашга кўмаклашадиган бошқа бир муҳим принцип бор. Бу, имондошларимизнинг ҳам, имондошимиз бўлмаган кишиларнинг ҳам виждони ҳақида ўйлашдир. (1 Коринфликларга 10:32, 33 ни ўқинг.) Биз бошқаларни қоқинтириши мумкин бўлган кийимларни киймаслик борасидаги масъулиятимизга жиддий қарашимиз даркор. Зотан, ҳаворий Павлус: «Ҳар биримиз ўз яқинимизнинг фойдасини кўзлаб, унинг мустаҳкамланиши учун кўнглини топайлик»,— деб ёзганди ва бунинг сабабини келтириб, қуйидагича деганди: «Ахир Масиҳ ҳам ўзига маъқул бўлган ишларни қилмаган». (Рим. 15:2, 3) Ҳа, Исо бошқаларга ёрдам беришни шахсий қулайликларидан устун қўйган ва у учун одамларга кўмаклашиш Худонинг иродасини бажаришда муҳим бўлган. Шу сабабли, биз ўзимизга ёқадиган, аммо инсонлар хушхабарни эшитишига халақит берадиган кийиниш услубларидан воз кечамиз.

14. Қай йўсин ота-оналар фарзандларига кийиниш тарзи билан Аллоҳни шарафлашни ўргатишлари мумкин?

14 Масиҳий ота-оналар фарзандларига Аллоҳ Каломидаги принципларни қўллашни ўргатишга масъуллар. Шундай экан, улар ўзлари ва фарзандлари одоб билан кийинаётганлари билан Худонинг қалбини қувонтиришаётганига амин бўлишлари лозим. (Ҳик. 22:6; 27:11) Ота-оналар фарзандларига яхши ўрнак кўрсатиб ва севги ила насиҳатлар бериб, муқаддас Худони ҳурмат қилишга ёрдам бера олишади. Ота-оналар болаларига қаердан ва қандай қилиб муносиб кийимларни топиш мумкинлигини ўргатишлари нақадар яхши-я! Бу дегани, болалар нафақат ўзларига ёққан кийимларни, балки Аллоҳ Яҳовани бошқаларга танитиш вазифасини бажаришларига имкон берадиган кийимларни танлашлари лозим.

ИРОДА ЭРКИНЛИГИДАН ОҚИЛОНА ФОЙДАЛАНИНГ

15. Кийим танлаётганимизда нимани инобатга олишимиз керак?

15 Муқаддас Китобда Худони шарафлайдиган доно қарорлар чиқаришимизга ёрдам берадиган амалий йўл-йўриқлар мавжуд. Албатта, кийимимизда ўзимизга хос дидимиз акс этади. Зеро, моддий шароитларимиз каби, дидларимиз ҳам турфадир. Аммо шундай бўлса-да, кийимимиз ҳамиша ораста, покиза, одоб-ахлоқ меъёрларига тўғри келадиган бўлиши, вазиятга ва маҳаллий урф-одатларга мос келиши зарур.

16. Нега муносиб тарзда кийиниш учун ҳаракат қилиш арзийди?

16 Шуни тан олишимиз керакки, доим ҳам барча омилларни инобатга олган ҳолда доно қарорлар чиқариш осон эмас. Кўплаб дўконларда модада урф бўлган кийимлар сотилади. Шу боис, одоб-ахлоқ меъёрларига тўғри келадиган жуда тор бўлмаган юбка, кўйлак, кофталарни ёки костюм ва шимларни топиш учун кўпроқ вақт ҳамда ҳаракат талаб қилиниши мумкин. Аммо чиройли ва муносиб кийимни топиш учун қилган саъй-ҳаракатларимиз имондошларимизнинг назаридан четда қолмайди. Эҳтимол, Худони улуғлайдиган тарзда кийиниш учун баъзи қурбонликларга боришга тўғри келиши мумкин. Лекин Самовий Отамизни шарафлашдан топган мамнуниятимиз олдида бу ҳеч нарса эмасдир.

17. Биродарнинг соқол қўйишига қайси омиллар таъсир қилиши мумкин?

17 Биродарлар соқол қўйишлари-чи, ўринлими? Тавротга кўра, эркаклар соқол қўйишлари керак эди. Лекин масиҳийлар бу Қонун остида эмаслар ва улардан унга амал қилиш талаб этилмайди. (Лев. 19:27; 21:5; Галат. 3:24, 25) Айрим маданиятларда яхшилаб тарашланган калта соқол ўринсиз ва одоб-ахлоққа зид ҳисобланмайди ҳамда одамларни Шоҳлик хушхабаридан умуман чалғитмайди. Гарчанд баъзи тайинланган биродарлар соқол қўйишса ҳам, бошқалари соқол қўймасликка қарор қилишлари мумкин. (1 Кор. 8:9, 13; 10:32) Аммо бошқа маданиятларда ёки ҳудудларда соқол қўйиш урфга кирмаган ва Яҳованинг Шоҳидларига тўғри келмайди, деб ҳисобланади. Ҳа, соқол қўйиш биродарга кийими ва пардоз-андози билан Худовандга шараф келтиришига ҳамда қусурсиз бўлишига халақит бериши ҳам мумкин. (Рим. 15:1–3; 1 Тим. 3:2, 7)

18, 19. Кийиниш тарзимиз билан Худога маъқул келишга интилар эканмиз, бунда бизга Михо 6:8 қандай ёрдам бера олади?

18 Яҳова кийиниш ва пардоз-андоз масаласида бизни узун қоидалар рўйхати билан чегаралаб қўймаганидан нақадар миннатдормиз! У бизга ирода эркинлигимизни ишга солиб, Муқаддас Ёзувлардаги принципларга асосланган шахсий доно қарорлар чиқаришга йўл қўйиб беряпти. Шунинг учун, ҳатто кийиниш ва пардоз-андоз масаласида «камтар бўлиб, Худонинг йўлидан юрмоқчи» эканимизни намоён эта оламиз. (Михо 6:8)

19 Яҳованинг поклигию муқаддаслигини ёдда тутиб, ўзимизга тўғри баҳо бериб ҳамда Яҳованинг йўл-йўриқларига муҳтож эканимизни тан олиб, бундай камтарликни намоён этамиз. Қолаверса, камтарлигимиз бошқаларнинг ҳис-туйғуларига ва нуқтаи назарига ҳурмат кўрсатганимизда ҳам билинади. Шундай экан, Аллоҳнинг юқори меъёрлари бўйича яшасак ва ўзгаларнинг ҳис-туйғуларию нуқтаи назарига ҳурмат кўрсатсак, «камтар бўлиб, Худонинг йўлидан юрамиз».

20. Кийимимиз ва пардозимиз бошқаларга қандай таъсир кўрсатиши даркор?

20 Кийиниш тарзимиздан Яҳованинг Шоҳидлари эканимиз ҳамда адолатли Худони ўринли тарзда танитаётганимиз имондошларимиз ва бошқаларга яққол кўриниб туриши лозим. Яҳованинг меъёрлари юксакдир ва биз уларга амал қилаётганимиздан бахтлимиз. Имондошларимиз ўзларининг ташқи кўриниши ва яхши хулқ-атвори билан самимий инсонларни Муқаддас Китобдаги нажотбахш хушхабарга жалб қилиб, Яҳовага шараф ҳамда қувонч келтиришаётгани мақтовга сазовордир. Кийиниш масаласида доно қарорлар чиқариш, «шуҳрату улуғворликка бурканган» Аллоҳимизга шон-шараф келтириши турган гап. (Заб. 103:1, 2)