Марҳумлар учун қандай умид бор?
БИР неча йил олдин Кореянинг «Чосон ильбо» номли бир газетасида қизиқарли сарлавҳа пайдо бўлди. У ерда: «Исо алайҳиссалом ҳақида ҳеч нарсани билмаган ажойиб Шим Чон дўзахга тушганми?» — деган савол кўтарилганди.
Ушбу сарлавҳа иғволи бўлган, чунки корейс халқ эртагининг севимли қаҳрамони бўлмиш Шим Чон кўр отаси қайта кўриши учун ҳаётини қурбон қилган эди. Йиллар ўтиб, у кўп шуҳрат қозонди. Аслида корейс маданиятида «Шим Чон» фидойи қизнинг намунаси ҳисобланади.
Ҳа, христианликда мажбурий бўлган чўқинтириш ёки сувга чўмиш маросимидан ўтмагани учун Шим Чоннинг дўзахда ёниб куйиши кўплар учун адолатсизлик, ҳатто куфрлик бўлиб кўринди. Қолаверса, бу воқеа Исо алайҳиссалом ҳақидаги хабар Шим Чоннинг қишлоғига етиб боришидан анча аввал юз берган эди.
Мазкур газетада шунингдек, бир руҳоний билан интервью ҳам келтирилган. Исо алайҳиссаломни таниб-билиш имкониятидан маҳрум бўлиб вафот этган барча оловли дўзахга тушадими, деб ундан сўрашганида, у шундай жавоб берди: «Биз билмаймиз. Аммо ҳаммаси [бундай инсонларнинг тақдири] Худонинг қўлида эканини фақат тахмин қилишимиз мумкин».
НАЖОТ ТОПИШ УЧУН ТАЛАБ
Бир энциклопедияда шундай ёзилган: «Чўқиниш нажот топиш учун ўта муҳим. Чунки сувдан ва Муқаддас Руҳдан туғилмаганлар Худо салтанатини кўролмаслигини Масиҳ айтган эди (Юҳанно 3:5)» («The New Catholic Encyclopedia»). Шу сабабли, бундай исботсиз қоидаларга кўра, чўқинмай, яъни христианликка кирмай вафот этганлар дўзахга тушади ёки ўлимидан кейин қандайдир бошқача азоб чекади.
Бироқ, бошқалар бундай фикрни бемаъни деб билишади. Ахир миллионлаб инсонлар Муқаддас Китобни билмай ҳаётдан кўз юмишган-ку. Наҳот энди улар абадий қийноққа лойиқ бўлишса? Бу масалада Муқаддас Китобнинг нуқтаи назари қандай?
МУҚАДДАС КИТОБДА ЁЗИЛГАН УМИД
Аллоҳ, Унинг талабларини билмасдан яшаган одамларга нисбатан қандай муносабатда бўлиши Муқаддас Китобда аниқ кўрсатилган. Ушбу китобда шундай сўзлар бор: «Худо бир замонлар одамлар билимсиз юришига йўл қўйган» (Ҳаворийлар 17:30). Хўш, Худо тўғрисида билиш имконига эга бўлмасдан вафот этганлар учун Муқаддас Ёзувларда қандай умид ёзилган?
Мазкур саволга жавобни қуйидаги сўзлардан топсак бўлади. Исо алайҳиссаломнинг ёнида устунга михланган жиноятчилардан бири унга: «Шоҳ бўлганингизда мени эсланг»,— деб айтганида, у: «Бугуннинг ўзида сенга айтяпманки, сен мен билан бирга Жаннатда бўласан»,— деб жавоб берган эди (Луқо 23:39–43).
Хўш, бу билан Исо пайғамбар ўша киши ҳам осмонга боришини айтмоқчи бўлганми? Йўқ. Чунки ўша киши «сув ва муқаддас руҳдан туғилмаган», яъни у Худонинг Шоҳлигига кириш учун дастлабки шартга мос келмаган (Юҳанно 3:3–6). Аслини олганда, Исо пайғамбар жиноятчига «Жаннатда» бўласан деганда, у ер юзида яна яшашини ваъда берган. У киши яҳудий бўлгани сабабли, Муқаддас Китобда тилган олинган Жаннат, яъни бир пайтлар ер юзида бўлган Адан боғи ҳақида билган шекилли (Ибтидо 2:8). Ҳазрати Исонинг ушбу ваъдаси жиноятчига ерда тикланадиган Жаннатда тирилишига умид берган.
