Ўқувчиларнинг саволлари
Нега қўл ювиш амали Исонинг душманлари орасида баҳс-мунозара келтириб чиқарган?
Бу, Исодан ва унинг шогирдларидан айб топиш учун баҳона бўла оладиган кўпгина масалалардан бири эди. Тавротда инсон жинсий аъзоларидан чиққан ажралмалар, тери касаллиги, одам ёки ҳайвоннинг мурдасига тегиш туфайли нопок бўлиши ҳақида айтилганди. Шунингдек, Қонунда инсон қай йўсин покланиши мумкинлиги борасида ҳам йўл-йўриқлар берилганди. Буни қурбонлик келтириш, ювиниш ёки сув сепиш орқали амалга оширса бўларди. (Лев. 11–15- боблар; Саҳ. 19- боб)
Яҳудий дин раҳбарлари мазкур қонунларга ўзларининг қоидаларини қўшиб қўйишарди. Бир манбага кўра, яҳудий дин пешволари инсонни нима нопок қилиши ва бу одам туфайли бошқалар қандай ҳаром бўлиб қолиши ҳақида қўшимча ва ўта батафсил қоидалар ўрнатишарди. Қолаверса, улар қай турдаги идишлар ҳамда буюмлар нопок ҳисобланиш-хисобланмаслиги борасида қоидаларни ва инсонлар покланиш учун риоя қилишлари керак бўлган расм-русумларни ўйлаб топишарди.
Исонинг ғанимлари ундан: «Нега шогирдларинг ота-боболаримизнинг урф-одатларини бузиб, қўлларини ювмай овқат ейишяпти?» — деб сўрашди. (Марк 7:5) Аслида дин раҳбарлари буни гигиена қоидаларига амал қилиш мақсадида айтишмаганди. Дин пешволарининг удумига биноан, инсон овқат ейишдан аввал қўлини ювиши керак эди. Юқорида келтирилган манбада, шунингдек, қуйидаги маълумот ёзилганди: «Қўлни ювиш учун қай турдаги идишлардан фойдаланиш, қандай сувни ишлатиш, ким сув қуйиши ва қўл қайси қисмигача ювилиши ҳам мунозаралар келтириб чиқарган».
Инсонлар ўйлаб топган ушбу ортиқча қоидаларга Исо қандай муносабат билдирганди? Биринчи асрдаги яҳудий дин раҳбарларига у шундай деганди: «Ҳой иккиюзламачилар, Ишаё пайғамбар сизлар ҳақингизда: “Бу халқ тилдагина Мени [Яҳовани] ҳурмат қилади, юраклари эса Мендан узоқдир. Уларнинг Менга топиниши беҳудадир, чунки улар инсон таълимотини Худоники деб ўргатиб юришибди”,— дея ўринли башорат қилган экан. Сизлар Аллоҳнинг амрларини четга суриб, инсонлар чиқарган урф-одатларга риоя қиляпсизлар». (Марк 7:6–8)