Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Биласизми?

Биласизми?

Нега Исо қасам ичишни қоралаган?

ТАВРОТГА кўра, қасам ичишнинг ўз ўрни бўлган. Аммо Исо яшаган даврда қасам ичиш шунчалик кенг тарқалиб кетган эдики, ҳатто оддий сўзларда ҳам қасам ичиб, ишонтириш одат тусига айланди. Бундай юзаки қасам ичиш кишининг сўзларида ишончни таъкидлаш учун бериларди, бироқ Исо икки маротаба буни қоралаган. У қуйидагича ўргатган эди: «“Ҳа” десангиз, бажаринг, “йўқ” десангиз, гапингизда туринг». (Мат. 5:33–37; 23:16–22)

«Инжилнинг илоҳиёт луғати»га биноан, Талмуд китоби яҳудийларда сўзлари чин эканини тасдиқлаш мақсадида қасам ичиш одати қанчалик кенг тарқалганини кўришга ёрдам беради. Мазкур китобда қайси қасамларни бажариш-бажармаслик шарт бўлгани яхши тушунтирилган. («Theological Dictionary of the New Testament»)

Бу одатни фақатгина Исо қораламаган. Масалан, яҳудий тарихчиси Иосиф Флавий яҳудийларнинг бир мазҳаби тўғрисида шундай деб ёзган: «Улар қасам ичишдан қочишади. Зеро бунга қасамни бузишдан ҳам жиддийроқ қарашади. Сабаби, улар ишонтириш учун Худо билан қасам ичиб гапирадиган кишини ёлғончи деб билишади». Қолаверса, Сираҳнинг ҳикматлари деб танилган яҳудийлар китобида қуйидагича ёзилган: «Қасам ичадиган киши қонунга хилоф иш тутади». Шунинг учун Исо енгил-елпи қасам ичишни қоралаган. Агар доим рост гапирсак, сўзларимиз янада ишончли бўлсин, деб қасам ичиш шарт эмас.