Бошқа сўзлар билан айтганда, Муқаддас Китобда ваъда қилинганидек, «адолатли ва адолатсиз одамларнинг тирилиши» бўлади (Ҳаворийлар 24:15). «Адолатсиз» сўзи остида, Худонинг иродасини билмагани учун Унинг қонун-қоидаларига амал қилмаётган кишилар назарда тутилади. Ҳазрати Исо билан гаплашган жиноятчи ҳам «адолатсиз» кишилар қаторига киради ва у, Худонинг талаблари ҳақида билмаган миллионлаб, эҳтимол ҳатто миллиардлаб бошқа инсонлар билан бирга тирилади. Шунда улар ер юзидаги жаннатда Худонинг қонун-қоидаларини ўрганишади ва уларга амал қилган ҳолдагина Аллоҳга бўлган севгиларини исботлай олишади.
«АДОЛАТСИЗ ОДАМЛАР» ТИРИЛГАНДА
«Адолатсиз» кишилар тирилганда, улар ўтмишдаги қилмишларига яраша ҳукм қилинадими? Йўқ. Чунки Инжилда шундай ёзилган: «Ўлган одам гуноҳдан озоддир» (Римликларга 6:7). «Адолатсиз» кишилар ўз гуноҳлари учун ўлиб, қарзини беришган. Демак, улар ўлишидан олдин Худонинг қоидаларини билмай туриб қилган ишлари учун эмас, балки тирилишдан кейин қиладиган ишлари учун ҳукм қилинади. Қизиқ, ўшанда уларда қандай имконият пайдо бўлади?
Тирилишдан сўнг рамзий китоблар очилганда, «адолатсиз» кишилар Худонинг қонунларини билиб олиш имконига эга бўлишади. Бу одамлар «қилмишларига яраша», яъни Аллоҳнинг қонунларига амал қилгани-қилмагани бўйича ҳукм қилинади (Ваҳий 20:12, 13). Демак, «адолатсиз» кишиларнинг аксарияти учун бу иккинчи эмас, илк имконият бўлади. Яъни, улар Худонинг иродасини билиш ва уни амалда бажариш ҳамда ер юзида абадий яшаш имконига эга бўлишади.
Аллоҳнинг Каломидаги таълимотлар кўпларга Худога бўлган ишончини қайта тиклашга ёрдам беряпти. Ён Суг ҳам шулар жумласидандир. Уни ашаддий католик қилиб ўстиришган. Унинг қариндошларидан баъзилари руҳонийлар бўлишган. Ўзи эса монах аёл бўлишни орзу қилиб, монастирга кирган. У ерда қилинаётган ишларни кўриб, унинг ҳафсаласи пир бўлган ва у монастирни тарк этган. Шунингдек, у оловли дўзахга тушиш таълимотини қабул қила олмаган, чунки одамларнинг оловли дўзахда қийналишини адолатсизлик ва шафқатсизлик, деб билган.
Бир куни Яҳованинг Шоҳиди бўлмиш бир аёл Ён Сугга Муқаддас Китобдан қуйидаги сўзларни кўрсатди: «Ҳаёт бўлганлар ҳеч бўлмаса ўлишларини биладилар, марҳумлар эса ҳеч нарсани билмайдилар. Марҳумлар учун ҳеч қандай мукофот йўқ» (Воиз 9:5). Ўша аёл Ён Сугнинг аждодлари дўзахда қийналмаётганини, аксинча, ҳозир улар шунчаки ухлаб ётганини, келажакда эса улар тирилишини тушунтириб берди.
Ҳали кўп одамлар Муқаддас Ёзувлардаги ҳақиқатни ҳеч қачон эшитмаганини билиб, Ён Суг Исо пайғамбарнинг шундай сўзларини юрагига яқин олди: «Шоҳлик ҳақидаги хушхабар ҳамма халқларга шаҳодат берилиши учун бутун дунё бўйлаб ваъз қилинади. Ана ўшандагина охират бўлади» (Матто 24:14). Ҳозир у хушхабарни бошқаларга айтиб, улар билан Аллоҳнинг Каломидаги умидни баҳам кўряпти.
«ХУДО ЮЗХОТИРЧИЛИК ҚИЛМАЙДИ»
Муқаддас Китобда қуйидаги сўзлар ёзилган: «Худо юзхотирчилик қилмас экан. Аммо Ундан қўрқиб, адолат билан йўл тутган ҳар бир кишини У миллатига қарамай қабул қиларкан» (Ҳаворийлар 10:34, 35). Дарҳақиқат, Худойимиз чиндан ҳам адолатлидир, чунки У «солиҳлигу адолатни севувчи» Аллоҳдир! (Забур 32:5).